Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:53

Сешанба молия бозорлари учун нисбатан яхшироқ бўлди


Нью Йорк биржасидаги асосий кўрсаткичлар душанба куни йўқотган қимматининг катта қисмини қайтариб олди.
Нью Йорк биржасидаги асосий кўрсаткичлар душанба куни йўқотган қимматининг катта қисмини қайтариб олди.

АҚШ ва Европадаги молия бозорларида душанба кунги қийинчиликлардан кейин сешанба куни асосий кўрсаткичлар учун ижобий якунланди. Нью Йорк биржасидаги асосий индекслар 3 фоиздан кўпроққа кўтарилди. АҚШ Марказий банки устама фоиз даражасинини 2013 йилгача чорак фоиз миқдорида сақлаб қолишини эълон қилгани сармоядорлар ишончини бироз оширди.


АҚШ ва Европада давлат қарзлари билан боғлиқ вазиятга доир хавотирларга қарамасдан, сешанба куни иккала қитъа молия бозорларида кўрсаткичларнинг ўсиши кузатилди.

Бир кун аввал акциялар кескин тушиб кетганидан кейин, АҚШнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланмиш Dow Jones учун сешанба кунги савдолар ижобий якунланди. Standard & Poor's 500 ва NASDAQ қоғозлари нархлари ҳам кўтарилди.

Dow Jones душанба куни йўқотган қимматининг катта қисмини тиклаб олди ва савдо кунини 400 пункт ютуқ билан якунлади.

АҚШ Марказий банки кредитлар учун белгиланган устама фоиз даражасини 2013 йилгача 0,25 фоиз даражасида ушлаб қолиш ниятини маълум қилгани сешанба кунги савдога бир мунча таъсир қилди. Кредитлар учун белгиланган бу ҳақ жаҳон молиявий бўҳрони авж олган пайтда - 2008 йилнинг декабрида жорий қилинган эди.

Бу қарор аввалдан кутилганига қарамасдан, акциялар нархининг ўсиши, АҚШ Федерал ғазнаси бу ҳақда эълон қилгачгина юқорилай бошлади.

Ўтган жума куни Standard & Poor's молиявий ширкати Қўшма Штатларнинг кредит рейтингини ААА даражасидан бир поғона пастроққа АА+ кўрсаткичига туширгани жаҳон бўйлаб молиявий бозорларда саросимага сабаб бўлди.

Сешанба куни Нью Йорк биржасидаги савдолар ёпилишидан аввал Dow Jones бириктирган акцияларнинг ўртача қиймати 429,62 пункт ёки қарийб 4 фоизга ошди.

Лондон ва Париждаги савдолар ҳам акцияларнинг кўтарилиши билан якунланди, бироқ Фаркнфурт биржасининг асосий индекси бироз пастлади.

Бироқ Осиё молия бозорларида ижобий ҳолат кузатилди, деб бўлмайди. Токио биржасидаги кўрсаткичлар ўртача ҳисобда 1,68 фоиз пастлади. Шанхай биржасидаги индекслар ҳам кунни мусбат натижа билан якунлади. Ҳонг Конгда акциялар 5,7 фоизга, Жанубий Кореяда 3,9 фоизга арзонлади.

АҚШ кредит рейтингининг пасайтирилиши евроҳудуддаги давлат қарзи билан боғлиқ бўҳрон Италия ва Испанияга ҳам ўтиши мумкин, деган хавотирлар кучайган пайтга тўғри келди.

Европа Марказий банки раиси Жан-Клод Тишет сешанба куни Франкфуртда кузатилган вазият ҳақида буларни айтади.

- Биз кузатаётган ҳодисанинг сабаблари фақатгина битта факторга боғлиқ, деб ҳисобламайман. Бу вазиятга жуда кўп факторлар ҳисса қўшмоқда, 2007 йил августидан бери давом этаётган ўта жиддий бўҳронга қарши кўрилаётган чоралар шулар жумласидандир. Хуллас, бу, айниқса, Lehmann Brothers ширкатининг касодга учрагани Иккинчи Жаҳон урушидан бери энг катта бўҳрондир, - деди Европа Марказий банки раиси.

Бозордаги саросимага ҳисса қўшаётган асосий омиллардан бири Европа ва Қўшма Штатларда ҳукуматлар давлат қарзи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қила олдими, деган хавотирларнинг кучаяётганидадир.

Душанба куни молия бозорларидаги мушкул вазият Россия бозорига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Россия рубли сешанба куни долларга нисбатан 3 фоизга арзонлаб, кейинги олти ой ичидаги энг паст даражага тушди.

АҚШ кредит рейтинги пасайганидан кейин нефт нархининг тушиб кетгани Россияда сармоядорларнинг қимматбаҳо қоғозларни шошилинч тарзда сотишларига туртки бўлди.

Иқтисодий ўсиш шубҳа остида қолаётгани боис, нефт арзонлашишда давом этди ва бир баррел хом нефт 80 АҚШ доллари кўрсаткичидан пастроққа тушди.

Бу, ўз навбатида, иқтисоди асосан нефт экспортига таянган Россия бозоридаги қўрқувни янада кучайтирди.

Россия Бош вазири Владимир Путин ҳукумат ва марказий банк вазиятни кузатаётгани ва тегишли чораларни кўришга шай турганини баён қилди.
XS
SM
MD
LG