Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:38

Араб лигаси Сурияни санкциялардан огоҳлантирмоқда


Башар ал-Ассад режими зўравонликларига қарамасдан Суриядаги аксил-ҳукумат намойишлари кўлами ошмоқда.
Башар ал-Ассад режими зўравонликларига қарамасдан Суриядаги аксил-ҳукумат намойишлари кўлами ошмоқда.

Араб давлатлар лигаси ташқи ишлар вазирлари Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режими уч кун ичида аксил-ҳукумат намойишларини қонли бостиришни тўхтатиши ва вазиятни кузатгани ташкилот вакилларини мамлакатга киритишини талаб қилмоқда.

Лига вакиллари Сурия режими талабларни бажаришдан бош тортадиган тақдирда, молиявий санкциялар жорий қилиш билан таҳдид қилди.

Мазкур ультиматум Араб лигасининг 16 ноябр кунги йиғинидан кейин эълон қилинди. Марокашннинг Рабат шаҳрида ўтказилган мажлисда Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Двоутўғли ҳам қатнашди.

Йиғиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўз олган Қатар Бош вазири Шайх Ҳамад бин Яссим ал-Таний Сурия режими ҳаракатларидан Араб давлатларининг сабри тугамоқда, дея баён қилди.

Сурия учун аталган Араб дипломатияси охирига етмоқда, деди Қатар раҳбари.

- Сурияда рўй бераётгани каби одамларнинг ўлдирилишини қабул қила олмаймиз. Хунрезликни тўхтатиш ва янги зўравонликлар ҳамда одамларнинг ўлдирилишини олдини олиш учун вазиятга аралашмоғимиз керак. Шунинг учун бу мушкул қарорни қабул қилишимизга тўғри келди, чунки Суриядаги биродарларимиз қони тўкилмаслиги учун масъулмиз. Ана шу сабабдан ҳам Сурия ҳукуматидан мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаб қолиш учун бўҳронни ҳал этиш бўйича Араб лигаси ишлаб чиққан режа бўйича берган ваъадаларини бажариш ва яхшироқ келажак сари ҳаракат қилишни сўрамоқдамиз, деди Қатар бош вазири.

Ал-Таний Дамашқ талабларни бажаришдаy бош тортса, Сурияга қарши санкциялар қўлланишини қўшимча қилди.

Лига вакиллари ўз мутахаcсисларига қонли зўравонликларни тўхтатиш борасида босимни кучайтириш мақсадида Сурияга қарши санкциялар жорий этиш бўйича резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини бергани айтилмоқда.

22 аъзодан иборат ташкилот шунингдек, Сурияда тинч фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича “тезкор чораларни” кўришга чақириб, “хорижий аралашувга” қарши эканини билдирди.

12 ноябр куни Араб лигаси Суриянинг ташкилотдаги аъзолигини вақтинча тўхтатди. Бунга Дамашқ расмийларининг исёнчи шаҳарлардан танкларни олиб чиқиш ва норозиларга ҳужумларни тўхтатишни ўз ичига олувчи тинчлик режасини беписанд қолдиргани сабаб бўлди. Бу режага кўра, Дамашқ расмийларидан икки ҳафта ичида мухолифат билан мулоқот бошлаш ҳам талаб қилинган эди.

Сурияни Араб лигасидан вақтинча чиқариш қарори чоршанба куни кучга кирди ва Дамашқ вакиллари йиғинда қатнашмади.

Сурия ҳукмати ўзининг лига сафидан вақтинча чиқарилганини АҚШ “фитнаси” билан уюштирилган “ўта хавфли қадам” дея атади.

Вашингтон бу қарорни олқишлади, Москва эса уни “хатолик” дея атади.

Суриянинг халқаро майдонда яккаланиб қолаётгани ишораси ўлароқ, чоршанба куни Франция ва Марокаш Дамашқдаги элчиларини чақиртириб олди.

Бу қарорни изоҳлаган Франция Ташқи ишлар вазири Аллан Жуппе “Янги зўравонликлар рўй бермоқда ва шу сабабдан Алеппо ва Латакиядаги миссияларимизни ёпиш ва элчимизни Парижга чақиртириб олишга қарор қилдик”, дея таъкидлади.

Жуппе ўтган ҳафта охирида Франция дипломатик ваколатхоналари ҳамда Суадия ва Туркия миссияларига қилинган ҳужумларни назарда тутиб гапирди.

Бундан ташқари Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарнинг Дамашқдаги миссияларига ҳам ҳужум қилингани хабар қилинмоқда.

Жуппе шунингдек расмий Париж Араб лигаси билан биргаликда Суриядаги зўравонликларни қораловчи БМТ резолюцияси лойиҳаси устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди. Россия ва Хитой ўтган ойда айни маънодаги резолюцияга БМТ Хавфсизлик кенгашида вето қўйган эди.

Анқарада чиқиш қилган Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул ҳам Туркия элчихонасига ҳужумлар давом этадиган бўлса, бунинг оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.

- Суриядаги манфаатларимиз, фуқароларимиз, элчихонамиз, дипломат ва дипломатик миссияларимизга қарши ҳужумлар қилинишини қабул қилиб бўлмайди. Биз бу ҳужумларни кескин қораладик. Агар улар чора кўрмаса ва бу ҳол такрорланадиган бўлса, бизнинг муносабатимиз ўзгача бўлади, деди Туркия президенти.

Айни пайтда, норозиларга қўшилган Сурия ҳарбийлари Дамашқдаги разведка хизмати биносига ҳужум қилиб, камида саккиз нафар хавфсизлик ходимини ўлдиргани хабар қилинмоқда.

Фаолларнинг маълум қилишича, армия сафларини тарк этганлар шунингдек Ҳама шаҳрида хавфсизлик пунктига қилган ҳужумда саккиз аскарни ўлдириб, яна ўнлаб ҳарбийларни жароҳатлаган.

Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Марк Тонер мухолифат тарафидан содир этилаётган зўравонлик “Ассад ва унинг режими тегирмонига сув қуймоқда”, дея баёнот берди.

- Бу, яъни мухолифат ҳаракати бошиданоқ тинч ҳаракат бўлиб келди ва режимнинг бегуноҳ намойишчиларга қарши мунтазам тарзда зўравонлик қўллаётгани мамлакатдаги воқеалар бундай таҳликали йўлдан ривожланиб бораётганининг ягона сабабидир.

Айни пайтда, хавфсизлик кучлари Ҳомс, Илдиб ва Дамашқ шаҳарларида 13 кишини ўлдиргани хабар қилиняпти.

БМТ очиқлаган маълумотларга кўра, Сурияда март ойида халқ намойишлари бошланганидан бери 3500 дан зиёд мухолифат тарафдорлари ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG