Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:58

Ўзбекистоннинг мўъжизалари аниқланди


Улуғбек обсерваторияси Ўзбекистондаги 8 мўъжизанинг бири.
Улуғбек обсерваторияси Ўзбекистондаги 8 мўъжизанинг бири.

Дунёнинг етти мўъжизаларидан фарқли ўлароқ, ўзбекистонликлар саккиз мўъжизани аниқлашди.

Ўзбекистондаги uforum иштирокчилари бир неча ой давомида Ўзбекистон мўъжизаларига овоз беришди. Ушбу сўровномани уюштирганлардан бири тошкентлик блогер Евгений Скляревский бир неча ой давом этган муҳокамани эслайди:

Самарқанддаги Регистон майдони.

- Дастлаб фойдаланувчилар "Ўзбекистон мўъжизаси" дея ҳисоблаш мумкин бўлган иншоотни кўрсатиш имкониятига эга эди. Энг аввало "мўъжиза" дея нимани ёки кимни назарда тутишни аниқладик. Одамларми, иншоотларми? Шундан сўнг иншоотлар ва Ўзбекистоннинг табиат мўъжизаларини номзод қилиб кўрсатдик. Шунга кўра, биз 7 мўъжизани эмас, балки Ўзбекистоннинг саккиз мўъжизасини аниқладик, - дейди тошкентлик блогер Евгений Скляревский.

Бухородаги Арк.

Uforum сўровномасига кўра, мўжиза деб аталишга лойиқ 41та объект қўйилди. Улар орасида тарихий обидалар, табиат мўъжизалари, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги асрда барпо этилган иншоотлар бор эди. Сўровнома якунига кўра, Ўзбекистонда қуйидаги мўъжизалар аниқланди: Самарқанддаги Улуғбек обсерваторияси, Самарқанддаги Регистон майдони, Хивадаги Ичанқалъа, Чорвоқ ва Чорвоқ ГЭСи, Бухородаги Арк комплекси, Тошкент метроси, Катта Фарғона канали, Тошкентнинг зилзиладан сўнг тикланиши.

Хивадаги Ичанқалъа.

- Дунёнинг етти мўъжизасини аниқлаш ғояси бор эди. Ундан сўнг кўпчилик замонавий етти мўъжизани аниқлашга киришган эди. Россияда ҳатто сайт қилиб, овоз бериб, Россиянинг етти мўъжизаси аниқланган эди. Биз ҳам Ўзбекистоннинг етти мўъжизасини тор гуруҳда аниқлашни ният қилдик. Ўзбекистон миқёсида бундай сўров ҳали ўтказилмаган, - дейди сўровномада фаол иштирок этган блогер.

Суҳбатдошимиз тор доирада ўтказилган сўров натижалари Ўзбекистон миқёсида ўтказилганда ҳам ўзгармайди, деган фикрда.

Тошкент метрополитени ҳам мўъжизалар қаторидан жой олди.

- Сўровни 10 баробар кўп аудиторияда ўтказган тақдиримизда ҳам натижага у қадар таъсир ўтказмайди. Барибир худди шу сўровномада иштирок этган объектлар қолади. Балки, кетма-кетлиги ўзгарар, аммо бу номзодлар ушбу сўровномадан тушмай қолади, -дейди тошкентлик блогер.

Дунёнинг мўъжизалари даставвал Қадимий Грецияда пайдо бўлган. Унинг таркибида уч мўъжиза бўлган. Кейинчалик бу рўйхат етти мўъжизага кўпайган. Улар орасида Мисрдаги Хеопс пирамидалари, Семирамида боғлари, Олимпиядаги Зевс ҳайкали, Эфесдаги Артемида харами, Галикарнасдаги мавзолей, Александрия маёқи ва Родосс колоси бор.
XS
SM
MD
LG