Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:04

“Жаҳон банки тавсияси Душанбега нисбатан босимдир”


Жаҳон банки халқаро экспертлари илк хулосасидан норози бўлган айрим сиёсатчилар ва таҳлилчилар ана шундай баёнот билан чиқмоқда.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги масъуллари Жаҳон банкининг Роғун ГЭСи биринчи навбати қурилишини бошламай туриш борасидаги тавсияси атрофида ҳамон баҳс давом этаётганини билдирди.

- Бу борада ҳозирча бирор аниқ гап айта олмайман. Чунки ҳозир ҳам баҳс-мунозаралар давом этмоқда, - деди Энергетика вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддинов.

Тожикистон ҳукумати жорий йил ноябр ойида Вахш дарёсини тўсиш ва Роғун ГЭСининг баландлиги 120 метр тўғонли биринчи навбатини қуришга қарор қилганди. Тожик расмийлари режасига кўра, Роғуннинг дастлабки икки агрегати 2014 йилда ишга туширилиши керак эди.

Бироқ куни кеча Жаҳон банкининг халқаро экспертлар гуруҳи Тожикистон ҳукуматини бу режасидан тийилиб туришга даъват этди.

Тожикистон раҳбарияти мазкур йирик гидроиншоот қурилишига хорижий сармоядорларни жалб қилиш бўйича Жаҳон банкидан қаттиқ умид қилиб турган эди. Аммо бу нуфузли ташкилотнинг кечаги тавсияси тожик расмийларини анча ўйлантириб қўйгани сезилади.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг Энергетика ва саноат қўмитаси аъзоси Шоди Шабдолов Жаҳон банки тавсиясини Тожикистон ҳукуматига нисбатан сиёсий босим ўлароқ изоҳлайди.

Унингча, аслида ишлари минтақа сиёсатига қоришган Жаҳон банки экспертларининг хулосасидан қатъий назар, ҳукумат ўз режасини кечиктирмаслиги лозим.

- Дейлик, Жаҳон банки экспертлар гуруҳи: “Роғунни 20 йилдан кейин қуринглар” деса, қараб туравериш керакми? Бир неча йилдан кейин Норак ГЭСининг лойқага тўлган сув омбори батамом ишга яроқсиз бўлиб қолади-ку бунақада. Бунинг ортидан Сангтўда ГЭСларию, Бойғози ГЭСи ҳам иқтидорини йўқотади. Зеро, Роғун сув омбори ана шу гидроиншоотларни сув билан таъминловчи асосий манба саналади. Агар Тожикистоннинг мақсади фақатгина электр ишлаб чиқарувчи йирик ГЭС қуриш бўлганида эди, Даштижум ГЭСини қурган бўлар эди. Лекин Роғунни қуришдан асосий мақсад Вахш бўйида қурилган ГЭСлар каскадини ҳалокатдан қутқаришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, Жаҳон банки экспертларининг оғзига қараб ўтиришга ва ГЭС қурилишини бир кунга ҳам кечиктиришга ҳаққимиз йўқ, - дейди депутат Шоди Шабдолов.

Тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов депутатнинг фикрларини қувватлайди.

- ГЭС лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза ниҳоясига етгунича сув омборини 40 метргача баландликда қуришга ҳаққимиз бор. Чунки ана шу баландликда қурилган аввалги тўғон 1993 йилда сурункали селлар туфайли емирилиб кетганди. Республика аҳолиси Роғун акцияларини сотиб олиш билан бу гидроиншоот қурилиши тарафдори эканини кўрсатди. Роғун қурилишини тўхтатиб қўйишга ҳукуматнинг маънавий ҳақи йўқ, - дейди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Бошқа бир таҳлилчи Искандари Фируз эса Тожикистон ҳукумати Жаҳон банки олдидаги мажбуриятларини бажариши шартлигини таъкидлайди.

Гап шундаки, ўтган йили Тожикистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида имзоланган шартномага кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасини техник ва иқтисодий, экологик ва ижтимоий баҳолаш натижалари чиқарилиб, бу дарёлар қуйисидаги мамлакатлар муҳокамасидан ўтмагунича Душанбе қурилишни бошламай туриш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

- Тожикистон халқаро экспертиза натижасини кутиш борасида Жаҳон банки билан келишув имзоладими – энди уни кутиши шарт, деб ўйлайман. Баҳолаш тадқиқотлари якунигача яна 8 ой вақт қолдики, бу унчалик катта муддат эмас. Ана шу муддат тугагандан кейин Тожикистон бемалол ва мустақил тарзда қурилишни бошлашга ҳақли. Лекин мабодо Тожикистон Жаҳон банки тавсиясига ва унинг билан имзоланган келишувга хилоф иш тутса, у ҳолда Тожикистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўси тўкилиши турган гап, - дейди мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.

Жорий ҳафта бошида Жаҳон банки экспертлар гуруҳининг Тожикистонга ўн кунлик иш сафари ниҳоясига етганди. Ўз сафари давомида бу гуруҳ Роғун, Норак ГЭСларида бўлди. Халқаро консультантлар Тожикистон ҳукуматига ГЭСнинг баландлиги 120 метр тўғонли биринчи навбати қурилишини шу кунда зудлик билан бошламасликни тавсия қилди.

Улар ўзларининг бу тавсиясини Вахш дарёсида чўкиндилар ҳажми катталиги билан изоҳлаганлар.

Шунингдек, Жаҳон банки экспретлар гуруҳи Роғун сув омбори қурилиши режалаштирилган ҳудуддан ҳозирда аксарияти норози бўлган маҳаллий аҳолини кўчириш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтган.

Жаҳон банки экспертлар гуруҳи Роғун лойиҳасини халқаро баҳолаш якуний хулосасини 2012 йил баҳорида эълон қилиши кутилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, Роғун ГЭСи тўғон баландлиги 335 метрни ташкил қилиши керак.
XS
SM
MD
LG