Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Фаластинлик қочқинлар Сурия қўшинлари ҳужумларидан қочмоқда


Латакиа шаҳри, 2011 йил 14 август
Латакиа шаҳри, 2011 йил 14 август

БМТнинг маълум қилишича, Сурия ҳарбийлари Лакатияни ўққа тутишни давом эттираётгани боис минглаб фаластинлик қочқинлар шаҳардаги лагерни тарк этишга мажбур бўлган.


15 август куни БМТнинг фаластинликларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) матбуот котиби Кристофер Гуннес Сурия ҳарбий кемалари Лакатия шаҳрини ўтган ҳафта охирида ўққа тута бошлагани боис фаластинлик қочқинлар шаҳардаги лагердан қоча бошлаганини айтмоқда.

Гуннес фаластинлик қочқинлар лагерида тўрт киши нобуд бўлганини қўшимча қилди.

- Биз Лакатия шаҳридаги вазиятдан жиддий хавотирдамиз. Лагеридаги қочқинларнинг ярмидан кўпи - 5 мингдан 10 минггача одам - қочиб кетган. Шаҳар кемалар ва қуруқликдан ўққа тутилгани ҳамда хавфсизлик кучлари қочқинларга кетишни буюрганидан кейин улар лагерни тарк этганлар. Касаллар, ўлаётганларга ёрдам кўрсатиш ва дастурларимизни давом эттириш учун Сурия ҳукуматидан қочқинлар лагерига киришга рухсат берилишини сўрадик,- деди БМТ расмийси.

Суриялик фаолларга кўра, шанба куни ҳарбий амалиётлар бошланганидан бери Лакатияда камида 27 киши ўлган. Душанба куни АҚШ Давлат департаменти Сурия кемалари шаҳарни ўққа тутганини тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Халқаро ҳамжамият, жумладан, араб давлатлари Сурия ҳукумат қўшинларининг Лакатияга қилган ҳужумини қораламоқда.

Душанба куни Сурия қўшниси ва яқин ўтмишда иттифоқчиси ҳисобланган Туркия расмийлари намойишчиларига қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди.

Қон тўкишни тўхтатиш борасида Дамашқ ҳукуматига босим ўтказиш мақсадида ўтган ҳафта Сурияга сафар қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли агар ҳарбий амалиётлар тўхтатилмаса, “кўрилажак чоралар ҳақида ортиқча гапиришга хожат қолмайди” дея баён қилди.

- Дейр ал-Зор ва Лакатияда кеча ва бугун рўй бераётган воқеаларни оқлаб бўлмайди. Рўй бераётган воқеаларни, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан, Суриянинг ички ишлари, дея атаб бўлмайди. Сурия режимини бу ҳаракатларни тўхтатишга яна бир бор чақирамиз. Катта шаҳарларда тинч аҳолига нисбатан кучайиб бораётган зўравонликлар дарҳол ва ҳеч қандай шартсиз тўхтатилиши керак,- деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Халқаро ҳамжамият кескин танқид қилиб келаётганига қарамай, Сурия Президенти Башар ал-Ассадга содиқ кучлар бир неча ойдан бери президент истеъфосини талаб қилаётган намойишларни бостиришни давом эттирмоқда.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, Сурияда март ойида ҳукуматга қарши норозиликлар бошланганидан бери тинч аҳолидан тахминан 1,700 киши ўлдирилган. Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, 12 минг намойишчи ҳибсга олинган.

Дамашқ расмийлари зўравонликлар пайтида хавфсизлик кучларининг 500 нафар ходими ҳалок бўлганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG