Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

Тожикистон собиқ маҳкумаларни Ўзбекистонга топширди


Комила Маҳкамова Тожикистонда қамалиб, яқинда авф қилинган олти нафар ўзбекистонлик аёлнинг биридир.
Комила Маҳкамова Тожикистонда қамалиб, яқинда авф қилинган олти нафар ўзбекистонлик аёлнинг биридир.

Тожикистондаги Норак қамоқхонасидан озод этилган ўзбекистонликлар 24 август куни ўз юртига қайтариб юборилди.

“Авф тўғрисидаги қонун” амалга татбиқ этилиши ортидан Тожикистон жанубида жойлашган Норак аёллар қамоқхонасидан 23 август куни озодликка чиққан 112 маҳкуманинг олти нафари Ўзбекистоннинг турли вилоят ва туманлари фуқароси эди.

Бу аёллардан беш нафари чегарани ноқонуний бузгани ва яна бири эса тилла буюмлар контрабандаси учун қамалган экан.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон томонидан авф этилган ўзбек аёлларидан баъзилари мухбирингиз билан суҳбатда ўз юртига қайтишни истамаётганларини айтди.

- Қайтмоқчи эмасман Ўзбекистонга. Қолмоқчиман шу ерда яшаш учун, у ерда менга муаммо бўлади. Чунки у ерда менинг ҳеч кимим йўқ. Ота-онам Россияда, ҳеч кимим йўқ, - деди ўтган йили чегарани ноқонуний бузганликда айбланиб, икки йилга қамалган сирдарёлик Комилахон Маҳкамова.

Бошқа суҳбатдошимиз олти фарзанднинг онаси Сафаргул ҳам юртига қайтиш ниятида эмаслигини айтди.

- Бизга озодлик берди, раҳмимизни еди, президентларига раҳмат. Энди илтимос қиламанки, Тожикистонда қолсам, умримнинг қолганини шу ерда ўтказсам. Ўз юртимга боришни хоҳламайман, шу ерда қолишни хоҳлайман, - дея бир неча марта такрорлаган бўкалик Сафаргул ўз қарорини оиласи томонидан зўровонликка учраши мумкинлиги билан изоҳлади.

Ўзбекистоннинг Бекобод туманида яшаган 35 ёшли Фарида Тошбоева ҳам ортга қайтмоқчи эмас. Ўзаро суҳбатда икки фарзанднинг онаси бўлган Фаридахон Ўзбекистонда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари тазйиқига учрашидан қўрқишини айтди.

Фарида Тошбоеванинг айтишича, у ўтган йили Тожикистон Жиноят кодексининг 244-моддаси ёки тилла буюмлар контрабандасида айбланиб, тўрт йилга қамалган.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов хорижий фуқароларни ўз юртига қайтариш борасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида имзолаган шартномага мувофиқ, озодликка чиқарилган ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳаммаси юртига қайтарилиши шартлигини маълум қилди.

- Булар чегарада топширилади, у ерда кутиб олишади. Кейинчалик ҳужжатларини қонунийлаштириб, ортга қайтишлари мумкин. Ўшандан кейин фуқаролик оладими, турмушга чиқадими - у ўзининг иши. Лекин қамалиб чиққандан кейин улар албатта ортга қайтарилиши керак, - дер экан ўзбек дипломати Раҳимжонов ўзбекистонлик фуқаролар кўпинча чегара қоидаларини бузгани учун Тожикистон маҳкамаларига тортилаётганини қўшимча қилди.

Президент Имомали Раҳмон томонидан авф этилган бекободлик Роҳила Султонова ўтган йили тижорат қилиш мақсадида Сўғд вилоятига ўтганининг иккинчи куни хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва икки йилга кесилган.

40 ёшли Роҳилахон ўзи билмаган ҳолда жиноятга қўл урганини айтади.

- Товарга келдик, олиб чиқиб кетаётган вақтимиз бизни КГБ (Миллий хафвсизлик қўмитаси ходимлари демоқчи – таҳр.) ушлади. Визамиз йўқ эди. Билмасдан биров орқали “шу жойда товар бор” деса, келаверганмиз сўрамасдан-билмасдан. Билганимизда шу ишни қилармидик, билмаганмиз-да, - дейди Роҳила Султонова.

Бекободлик Роҳилахон бошқа юртдошларидан фарқли равишда Ўзбекистонга қайтиб кетиш истагини билдирди.

Ўтган етти ой Норак аёллар қамоқхонасида сақланган Роҳила Султонова Ўзбекистондаги ишсизлик, ижтимоий ва иқтисодий оғир аҳвол кўпчилик юртдошларини минтақа мамлакатлари, жумладан, қўшни Тожикистон бозорларида тижорат билан шуғулланишга мажбур қилаётганини қўшимча қилди.

Аммо ўзбекистонлик собиқ маҳкумалар билан суҳбат давомида уларнинг айримлари Тожикистонга бошқа мақсадларда ўтганлари ёки олиб келинганларини маълум бўлди.

Исми сир қолишини сўраган Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри фуқароси алдов йўли билан Тожикистонга келиб қолганини айтди.

- Ёшлик қилиб, бир-иккитасининг гапига кириб, ўтган эдим бу ёққа. Ёшлигимда алдаб олиб келишди. Ўзимнинг ўртоқларим қилишди. Иккинчи бу ишларни қилишни истамайман, ота-онамнинг гапига кириб, тўғри йўлда юраман, - дейди бир йил қамоқда ўтирган 20 ёшли сирдарёлик суҳбатдошимиз.

Озодликка чиққан олти нафар ўзбекистонлик аёлнинг уч нафари ватанига қайтишни истамаганига қарамай, бугун куннинг иккинчи ярмида маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси ўз юртига қайтариб юборилган. Бу борада Озодликка Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси расмийлари маълум қилди.

Мазкур идора расмийси Нуриддин Раҳмоновнинг гапига ишонадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси Тожикистон ҳукуматидан ўзбек фуқароларига бошпана бермасликни сўраган ва улар шу асосда қўшни мамлакат расмийларига топширилган.
XS
SM
MD
LG