Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

Хитой импорт ҳажмини $8 триллиондан оширмоқчи


Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао хорижий маҳсулотлар импортини кўпайтиришга ваъда берди.


ХХР Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганининг 10 йиллиги муносабати билан сўзлаган Ху Цзинтао Хитой улкан камомадига эга бўлган давлатлар билан юзага келган савдо номутаносиблигини ҳал этишга умид қилаётганини айтди.

- Биз Хитойнинг тўла бозор иқтисодиёти асосида ишловчи давлатлигини маълум давлатлар имкон қадар тез фурсатда тан олиши мумкинлигига, Хитойга экспорт қилинаётган юқори технологияли маҳсулотлар устидан ўрнатилган назорат бўшаштирилишига, Хитой ширкатларининг ташқи инвестицияларига кенг йўл очилишига, ўзаро савдо балансини ривожлантириш учун шароит яратилишига умид қиламиз, - дея баёнот берди Хитой раҳбари.

Ху Цзинтаога кўра, Хитой келаси беш йил мобайнида саккиз триллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотни мамлакатга импорт қилишни режаламоқда.

10 декабр куни эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, ноябр ойида Хитойнинг ташқи савдосидаги ижобий сальдо 17 миллиард доллардан 14,5 миллиард долларга камайган.

Таҳлилчилар Европа ва АҚШ бозорларида кузатилаётган тартибсизликлар натижасида Хитой экспортида ўсиш секинлашганини айтмоқда.

Тантанали маросимда сўзлаган Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари Паскал Лами ўз ташкилоти Хитойни глобал молиявий бўҳрон бошланганидан сўнг авж олган протекционизмдан сақлаб қолишда ёрдам берганини айтди.

Паскал Хитой Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан бери мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожланишда давом этаётганини қўшимча қилди.

Ху Цзинтао ўз нутқида Хитой номутаносиб савдо, барқарор бўлмаган ривожланиш, ресурслар етишмаслиги ва атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани айтиб ўтди.

- Бозорни кенгроқ очиш ва илғор технологияларни импорт қилиш орқали биз ишлаб чиқариш секторининг халқаро рақобатбардошлигини яхшилаймиз ва савдо-ишлаб чиқариш даражасини кўтарамиз, - деди Хитой раҳбари.

Ассосиэйтед пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитой ҳукумати мамлакатдаги хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалик соҳасида самарадорликни ошириш, шунингдек, экологик тоза ҳамда атроф-муҳитга кам зарарли газларни чиқарадиган технологиялардан фойдаланишни режалаган.
XS
SM
MD
LG