Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:36

Рус дипломати: Москва ва Душанбе баҳси битди


Россиянинг Тожикистондаги элчиси Юрий Попов яқин ора тожик мигрантлари билан боғлиқ муаммо ҳал этилажагини ишонишини айтади.
Россиянинг Тожикистондаги элчиси Юрий Попов яқин ора тожик мигрантлари билан боғлиқ муаммо ҳал этилажагини ишонишини айтади.

Россиянинг Душанбедаги элчиси Юрий Попов рус учувчиларининг озод қилиниши икки давлат ўртасидаги жанжалга якун ясаганини таъкидлади.

Поповнинг бу баёноти 23 ноябр куни Душанбе шаҳрида ўтказилган хос матбуот анжуманида янгради.

- Суд ҳайъати хатоси билан узоқ йилларга қамоқ жазоси олган фуқаромизнинг озод қилиниши ортидан иккита асосий мақсад ва иккита вазифа ўз ечимини топди. Эндиликда биз иккита бир-бирига биродар ва иттифоқдош давлатларнинг алоқаларидаги истиқболларга умид қилиш имкониятига эга бўлдик, - деди кечаги тадбирда сўзлаган Россия элчиси Юрий Попов.

“Меҳнат муҳожирларига оид муаммо ҳал қилинади”

Россия расмийси тожикистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ мамлакатидаги вазият айрим амалдорларнинг калтафаҳмлиги сабабли кескинлашганини очиқчасига эътироф этди.

- Афсуски, учувчилар иши бизнинг Тожикистон билан алоқаларимиздаги айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Шундай тушунмовчиликлардан бири Россияда ишлаётган тожикистонлик мигрантлар билан боғлиқ вазиятдир. Жамоатчилигимизнинг учувчилар қамалиши билан боғлиқ чиқишларини телевизордан кўрган жойлардаги милиционерлар бу масалага ҳиссиёт билан ёндошган ва ҳатто уларнинг ҳужжатларини йиртиб ташлаган. Бундай эпизодларга оид маълумотларга эгамиз, - дер экан Юрий Попов бу тушунмовчиликлар жуда қисқа вақт ичида бартараф қилинишига ишонтирди.

Россиялик дипломат Попов сўзи давомида юртига депортация қилинган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига оид маълумотлар ҳаддан ташқари ошириб кўрсатилганини қўшимча қилди. Ундаги маълумотларга кўра, сўнгги ҳафтада 67 нафар тожикистонлик депортация қилинганки, бу ўтган йилнинг шу вақтига солиштирганди анча камдир.

"Россия кучли эканини англадим"

Айни пайтда 22 ноябр куни Хатлон вилоят маҳкамаси қарорига биноан икки йилу олти ойга кесилган,аммо амнистияга тушган Россия фуқароси, “Ролкан” ширкати учувчиси Владимир Садовничий озодликка чиқишида Россия ҳукуматининг таъсири катта бўлганини таъкидлади.

- Биринчи галда менинг ортимдан турган ҳукуматимизга миннатдорчилик билдираман. Россия - бу куч эканини англаб етдим. У мени жуда мушкул вазиятдан чиқишимга ёрдам берди. Менинг тақдиримга бефарқ бўлмаган президентмиз ва Россия оммавий ахборот воситаларига ҳам миннатдорчилигимни билдираман. Агар бу ёрдамлар бўлмаганида келгуси ўн йил бу ерларда қолиб кетишимиз аниқ эди, - деди журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Владимир Садовничий.

“Ролкан” ширкати учувчилари россиялик Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденкони шу йилнинг 12 мартида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, контрабанда ва халқаро парвоз меъёрларини бузганлик айби билан Қўрғонтепа шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

8 ноябр куни Қўрғонтепа суди рус учувчиларининг ҳар бирини 8,5 йилданга озодликдан маҳрум этганди.

Садовничий ўзи ва шериги Руденконинг қамалишига иқтисодий омиллар сабаб бўлганини ва у томонлар баҳси ортидан сиёсийлашганини айтди. Унинг гапига ишонадиган бўлсак, Тожикистон Миллий хавфсизлик масъуллари “Ролкан” ширкатига тегишли АН -24 русумли иккита учоққа эгалик қилиш мақсадида учувчиларни ҳибсга олган.

Айни пайтда Тожикистон томони учувчилар республика ҳудудида жиноят содир этганларини, аммо Россия Тожикистоннинг стратегик шериги эканини назарга олган ҳолда, улар жазоси енгиллаштирилганини таъкидламоқда.

Меҳнат муҳожирлари ҳамон овланмоқда

Айни пайтда Россия оммавий ахборот воситалари учувчиларнинг озод қилиниши тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг депортация қилиниши жараёнига таъсир қилмаслигини ёзадилар. Интерфакс ахборот агентлигининг Россия Федерал хизматидаги манбага таяниб ёзишича, Россия ҳудудига ноқонуний кирган хорижий фуқароларга нисбатан маҳкама қарори ўзгартирилмайди. Яъни ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган меҳнат муҳожирларининг барчаси Россиядан чиқариб юборилади.

Аснода Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг “Этмос” ташкилоти раҳбари Каримжон Ёров шу кунларда метро, вокзал ва бозорларда тожикистонлик мардикорларни овлаш давом этаётганини билдирди. Озодликка гапирган Ёров, шунингдек, аввалроқ ноҳақ ҳибсга олингани тасдиқланган меҳнат муҳожирлари ҳозиргача ҳибсда қолаётганини айтди.

- Федерал миграция хизмати масъуллари ҳужжатлари қонунга мувофиқ бўлган юртдошларимизга судга ариза ёзишларини ва агар суд уларни оқласа, аввалги иш жойларига қайтиши мумкинлигини айтган, - дейди “Этмос” ташкилот раҳбари Каримжон Ёров.

Мардикорлар Россиянинг асосий пишанги

Россиялик айрим таҳлилчилар тожикистонлик меҳнат муҳожирларини овлаш жараёни “Ролкан” ширкатига тегишли иккита самолёт қайтарилмагунча давом этиши мумкин, дея мулоҳаза билдирмоқда.

Аммо таҳлилчи Артем Улунян бу билан муаммо ҳал бўлишига ишонмаслигини айтади.

- Москва анчадан буён ўз ихтиёрида бўлган бу пишангни ҳали кўп йиллар ишга солишига шубҳам йўқ. Ва ундан нафақат Тожикистонга нисбатан, балки фуқароларининг катта қисми Россияда кун кўраётган минтақанинг бошқа республикалари учун ҳам фойдаланади. Яъни бу мавзу Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсатига бевосита боғлиқдир, - дея мулоҳаза билдиради россиялик таҳлилчи Улунян.

Россия Федерал миграция хизмати раиси Константин Рамадановский айни пайтда мамлакатида 1700 мардикор вақтинча сақлаш изоляторларида сақланаётганини, шундан 500 нафари Тожикистон фуқаролари, қолганлари эса Ўзбекистон, Қирғизистон ва Молдавия фуқаролари эканини билдирган.
XS
SM
MD
LG