Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

Россияда қийноққа тутилган ўзбек товон пули олади


Россияда тергов пайти қийноққа тутилган ўзбекистонлик Рашид Раззоқов товон пули оладиган бўлди.

Россиянинг Воронеж шаҳар Ленинград туман суди Ўзбекистон фуқароси Рашид Раззоқовга 840 минг рубл товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, 2009 йил апрелида Воронежнинг Железнодорожний туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари Раззоқовни қийноққа солиб, ўзи қилмаган қотиллик учун жавобгарликни бўйнига олишни талаб қилган.

Раззоқов бу талабга кўнмаганидан кейин милиция ходимлари уни уч кун давомида қийноққа солган.

Адвокат Олга Гнездиловага кўра, тиббий экспертиза калтак натижасида Рашид Раззоқовнинг қовурғаси сингани, шунингдек электр токига тутилгани, бошига шиша бутилка билан урилгани, осиб қўйилгани ва бошқа қийноқлар оқибатида унинг танасида 13та жароҳат излари қолганини қайд қилган.

Раззоқов ўзига етказилган маънавий зарар учун 1,2 миллион рубл талаб қилган¸ бироқ суд товон пули миқдорини 840 рублга туширган.

Ленинград туман суди матбуот вакили Татяна Селимонова Озодликка жавобгарлар биттадан кўп бўлгани учун суд қарори якуний эмаслигини айтди.

- Суд 29 ноябр куни қарор чиқарди. Якуний қарор тайёр бўлганида кимдан қанча пул тўлаши маълум бўлади. Чунки Раззоқов бир неча жавобгардан товон пули талаб қилган. Шу боис мен аниқ рақамни айта олмайман. Суднинг якуний қарори чиққанида у Раззоқовга берилади, деди Татяна Селимонова.

Ленинградский туман суди расмийси жавобгарлар суд қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишни режалаётганларини айтди.
XS
SM
MD
LG