Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:46

Ўзбекистоннинг юз минглаб аҳоли пунктида газ тақчиллиги бор


Газ ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бири бўлган Ўзбекистонда аҳоли исинишнинг муқобил усулларини ўйлаб топмоқда.
Газ ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бири бўлган Ўзбекистонда аҳоли исинишнинг муқобил усулларини ўйлаб топмоқда.

Расмий маълумотга кўра, жорий қишда Ўзбекистоннинг 539813 та аҳоли пунктида газ тақчиллиги кузатилади.


Бу йилги қиш мавсумида газ бўлмаслигидан огоҳлантирган ўзбек расмийлари бунга оид рақамларни ҳам ошкор қилди.

Ўзбекистон ҳукуматига қарашли "Правда Востока" газетасининг ёзишича, жорий қиш мавсумида мамлакатнинг 539813 та аҳоли пунктида газ тақчиллиги кузатилади.

Газ тақчиллиги муаммосини тан олган ҳукумат, айни пайтда, аҳолига "ғамҳўрлик" қилаётгани ҳақида ёзаяпти маҳаллий матбуот.

Бу "ғамҳўрлик" икки хил кўринишда бўлиб, уй иситиш учун аҳолига кўмир етказиб бериш ва овқат пишириш учун суюлтирилган газ билан таъминлаш тадбирлари амалга оширилаётгани айтилмоқда.

"Ўзтрансгаз" ширкати кузги-қишги мавсумда газ тақчил бўлган ҳудудлардаги муаммо кўламини камайтириш учун 20 пунктдан иборат чора-тадбирлар режасини амалга оширишни йўлга қўйган.

Айни режага кўра, қиш мавсумида газ етишмаётган беш юз мингдан зиёд аҳоли пунктларига жами 23153,7 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилгани айтилмоқда.

"Ўзтрансгаз" ширкатининг Ўзбекистондаги туман бўлимларидан бирининг маъсул раҳбари айни тадбирнинг қай кўринишда амалга оширилаётганини гапириб берди.

Маълум сабабларга кўра, исми-шарифини ошкор қилмаётганимиз мулозимга кўра, бу тадбир маҳаллий хокимларнинг махсус назорати остида амалга оширилмоқда.

- Бизда ҳозир суюлтирилган газ билан аҳолини таъминлашда муаммо йўқ. "Ўзтрансгаз" лойиҳасига кўра, бизга қўшимча 200 та янги газ баллони берилди. Ўзимизда 50 та бор эди. Биз аҳолидан бўшаган баллонларни олиб, уларга тўлдирилганини берамиз. Ҳозир оборотда жами 250 та баллон бор. Бу билан асосан газ босими етиб бормаётган жойларни таъминлаяпмиз. 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилаяпти. Бизнинг туманда жами 17 мингта газлаштирилган хонадон бўлса, шундан 5000 тасининг газ босими пастлиги сабаб уларни суюлтирилган газ билан таъминлаяпмиз,- деди суҳбатдош.

Самарқанднинг Булунғур туманида яшовчи Ҳайдарали ака оиласи бир ойда 7200 сўмлик суюлтирилган газ олади.

- Бизники 17 килолик. Бир килоси 428 сўмдан. Яна олиб келиб беришгани учун, транспорт ҳаражатига қўшимча 130 сўм ҳақ олишади. Жами 7200 сўм бўлади,- дейди Ҳайдарали ака.

Бу оиламиз эҳтиёжларга етшмаслиги боис ўчоқдан ҳам фойдаланамиз, дея қўшимча қилади у.

"Ўзтрансгаз" ширкати мутасаддисига кўра, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда айрим чекловлар ҳам мавжуд.

- Бизнинг махсус графигимиз бор. Битта хонадонга 25-30 кунда газ тўлдирилган битта баллон берилади,- деди суҳбатдош.

Айни пайтда Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимликлар масъуллигида аҳолига арзон нархда кўмир ҳам тарқатилаяпти.

Бироқ Озодлик манбаларига кўра, арзон кўмир ҳаммага ҳам етаётгани йўқ.

Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, мамлакатнинг барча вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилдилар.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган ойда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги юздан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида марказий газ таъминотидан узила бошлади. Бу корхона ва ташкилотлар раҳбарларига муқобил ёқилғи турларига ўтиш таклиф қилинди.

Жорий йилнинг 26 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев мамлакат аҳолисининг 82 фоизи табиий газ билан таъминланганини иддао қилди.

Табиий газ ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунёда 12-ўринни эгаллайди.

Ҳар йили Ўзбекистонда 60 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги газнинг катта қисми бошқа давлатларга экспорт қилинаётгани учун маҳаллий аҳоли зангори оловдан бенасиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG