Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:23

Кабирий яна ТИУПга раҳбар этиб сайланди


Муҳиддин Кабирий Тожикистон Ислом уйғониш партиясини 2006 йилдан буён бошқариб келмоқда.
Муҳиддин Кабирий Тожикистон Ислом уйғониш партиясини 2006 йилдан буён бошқариб келмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясини яна Муҳиддин Кабирий бошқарадиган бўлди.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 24 сентябр куни бўлиб ўтган навбатдаги қурултойи Тожикистон давлат гимни ва Қуръон оятларини тиловат қилиш билан очиб берилди.

Тадбирда дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Малайзия, Россия, Эрон, Афғонистон, Миср, Қозоғистон каби мамлакатлар вакиллари, Тожикистонда фаолият қилиб турган сиёсий партиялар ҳамда Душанбедаги бир қатор дипломатик корпуслардан меҳмонлар қатнашди.

24 сентябр куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган партия қурултойида Тожикистоннинг турли шаҳар ва туманларидан қатнашган 250 вакил бир овоздан Муҳиддин Кабирийни ўзларига қайта раҳбар этиб сайладилар.

Кабирий жанобларининг ўзи буни “сайланиш” эмас, балки “тайинланиш” деб атади.

Ислом уйғониш партиясининг анжуманига тайёргарликлар арафасида тожикистондаги сиёсий доиралар Кабирий ёнида яна бошқа рақиб номзодлар ҳам бўлиши ва сайлов баҳсли ўтишини тахмин қилган эдилар. Аммо ундай бўлмади.

Тадбир меҳмонларидан бири, тожик жамиятида яхши танилган Акбар Тўражонзода Муҳиддин Кабирийнинг ТИУПга қайта раҳбар этиб сайланишини танқид қилиб, бу демократик принципларга хилоф эканини таъкидлади.

- Бугунги сайлов демократик руҳдаги бир сайлов бўлмади. Кабирий жанобларининг қайта раҳбарлик лавозимига сайланиши бу Ислом уйғониш партиясининг камчилигидир. Чунки у ўтган тўрт йил ичида ўнлаб кабирийларни тарбиялай олмади. Менимча, Ислом уйғониш партияси бу йўналишда бошқа партияларга ўрнак бўлиши керак эди. Ўйлайманки, келгуси тўрт йиллик раҳбарлик фаолиятида Кабирий жаноблари бу таклифларимизни инобатга олади, - деди Акбар Тўражонзода.

Айни пайтда Муҳиддин Кабирий Тўражонзода жанобларининг айтганларига жавобан ўз партияси таркибида кўплаб профессионал кадрлар борлигини, аммо ҳозирча уларни жамиятга таништиришдан тийилишини билдирди.

Кабирий тадбир қатнашчилари ва меҳмонларни партиянинг келгуси стратегияси билан қисқагина таништириб ўтар экан, иқтидордаги ҳукуматнинг динга бўлган муносабатини танқид қилди.

У 18 ёшгача бўлган тожикистонликларнинг масжидда намоз ўқишлари ва диний билим олишларига оид ўрнатилган таъқиқларга ишора қилди.

Айни пайтда Кабирий жаноблари тожик расмийларининг Ўзбекистон ҳукумати тиш-тирноғи билан қарши бўлган Роғун ГЭСи қурилишига оид ғоясини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

- Роғун акцияси учун партиямиз бюджетидан 100 минг сомоний (бугунги курс билан тахминан 22 минг АҚШ доллари - таҳр.) маблағ ажратилди. Бу ҳукмрон партия саналмиш Халқ демократик партиясининг мазкур гидроиншшот қурилиши учун ажратган маблағидан бир неча баравар кўпроқдир. Роғун миллий ғояга айланар экан, орқага йўл йўқ. Нима бўлишидан қатъий назар, бу объект албатта қурилади, - деди Муҳиддин Кабирий.

Кабирий “Кимда ким Тожикистон давлати ва тожик миллати душмани бўлса, у Ислом уйғониш партиясининг ҳам душманидир”, дея бир неча маротаба такрорлади.

Ислом уйғониш партияси раиси ўз партияси фаластинликлар, ироқликлар, афғонлар ва бошқа шу каби озодлик учун курашаётган мусулмон биродарларини қувватлашини алоҳида қайд этди.

“Ҳамма билиб қўйсин, бу ерда уларнинг тарафдорлари бор” дея таъкидлар экан, Кабирий жаноблари ўтган вақт ичида ўз партияси Фаластин халқига 32 минг АҚШ доллари миқдорида биродарлик ёрдами кўрсатганини қўшимча қилди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси диний характерга эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона сиёсий партия ҳисобланади. Бу партия тожик жамияти ва ундан ташқарида каттагина обрўга эга. Мазкур партияни Муҳиддин Кабирий 2006 йил партия собиқ раҳбари Саид Абдуллоҳ Нурий вафотидан сўнг бошқариб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG