Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

АҚШ разведка учқичи Эрон қўлига тушди


Учувчисиз бошқариладиган АҚШ ҳарбий самолëти ўз ҳудудида жосуслик қилганини таъкидлаëтган Теҳрон¸ воқеа юзасидан халқаро чора кўрилишини талаб қилмоқда.


Эрон АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган разведка самолёти чегарани кесиб мамлакат ҳаво ҳудудига ўтганига норозилик билдирди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Эроннинг БМТдаги доимий вакили Муҳаммад Хазей Бош Ассамблея ва БМТ Бош котибига йўллаган мактубида халқаро ташкилот раҳбарларини АҚШнинг “хавфли ва ноқонуний” ҳатти-ҳаракатини қоралашга чақирган.

Ундан олдин НАТО кучлари қўмондонлиги Эронда йўқолиб қолган разведка самолёти билан учқич Афғонистон ғарбида амалиёт бажараётган пайтда алоқа узилиб қолган бўлиши мумкинлигини билдирди.

8 декабр куни АҚШ учқичини давлат телеканаллари орқали кўрсатган Теҳрон раҳбарияти учқичнинг Эрон ҳудудида жосуслик амалиётини бажарганини иддао қилди.

Эрондаги ахборот агентликлари АҚШ армиясининг RQ-170 русумидаги разведка самолёти 4 декабр куни Эрон кучлари томонидан деярли шикастсиз уриб туширилганини билдирди.

АҚШ ва хориж расмийларга асосланиб “The New York Times” газетаси ўта махфий ҳисобланган самолёт Эрон ядровий объектлари ҳақида разведка маълумотлари йиғиш учун парвоз қилганини эҳтимолдан соқит қилмади.

АҚШ Эроннинг махфий ядровий дустури ҳақида разведка маълумотлари тўплашда кўп йиллардан бери сунъий йўлдошдан фойдаланиб келмоқда.

RAND корпорациясининг ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси Жейсон Кэмпбелл RQ-170 русумидаги самолёти разведка маълумотлари йиғишда янгича ва ўзига хос имкониятларга эга эканини айтди.

- Разведка нуқтаи-назаридан учувчисиз бошқариладиган бу самолёт жуда фойдали. Замонавий техника билан жиҳозланган бу самолёт бир неча соат давомида ҳатто 15 километрдан баландда парвоз қила олади. Унга кўплаб сенсорлар ўрнатилган. Бу сенсорлар электрон коммуникацияни ёзиб олиш, ҳаво таркибида кимёвий моддалар ёки бошқа ғайриоддий нарсалар бор-йўқлигини аниқлаш учун ҳаводан намуна олиш имкониятига эга.

Бу разведка самолёти сунъий йўлдошдан туриб аниқлаб бўлмайдиган нарсалар, яъни, ердаги юзлаб объектлар ва одамлар ҳаракатини суратга олиш имкониятига эга, дейди Жейсон Кэмпбелл.

Шу боис эндиликда Эроннинг Хитой ва Россия каби иттифоқчилари билан биргаликда ушбу разведка самолёти имкониятларини ўрганиш ва нусха кўчириши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Таҳлилчиларга кўра, самолётдаги энг қимматли технология унинг нишонлар узра сезилмасдан парвоз қила олиши ва жуда катта миқдорда маълумот тўплаш имконидир.

Самолётнинг радар имконияти ҳам Хитой ёки Россия ишлаб чиққанидан анча илғор экани айтилмоқда.

Разведка самолёти қандай қилиб ерга қўнгани борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Эрондаги Инқилоб посбонларининг махсус кучлари қўмондони генерал Ами Али Ҳожизода АҚШнинг разведка учқичи электрон пистирма ёрдамида ёрдамида ерга қўндирилганини маълум қилди.

Бу иддаони рад қилган АҚШ расмийлари техник муаммо сабабли разведка самолёти ерга қулаганини таъкидлади. АҚШ расмийлари самолёт ерга қулашидан олдин тўплаган маълумотларни қайта тиклаш имконсиз эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG