Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:12

АҚШ қарори Хитой эътирозига сабаб бўлди


АҚШнинг Австралия шимолига ўз ҳарбий-денгиз кучларини жойлаштириш режаси расмий Пекин томонидан хавотир билан қарши олинди.

Икки кунлик сафар билан Австралияга келган АҚШ президенти Барак Обама Австралия Бош вазири Жулиа Гиллард билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида келаси йилдан Австралия шимолига Америка ҳарбий-денгиз кучларининг 250 нафар ҳарбийсини жойлаша бошлашини эълон қилди. Беш йил ичида АҚШ денгизчилари сонининг 2500 нафарга етиши кутилмоқда.

Обаманинг таъкидича¸ Австралия шимолига ўз ҳарбий денгизчиларини жойлаштириш орқали АҚШ бутун Осиë-Тинч океан ҳавзасидаги хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшади.

- АҚШ ва Австралия Тинч океан бўйида жойлашган икки давлат ва бугунги сафарим АҚШ ўзининг бутун Осиë-Тинч океан ҳавзаси минтақаси олдидаги масъулиятини кучайтираëтгани ифодасидир¸ деди президент Обама жумладан.

Австралияга ўз денгизчиларини доимий асосда юбориш режаси арафасида АҚШ Сингапурга ҳарбий кемаларини жойлаштириш қарорини ҳам эълон қилди. АҚШ нинг бу иккала ҳаракати минтақада Хитой ҳарбий таъсири ошиб кетаëтгани хусусидаги хавотирларга жавоб сифатида талқин этилмоқда.

Обама Канберра билан тузилган келишув Австралияда доимий АҚШ ҳарбий базаси очилишини англатмаслигини таъкидлай туриб¸ айни пайтда ҳозирда Япония ва Жанубий Кореяда мавжуд Америка базаларига яқинроқ бўлиш мақсадида Австралия ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишнинг кучайишини айтиб ўтди.

- Денгизчиларимиз Дарвин орқали қўшма трейнинг ва машғулотлар учун навбатма навбат алмашиб турадилар. Ҳаво кучларимиз шимолий Австралия ҳаво майдонлари орқали қўшимча парвозларни амалга оширадилар. Австралия базаларида бўладиган бундай ҳаракатлар ҳарбийларимизни бир-бирларига яқинлаштиради ва ўзаро ҳамкорликни самаралироқ қилади¸ деди АҚШ президенти 16 ноябр куни.

Обаманинг айтишича¸ икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш Тинч океан ҳавзасидаги хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

- Бу минтақанинг аҳамияти кун сайин ошиб бормоқда. Келаси йиллар ичи бу ҳудудлар иқтисоди жаҳон иқтисодий ўсишининг асосий моторига айланади. Тижорат ва савдо кўлами муттасил кенгайиб бормоқда. Шу боис¸ нафақат бизнинг иттифоқимиз¸ балки бутун минтақа хавфсизлик архитектурасининг 21 аср талабига мувофиқ янгиланиши лозим¸ деди АҚШ президенти Канберрада ўтказилган матбуот анжуманида.

Бу келишувга эътироз билдирган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Австралия шимолига Америка денгизчиларининг жойлашувини “мақсадга кўп ҳам мувофиқ эмас” ва минтақадаги ҳамма давлат манфаатига ҳам мос эмас¸ деб баҳолади.

Ўз қўшнилари билан тинч алоқаларни мустаҳкамлаëтган Хитойнинг кучаювини олқишлашини таъкидлаган Вашингтон раҳбари Пекиннинг қисқа муддат ичида юзлаб миллион одамни қашшоқликдан қутқарганини "таҳсинга сазовор"¸ дея атади.

Шунингдек Обама¸ Осиë-Тинч океан ҳавзаси хавфсизлиги борасидаги ҳамкорликдан Хитой четда қолмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг 60 йиллигини нишонлаш мақсадида Австралияга сафар қилаëтган АҚШ президенти Обама пайшанба куни мамлакат парламенти олдида чиқиш қилади.
XS
SM
MD
LG