Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:23

Тўражонзода Тожикистон муфтийсини судга бермоқчи


Тожикистондаги таниқли уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода республика Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода устидан маҳкамага арзланиш ниятида.

Ўтган ҳафтада Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари ва Тўражонзодалар оиласи ўртасида вужудга келган баҳс ортидан 12 декабр куни республика Дин ишлари бўйича қўмитаси ака-ука Тўражонзодаларга тегишли Муҳаммадия масжидида жума намозлари ўқишни таъқиқлаб қўйди.

Ислом маркази уламолар кенгаши 6 декабр куни “Ховар” давлат хабар агентлиги расмий сайти орқали тарқатган баёнотида Ҳожи Акбар Тўражонзодани жамиятга бегона бўлган шиа мазҳабини тарғиб қилаётганликда айблаб чиққанди.

Баёнот муаллифлари иқтидордаги ҳукуматдан Тўражонзодалар оиласи ҳатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрилишини сўраган эди.

Ўз навбатида, Тўражонзодалар оиласи Ислом маркази баёнотига кескин муносабат билдирди ва Ҳожи Акбар Тўражонзода республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзодани судга беришини билдирди.

Жума куни журналистларга интервю берган Тўражонзода иғвогарлик хусусиятига эга бўлган бу баёнот ўзининг обрўсини тўкиш мақсадида тарқатилганини таъкидлаганди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳақиқатдан ўз оиласи ва яқинлари Муҳаррам ойининг биринчи ўн кунлигида пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам невараси имом Ҳусайннинг фожеали ўлимини хотирланганини айтди. Аммо, бу унингча, шиа мазҳабининг ақидаларини тарғиб қилиш ҳисобланмайди. Аксинча, бу ҳар бир мусулмон учун вожибдир.

Айни пайтда Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода ака-ука Тўражонзодалар тожик жамиятига бегона мазҳаб ақидаларию анъаналарини тарғиб қилишга уринаётганини иддао қилади.

- Уламолар кенгаши аъзолари, жамиятимиздаги таниқли дин олимлари ва қолаверса, жамоатчилик сўнгги пайтлар Тўражонзодалар масжидида аста-секин ва мақсадли равишда бегона мазҳаб ақидалари тарғиб қилинаётганлигини ҳис қила бошлади. Ўтган жума куни (2 декабр назарда тутилмоқда - таҳр.) ҳам бу масжидда Имоми Аъзам мазҳабига мутлақо бегона бўлган Ашуро тадбири ўтказилди. Ўз-ўзидан маълумки, бундай ҳатти-ҳаракатлар аксарияти ҳанафий мазҳабига эргашувчи жамиятимизда турли низо ва адоватлар келтириб чиқаради. Биз бундай ҳатти-ҳаракатларни қоралаймиз, - деди Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода.

9 декабр куни эса республика муфтийси бошчилигидаги Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва миллий хавфсизлик хизмати вакилларидан иборат ҳукумат гуруҳи Ваҳдат туманидаги Тўражонзодалар оиласига тегишли Муҳаммадия масжидига борганди.

Аммо, маълум бўлишича, жума намози ўқиш учун Муҳаммадия масжидига йиғилган аксарият мусулмонлар ҳукумат гуруҳини “Оллоҳу акбар” такбирини айтиш билан масжиддан чиқариб юборган ва ҳатто уларга жамоат билан бирга намоз ўқишга рухсат ҳам бермаган.

“Шу боис бўлиб, - дейди бугун Озодликка гапирган Ҳожи Акбар Тўражонзода, - Тожикистон ҳукумати қошидаги Диний ишлар бўйича қўмита Туркобод маҳалласидаги Муҳаммадия масжидида келгуси уч ойгача жума намозлари ўқиш таъқиқлаб қўйди”.

Диний ишлар бўйича қўмита қарорида келтирилишича, мазкур масжидда имомлик қилган Нуриддин ва Маҳмуджон Тўражонзодалар ҳам вазифасидан бўшатилган.

- Тожикистон ”Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, икки марта огоҳлантириш олган, аммо белгиланган муддатда ўша камчиликларни тузатмаган масжид фаолияти уч ой муддатгача тўхтатилади. Дарҳақиқат, биз масжидимизда бундан буён Ашуро тадбири ўтказилмаслик ҳақида 9 декабр куни Ваҳдат туман ҳукуматидан огоҳлантириш олгандик. Лекин ахир Ашуро йилда бир марта нишонланади. Бизга берилган огоҳлантириш муҳлати ҳали тугагани йўқ, -деди Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Тўражонзода жаноблари Ислом маркази уламолар кенгаши билан вужудга келган баҳсини президент билан юзма-юз учрашувда ҳал қилажагини қўшимча қилди.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар уламолар кенгашининг Тўражонзодалар масжидида бегона мазҳаб ақида ва анъаналари тарғиб қилинаётганига оид тарқатган баёнотини ҳам, тожикистонлик минглаб мусулмонларга Муҳаммадия масжидида жума намозини ўқишни таъқиқлашга оид Диний ишлар бўйича қўмита қарорини ҳам буюртма ўлароқ баҳоламоқдалар.

Ҳуқуқ соҳасида мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров мулоҳазасича, уламолар кенгаши баёнотида Муҳаммадия масжидида ҳақиқатдан Ашуро тадбири нишонланганига оид бирорта ҳам асосли далиллар келтирилмаган.

- Ундан ташқари, республика муфтийсининг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда Муҳаммадия масжидига бориши аввал-бошданоқ бу масаланинг буюртма бўлганидан далолат беради. Шуни назарга олган ҳолда, фикримча, бу ишлар олдиндан келишилган ва ҳукумат буюртмасидир, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Зоиров.

Ака-ука Тўражонзодалар оиласига тегишли экани айтилаётган Муҳаммадия масжидида ҳар жума куни республиканинг барча туман ва шаҳарларидан тўпланган минглаб мусулмонлар жума намози ўқиб турган эди.
XS
SM
MD
LG