Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:08

Тожикистонни Афғонистонга боғлаган кўприклар яна биттага кўпайди


Панж дарёси устида 2007 йили АҚШ ёрдамида қурилган кўприк Тожикистон ва Афғонистонни боғловчи энг катта кўприкдир.
Панж дарёси устида 2007 йили АҚШ ёрдамида қурилган кўприк Тожикистон ва Афғонистонни боғловчи энг катта кўприкдир.

Тожикистон шарқида бу мамлакатни Афғонистон билан боғловчи тўртинчи кўприк қурилди.

Тоғли Бадахшон вилоятининг Ванж тумани яқинида фойдаланишга топширилган Хумроғ кўприги қурилиши учун исмоилийлар пешвоси шаҳзода Оғахон жамғармаси 2 миллион 600 минг сомоний (тақрибан 536 минг АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида кўмак кўрсатган.

Панж дарёси устида қурилган бу кўприк лойиҳаси Тожикистон ва Афғонистон томонидан ишланган эди.

Узунлиги 210 метр, эни эса 5 метр келадиган кўприк қурилишида қарийб 4000 нафар тожикистонлик иш билан таъминлангани айтилади. Расмийларга кўра, эндиликда бу кўприк кунига мингга яқин автомобил қатновини таъминлаши кутилаяпти.

16 август куни кўприкнинг очилиш маросимида сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Хумроғ кўприги қурилишини икки қўшни давлатнинг самарали ҳамкорлиги натижаси ўлароқ баҳолади.

Имомали Раҳмон Тожикистон шарқини Афғонистон билан боғлайдиган кўприк нафақат ўз давлати, балки минтақадаги бошқа давлатлар иқтисодий тараққиёти учун ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Зеро, тожик президентига кўра, бу кўприк Марказий Осиёни Ўрта ва Жанубий-Шарқий Осиё билан боғлайди.

Афғонистон ҳукумати расмийси Муҳаммад Мусо Раҳимий стратегик аҳамиятга эга бўлган бу каби кўприклар давлатларнинг нафақат иқтисодий ўсишига, балки қашшоқлик даражасининг пасайиши ҳамда халқлар ўртасида маданий алоқаларнинг тикланишига ҳам хизмат қилишига ишонади.

- Бу кўприк икки халқ маданий алоқаларининг тикланиши ва ўзаро иқтисодий ҳамда тижорий мақсадлар учун жуда катта аҳамиятга эга. Кўприк Тожикистон ва Афғонистон билан бирга минтақадаги бошқа республикалар халқларининг борди-келдиси учун ҳали кўп йиллар хизмат қилади. Бундан хабардор бўлган халқларимиз бугунги кунда ниҳоятда хурсанд, - деди Муҳаммад Мусо Раҳимий.

Афғонистонлик мулозимга кўра, Хумроғ кўприги фойдаланишга топширилиши ортидан Афғонистон ва Тожикистоннинг чегараолди ҳудудларида бозор ва савдо дўконлари иш бошлайди.

- Бу эса халқ фаровонлиги, улар турмуш тарзининг яхшиланишига имконият яратади, - дея қўшимча қилади Муҳаммад Мусо Раҳимий.

Тожикистонда бу мамлакатни Афғонистон билан боғлайдиган яна учта шундай кўприк мавжуд. Улар Хоруғ туман маркази яқинидаги Тем ва Дарвоз туманидаги Дарвоз ҳамда қуйи Панждаги Панж кўприкларидир.

Тем ва Дарвоз ҳам Оғахон ташкилоти сармояси эвазига қурилган. Панж кўпригини эса АҚШ қуриб берган.

Расмий маълумотларга кўра, 2002 йилда фойдаланишга топширилган Дарвоз ва Тем кўприкларидан шу кунгача 16 минг афғонистонлик ва тожикистонлик фуқаро фойдаланган. Бу кўприкдан қиймати 6 миллион долларга тенг тижорат моллари олиб ўтилган.

Аснода хавфсизлик соҳасидаги мустақил таҳлилчилар мазкур кўприкларнинг минтақада наркотиклар оқими ошишига ҳам имконият туғдирганини урғуламоқда.

Таҳлилчиларга кўра, минтақа мамлакатларини Афғонистон билан боғлайдиган кўприк ва автомобил йўлларининг кўпайиши минтақада гиёҳванд моддалар транзити фаоллашишига ҳам таъсир қилмай қолмайди.

Тожикистонлик академик Раҳим Масов фикрича, Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг бошқа кутилмаган салбий жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин.

- Инфраструктурамизни ривожлантириш режасини амалга оширишдан аввал уни ақл тарозисида тортиш керак. Тўғри, Ўзбекистон йўлларимизни тўсиб қўйгандан кейин муқобил йўллар қуришдан бошқа чорамиз қолмади. Лекин афғонлар миллий ва мазҳабий масалаларда қаттиқроқ эканини унутмайлик. Мана, натижасини кўраяпмиз. Ҳозиргача жанг қилиб, бир-бирларини ўлдираяпти. Тағин бир кун келиб, бу томонда ҳам мазҳаб масаласини кўтариб, қўзғолон кўтариб ўтирмасинлар, - дейди тожик академиги Раҳим Масов.

Мустақиллик даврида минтақадаги сув заҳиралари ва энергетика масалалари атрофида Тошкент ва Душанбе ўртасида авж олган баҳслар ортидан Тожикистон ҳукумати мамлакатни Ўзбекистон йўлларига қарамликдан қутқариш муқобил йўлларини излай бошлади.

Бу режаларнинг амалга оширилишида иқтисоди ночор Тожикистонга бир қатор хорижий давлатлар, жумладан, минтақада геосиёсий манфаатлари бўлган АҚШ, Эрон ва Хитой каби йирик давлатлар ёрдам қўлини чўзмоқда.

Жумладан, қуйи Панж кўприги қурилиши учун Америка ҳукумати 37 миллион доллар сармоя ётқизган эди.

Таҳлилчиларнинг айтишича, мазкур кўприкдан НАТО кучларининг ноҳарбий юкларини Афғонистонга етказиб бериш чоғида фойдаланилган.
XS
SM
MD
LG