Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Қаддафий таслим бўлмоқчи эмас


1 сентябр куни полковник Муаммар Қаддафий таслим бўлмаслигини айтиб, тарафдорларини жангни давом эттиришга чақирди.

1969 йилнинг 1 сентябр куни давлат тўнтариши орқали Ливия ҳукумати бошқарувини эгаллаган ва орадан 42 йил ўтиб халқ исёни ортидан тахтдан ҳайдалган Муаммар Қаддафий Ливия халқига мурожаат қилди.

“Ал-Арабия” телеканали орқали эфирга узатилган аудиомурожаат орқали Қаддафий таслим бўлиш нияти умуман йўқлигини айтиб, ўз тарафдорларини исёнчиларга қарши жангни давом эттиришга чақирди.

“Ливия қонга белансин, майли, аланга олсин, майли. Бўш келманг ва охир-оқибат ғалаба қозонамиз” деди Қаддафий ўз мурожаатида.

Полковник Қаддафий ливияликларни бугунги кунда исёнчилар ва халқаро ҳамжамият томонидан унга қарши айтилаётган гап-сўзларга ишонмасликка чақирди.

- Эшитаётганингиз барчаси ёлғон. Бу ёлғонга қарши қурол билан, ўқ билан курашинг. Майли Ливия халқи номидан ўқлар гапирсин. Агар улар биз билан узоқ давом этадиган урушни хоҳлар экан, майли шундай бўлсин. Биз шаҳардан шаҳаргача курашамиз, биз водийларда, тоғларда курашамиз. Майли уруш узоқ давом этсин ва биз уларга Ливия ва Ливия халқини бошқариш қудратига эга эмасликларини кўрсатамиз, улар бизнинг қуролланган қабилаларимиз ва қуролланган халқимизни бошқара олмайдилар, деди Қаддафий аудиомурожаати орқали.

Шунингдек, у “Ливия халқи тиз чўкмайди, таслим бўлмайди, биз аёл киши эмасмиз” дея қўшимча қилди.

Ушбу аудиомурожаат эълон қилинганидан бироз ўтиб “Ал-Арабия” телеканали Ливиядаги ҳукмронлигининг 42 йиллиги муносабати билан кўчада одамлар билан учрашиб, улар қутловларини қабул қилаётган Қаддафийнинг видео тасвирларини ҳам эфирга узатди.

Бир кун аввал эса Қаддафийнинг ўғилларидан бири Сайфул Ислом ҳам исёнчилар билан жангни давом эттиришга чақириб, "қаршилик кўрсатиш давом этаётгани ва ғалаба яқинлиги"ни айтиб, отаси Қаддафийнинг она шаҳри Сиртда "20 минг қуролланган аскар борлиги ва улар жангга тайёр" эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда Триполидаги ливиялик исёнчиларнинг таъкидлашича, Қаддафийнинг бошқа бир ўғли Саадий Қаддафий исёнчилар билан жангни тўхтатиш борасида музокаралар олиб бориб, асирга тушишга тайёр эканлигини билдирган.

Триполидаги Миллий кенгаши қўшинлари командири Абдулҳаким Белҳаж, агар Саадий Қаддафий асир тушса, унинг хавфсизлигини таъминланишга ваъда берган.

1 сентябр куни Парижда ўтказилган Ливия келажагига доир халқаро конференция иштирокчилари Ливиянинг хориж банкларида музлатилган кўпмиллиардли маблағларини "юмшатишга" қарор қилдилар.
Париж конференциясида 60 дан зиёд давлат лидерлари иштирок этди.

Париж конференциясини Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан биргаликда бошқарган Франция президенти Николя Саркозига кўра, қарийб 60 та давлат ва халқаро ташкилотлар лидерлари "бугунги Ливия" равнағига сарфланадиган бу маблағларни ишлатиш учун рухсат беришга қарор қилганлар.

Жумладан, Франция Ливиянинг 1,5 миллиард евролик музлатилган маблағларига рухсат берди.

1 сентябр куни Британиянинг ҳарбий самолёти Ливиянинг музлатилган пулларидан 227 миллион долларини Бенғази шаҳрига етказди.

АҚШ ҳам Қаддафий режимининг 1,5 миллиард долларлик музлатилган пулларидан 700 миллионини Ливияга жўнатди.

Бу маблағлар дунёнинг 30 дан ортиқ давлатини тан олган Ливия Миллий ўтиш кенгашига топширилади.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Ливиядаги 28 объектга, жумладан, порт, банклар ва нефть компанияларига қўйилган санкцияларни бекор қилди.

Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил тинчлик, тенглик ва хавфсизликни таъминлашга ваъда берди.

Британия Бош вазири Дэвид Камеронга кўра, НАТО ҳарбийлари Қаддафий ва унинг тарафдорларидан келадиган хавф бартараф этилмагунга қадар Ливияни тарк этмайди.

Дунё лидерлари Ливияда ёпилган элчихоналари фаолиятини ҳам тез орада йўлга қўйишга ваъда бердилар.

Париж конференциясида қатнашган БМТ бош котиби Бан Ки Мунга кўра, Ливиядаги бугунги бўҳрон ўта хавотирли.

- Дори-дармонлар, озиқ-овқат, ичимлик суви, ёқилғи –булар барчасида катта етишмовчилик кузатилаяпти, гап жиддий бўҳрон ҳақида кетаяпти. Вазият ўта жиддий. Яқин кунлар ичида бу масала БМТ Хавфсизлик кенгашида кўрилади, деди Бан Ки Мун.

Айни пайтда, бугун Ливиядаги исёнчилар мамлакат собиқ раҳбари Муаммар Қаддафий туғилиб ўсган Сирте шаҳри таслим бўлиши учун 3 сентябргача белгиланган муддатни бир ҳафтага узайтирди.
XS
SM
MD
LG