Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Хатлонда дин қўмитаси раиси ҳибсга олинди


Ҳаж зиёратига бораётган фуқаролардан пора олганликда айбланаётган Бобохон Шарбатовга нисбатан жиноий иш очилгани айтилмоқда.

Хатлон вилояти прокуратурасидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, вилоятнинг дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Бобохон Шарбатов хатлонлик зиёратчиларнинг бир нечтасидан тахминан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора олган.

- Айни пайтда Шарбатовга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг порахўрлик ва қаллобликка оид моддалари жиноий иш очилган, терговни миллий хавфсизлик қўмитаси терговчилари олиб бормоқда, - дер экан прокуратурадаги манба биз билан микрофонсиз суҳбатда ортиқча тафсилотлар берилмаслигини айтди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича қўмитаси масъуллари бу борада изоҳ беришдан бош тортдилар.

Расмий маълумотларга кўра, бу йилги Ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистони тожикистонлик мусулмонларга 5500 кишилик квота ажратган, шундан 1500 таси хатлонликларга тегишли экани айтилмоқда.

Бу йил ўтган йилгига нисбатан Ҳаж харажати ҳам қимматлашган. Масалан, ўтган йили тожикистонлик зиёратчилар 3191 доллар сарф қилган бўлсалар, бу йил Макка зиёратига борувчилар 3348 доллар тўлаб, ҳужжат расмийлаштирган.

Шуни ҳам айтиш лозимки, бу йилги мавсумда тожикистонлик зиёратчилар Ҳаж сафари учун миллий пул - сомоний эмас, балки АҚШ доллари тўлаши мажбурий бўлган.

Тожикистонда зиёратчиларни Ҳаж сафарига тайёрлаш ва уларни кутиб олиш бу мамлакат ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича қўмита зиммасида.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан 2000 йил бошигача тожикистонлик зиёратчилар хусусий ширкатлар ёрдамида Маккага сафар қилардилар. Одамлар асосан автобусларда ва шахсий машиналарида, имконияти бўлганлар эса самолётда Саудия Арабистонига борганлар.

Ҳисор туманида яшовчи Гулбаҳор Эгамова тўрт йилдан буён Ҳаж сафарига бора олмаётганидан шикоят қилди.

- Давлат бизга имконият яратиб берганда, аввалгидек машина, автобус билан борганимизда эди, мана шундай ишлар камроқ бўларди. Ниятимиз бор, уч-тўрт йилдан бери ният қиламиз, аммо ҳеч йўлга туша олмаяпмиз. Ҳозир Ҳаж учун “шапкаси” билан 4500 доллар берсангиз, документ қилиб бериб, юборишаяпти, - дейди ҳисорлик Гулбаҳор ая.

Ислом динидаги бешта фарздан бири ҳисобланмиш Ҳажни адо этишни истаган тожикистонликлар сони кўпайган 2000 йиллар бошидан эса дин ишлари бўйича қўмита масъуллари бу ишни ўз ихтиёрига олдилар.

Айни пайтда Тожикистонда зиёратчиларни Ҳаж сафарига юбориш билан шуғулланувчи бирорта ҳам хусусий ширкат йўқ. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, тожикистонликларнинг зиёратга боришларини анча қийинлаштириб, айрим мулозимлар учун Ҳажни даромад манбаига айлантирган.

- Менимча, Ҳаж зиёратига ҳукумат аралашмаслиги керак эди. Қўшни республикаларда, Россияда Ҳаж зиёрати муфтият зиммасида. Зиёратни ҳам давлат идоралари ихтиёрига топшириб қўйишнинг оқибати мана шунақа бўлади. Мулозимлар бойлик орттиради, оддий одамлар эса “Ислом рукнини бажарай” деб, қарзга бўлса ҳам Ҳаж зиёратига боришга ҳаракат қилади. Боз устига, “қатордан қолмай” деб, гуноҳ бўлса ҳам пора беришга мажбур бўлади, - дейди мустақил таҳлилчи Фируз Саидов.

Таҳлилчи фикрича, Ҳаж зиёрати учун пора олган киши эмас, балки пора берган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши лозим.

Тожикистонда йил сайин Ҳажга бориш қийинлашаётгани сабабли, кузатувчиларга кўра, тожикистонлик фуқаролар Қирғизистон ва Россия каби мамлакатлардаги ширкатлардан Ҳаж визасини сотиб олмоқдалар.

Шунингдек, Россия орқали Ҳажга бориш арзонга тушаётгани ва қулайликлар мавжудлиги сабабли ўша ерда ишлаётган тожикистонликларнинг аксарияти Россия муфтияти орқали Маккага сафар қилаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG