Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:42

Тўражонзода Москвадаги пикетни ёқламайди


Таниқли уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси пикет қилинишини қоралаб баёнот берди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода мулоҳазасича, Москва пикетидан мақсад Тожикистондаги сиёсий вазиятни издан чиқариш, холос.

- Ўйлайманки, бу бир иғво, чунки бизнинг мамлакат ташқарисида бирор-бир пикетга эҳтиёжимиз йўқ. Менимча, бу тадбир Тожикистоннинг ва қолаверса, айни кунларда Москвада бўлиб турган президентнинг обрўсини тўкиш учун баъзи шахслар томонидан амалга оширилаётган бўлиши мумкин, - деди тожик жамиятида сиёсий арбоб сифатида ҳам яхши танилган Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Бошқа томондан, Тўражонзода жаноблари фикрича, анча йиллардан буён ўзи ва оиласига шахсий хусуматда бўлиб келган айрим мансабдорлар қулай фурсатдан фойдаланиб, “давлат раҳбарини Тўражонзодалар оиласига қарши қайраётган бўлиши ҳам мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, 20 декабр куни Москвадаги Тожикистон элчихонаси олдида марказий осиёлик мусулмонларнинг норозилик тадбири бўлиб ўтди.

Москвада Тожикистон элчихонаси олдида пикет
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00
Бевосита линк


Аснода пикет ташкилотчиси, Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раиси Баҳром Ҳамроев Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг бугунги баёноти ўзи учун кутилган ҳодиса эканини айтди.

- Биз яхши биламиз, умуман Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳақиқатни гапириш жуда қийин. Бугунги баёнотлари шуни англатадики, Тўражонзодага нисбатан Тожикистонда тазйиқлар бўлаяпти. Лекин биз бугун биргина Тўражонзодани деб, чиқаётганимиз йўқ. Биз умуман Тожикистон халқини деб чиқаяпмиз. Тожикистон раҳбарининг Ислом динига қарши ҳатти-ҳаракатларига жамоатчилик фикрини тортишга қарор қилдик, - деди Баҳром Ҳамроев.



Марказий осиёлик сиёсий қочқинларнинг бугунги норозилик акцияси Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Москвага сафари билан бир кунга тўғри келди. Айни пайтда Тожикистон давлат раҳбари МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитида қатнашиши учун Москва шаҳрида бўлиб турибди. Имомали Раҳмон Россия ва Тожикистон муносабатларини кескинлаштирган рус учувчилари билан боғлиқ баҳслардан сўнг илк бор Москвага борди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Москвадаги норозилик акциясини Имомали Раҳмон сиёсатига қарши бўлган айрим ташқи кучлар томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.

- Тожикистон ҳукумати ва сиёсатига қарши бўлган айрим ташқи кучлар қулай фурсатдан фойдаланиб, шу йўл билан Тожикистон ҳукуматига босим ўтказиш ҳамда президентни обрўсизлантиришга уринаётган бўлиши мумкин, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Давлат Усмонов.

Бошқа бир таҳлилчи Амният Абдуназаров эса ҳукумат мухолифлари ҳукумат ичкарисида эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

- “Тўражонзода ва Муҳаммадия масжиди” кабилар бу бир баҳона бўлиши мумкин. Муҳаммадия масжидининг ёпилиши, унинг ортидан Тўражонзодаларнинг сўроққа тутилиши ва Москва пикетлари бунинг ҳаммаси олдиндан режалаштирилган, деб ўйлайман. Бу ҳукумат ичкарисида, аммо ҳукуматга қарши бўлган айрим доираларнинг иши, - деган ишончда мустақил таҳлилчи Абдуназаров.

Унинг фикрича, ҳукумат сиёсий ҳушёрликни бой берса, Москвадаги норозиликлар аста-секин тожик жамиятига кўчиши табиий.

Бироқ Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий бундай фикрларни қувватламаслигини айтади.

Унинг фикрича, Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг бугунги баёноти Тожикистонда рўй бериши кутилган ҳар қандай сиёсий баҳслар ёки турли фитналарга нуқта қўйди.
XS
SM
MD
LG