Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:25

“Айрин” 19 одам ҳаётига зомин бўлди


АҚШда “Айрин” тўфони оқибатида камида 19 одам ҳалок бўлди, 6,6 миллиондан зиёд одам электрсиз қолди.

АҚШнинг Атлантика соҳилларидаги еттита штатида “Айрин” тўфони оқибатида камида 19 одам қурбон бўлди.

Айни пайтда АҚШнинг Ню Жерси, Пенсилвания, Ню Йорк, Массачусетс, Вермонт ва Ню Гемпшир штатларида сув тошқини хавфи сақланиб қолмоқда.

Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида бўлган Озодлик мухбири Фаррух Юсуфийга кўра, “Айрон” талофати кутилганидан камроқ бўлган.


Бостонда тўфон талафотлари.

- Массачусетс штатида кутилганидек қаттиқ бўрон бўлмади. Лекин ташқарида шамол бўлди. Одамни учириб юборадиган даражада эмас-у, лекин кучли шамол бўлди. Бир-иккита дарахтлар синиб тушди. Энг катта муаммо Ню Йорк шаҳрида бўлиши кутилаётган эди. Лекин Ню Йоркда ҳам у даражада катта талафот бўлмади. Шаҳарни сув босиши ёки метрога сув қуйилиши башорат қилинаётган эди, бу нарсалар кузатилмади. Лекин шаҳарнинг шарқий соҳилларида дарёлар қирғоқларидан бироз кўтарилиб, ташқарига чиққан. Кечадан бошлаб Шимолий Каролинадан юқори штатларда, Делавер, Пенсилвания, Вержиния, Мерлен штатларида одамлар бўронга тайёргарлик кўришиб, озиқ-овқат ғамлашни бошлашди. Оқибатда дўконларда озиқ-овқат тақчиллиги бироз кузатилди. Ундан ташқари, бензин бўйича ҳам озгина тақчиллик юзага келди, - деди ҳозирда Бостонда бўлган Фаррух Юсуфий.

Америкадаги "Айрин" талафотлари.

Айни пайтда Антлантика соҳилидаги Вермонт штатида кучли ёмғир тўхтамаяпти. Бир қанча кичик шаҳарларда сув тошқини юзага келди.

Президент Барак Обама “Айрин” хавфлилик жиҳатидан тропик довул даражасига пасайганини, бироқ ҳануз хавф сақланиб қолганини билдирди.

Ню Йоркда ҳануз тошқин ва электр узилишлари бўлиш хавфи кучлилигича қолаётганини таъкидлаган шаҳар мэри Майкл Блумбер аҳолини уйидан чиқмай туришга чақирди.

- Биз бунга тайёр эдик. Биз астойдил ишладик. Биз жамоатчиликни огоҳлантирдик, биз Она табиат томонидан содир этиладиган ишлар билан ҳисоблашимиз керак бўлади. Сизнинг хавфсизлигингиз, сизнинг шахсий хавфсизлигингиз ўзингизга боғлиқ. Ню йоркликлар айни пайтда хонадонларингизда қолишларингиз шарт, - деди Майкл Блумбер.

АҚШнинг сўнгги ўн беш йиллик тарихида энг катта тўфон ҳисобланаётган "Айрин" довули 27 август куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7.30 ларда Шимолий Каролина штати қирғоқларига етиб келди.


АҚШнинг 65 миллион аҳоли яшайдиган ҳудуди ҳали-ҳануз тўфон хавфи остида қолаяпти.

Тўфон хавфи туфайли Американинг Шимолий Каролина, Мэриленд, Делавер, Ню Жерси ва Ню Йорк шаҳарларида аҳоли оммавий равишда эвакуация қилинди.

АҚШ бўйлаб хавфли ҳудудлардан жами 2 миллиондан зиёд одам хавфсиз жойларга кўчирилди.

“Айрин” тўфони ортидан Доминика, Пуэрто-Рико, Ҳаити ва Кубада жиддий талафотлар кузатилди.

Пуэрто Рикода кучли шамол ва ёмғир туфайли электр энергияси узилиши ортидан 800 минг одам, Америка бўйича эса жами 6,6 миллион одам чироқсиз қолди.

АҚШ авиакомпаниялари 6000 дан зиёд халқаро парвозларни бекор қилди.

Суғурта соҳаси мутахассисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, тўфон келтирган зарар 7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG