Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:35

Жанаўзендаги воқеалар терговида БМТ экспертлари ҳам қатнашиши мумкин


Қозоғистон БМТ эскпертларини мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар юзасидан ўтказилажак текширувда қатнашишга таклиф қилди.


Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Жанаўзен шаҳрида 15 одам ўлимига сабаб бўлган тартибсизликларни тафтиш этишда БМТ экспертлари ҳам жалб этилишини билдирди.

Жанаўзен шаҳрида, расмийлар хабарига кўра, 16 декабрда полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувларда 15 киши ҳалок бўлган, 80дан ортиқ одам яраланган.

Мустақил манбалар эса ўлганлар сони анча кўпроқ экани, ҳозиргача баъзи намойишчилар бедарак қолаётганини айтишмоқда.

Гувоҳлар эса намойишчилар ҳукумат кучлари тарафидан аёвсиз ўққа тутилганини билдирмоқда.

Ҳукумат намойишчиларга қарши полиция куч қўллаганини рад этиб, уларнинг ҳаракати қонун доирасида чиқмаганини таъкидламоқда.

Айни пайтда Интернетдаги Youtube видео порталида пайдо бўлган видеода намойишчиларнинг полиция махсус кучлари томонидан отиб ўлдирилиши, ҳамда ўқ еб яраланган ва қочишга уринаётган намойишчиларнинг дўппосланиши тасвирланган.



Бу видео воқеалар рўй берган майдон олдидаги уйлардан биридан гувоҳлар томонидан олган.

Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси Эрлан Идрисов бу тасвирларни кўриб дахшатга тушгани ва бу юзадан ҳукумат албатта суриштирув ўтказишини айтди.

- Бу албатта даҳшатга солувчи видео тасвирлардир, лекин ҳозирча бу борада бирон нарса айта олмайман. Бу видео қаердан пайдо бўлди, ким буни қилди ва ҳаказо, ва ҳаказо. Буни аниқлаш экспертлар зиммасидадир,- деди Идрисов.

21 декабр куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Қозоғистон элчиси тасвирлар сохта бўлиши мумкинлигига ҳам ишора қилди.

- Ҳодисалар 16 декабрда содир бўлди, видео 21 декабр куни Интернетда пайдо бўляпти. Лекин, шуни айтишим мумкин ҳукумат бундан хабардор ва энг юқори даражада бу тафтиш қилинади. Агар тасвирлар ҳақиқий бўлиб чиқса, бу билан адлия тизимларимиз шуғулланади,- деди Идрисов.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошлари оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келишаётганди.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар чоғида ўнлаб ҳукумат бинолари ёқиб юборилган.
XS
SM
MD
LG