Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:07

Душанбе минтақани миналардан тозалаш ташаббусини кўтармоқда


Тожикистон ҳукумати Марказий Осиёни минасиз ҳудуд деб эълон қилиш таклифини илгари сурди.


Бундай ғоя ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Вилнюсдаги йиғилишида Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий томонидан очиқланди.

Тожик расмийлари иддаосига кўра, Тожикистон ва Афғонистон минтақада минадан энг кўп зарар кўрган мамлакатлар сирасига киради.

Зарифий томонидан илгари сурилган таклифдан кўзланган мақсад, биринчидан, Афғонистонни ҳам минасиз ҳудуд таркибига қўшиш, иккинчидан эса Ўзбекистон билан кўп йиллардан бери ҳал бўлмай келаётган миналар муаммосига ечим топиш экан.

Тожикистон миналар масалалари бўйича маркази маълумотларига кўра, сўнгги бир неча йил мобайнида республика фуқароларининг 800 нафари миналардан зарар кўрган, 350 киши эса ҳалок бўлган. Қайдга олинган бу фожеаларнинг 150 таси айнан ўзбек-тожик чегарасида рўй берган.

Мазкур марказ раиси Жонмуҳаммад Ражабов Тожикистоннинг Марказий Осиёни минасиз ҳудуд деб эълон қилиш ғоясини ЕХҲТга аъзо аксар давлатлар ижобий баҳолаганини билдирди.

Ражабов билан суҳбатдан маълум бўлишича, бу йўналишда ишлар ЕХҲТ ташаббуси билан сал аввалроқ бошланган.

- Айни пайтда ЕХҲТ миналар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш мақсадида Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан музокара олиб бормоқда. Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ЕХҲТ молиявий кўмагида Душанбе шаҳрида ягона минтақавий марказ ташкил қилинади, - деди Тожикистон миналар масалалари бўйича маркази раиси Ражабов.

Марказий Осиё ҳудудини миналардан тозалаш минтақавий марказининг нима учун айнан Душанбеда жойлаштирилажагига изоҳ берган Жонмуҳаммад Ражабов Тожикистон бу йўналишда етарли маълумот ва тажрибага эга эканини қўшимча қилди.

Тожик расмийсининг таъкидича, миналарни зарарсизлантириш маркази минтақа республикалари орасида биргина Тожикистонда фаолият қилади.

Айни пайтда, унинг айтишича, Тожикистон ҳудудида кўмилган 22 мингта мина ва бошқа портловчи моддалар зарарсизлантирилган. Бироқ мамлакат ҳудудининг 9 миллион квадрат метри ҳамон миналардан тозаланмаган.

- Ўзбекистон билан чегараларимизда кўмилган миналарни зарарсизлантириш асосий муаммомиз бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара чизиқлари охиригача белгилаб олинмаган. Шунга қарамай, биз харитадан миналар кўмилган чегараолди ҳудудларни ўрганиб, имкон қадар миналарни зарарсизлантираяпмиз, - деди Ражабов.

Ўзбекистон ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистон ва қисман Қирғизистон билан чегараларини миналаштирган эди. Ўзбек расмийлари бу тадбир террорчиларнинг республика ҳудудига ўтишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаб келади.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар Марказий Осиёни минасиз ҳудуд деб эълон қилишга оид таклифни минтақанинг барча давлат ҳукуматлари баравар олқишлашига шубҳа билан қарамоқдалар.

- Минтақани миналарсиз ҳудудга айлантириш таклифи инсоний қадриятлар нуқтаи назаридан жуда яхши таклиф. Аммо, афсуски, бу таклифни минтақадаги Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатлар ҳазм қила олмайди. Негаки, НАТО кучларининг 2014 йилгача Афғонистонни тарк этиши ортидан толиблар, хусусан, Ўзбекистон мухолифларининг минтақага кириб келиш эҳтимоли кучли. Шу сабабли ўзбек ҳукумати келгуси беш-олти йил ичида бундай таклифларни қабул қилишига шубҳа қиламан, - дейди мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.
XS
SM
MD
LG