Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:49

Каримов Мурод Отаев мақомини пасайтирди


Мурод Отаевнинг мавқеи ниҳоятда кучайиб кетган Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг навбатдаги "қурбони" бўлгани тахмин қилинмоқда.
Мурод Отаевнинг мавқеи ниҳоятда кучайиб кетган Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг навбатдаги "қурбони" бўлгани тахмин қилинмоқда.

Мурод Отаев Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан олиниб¸ ўринбосарликка тайинланган.


Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг ахборот сиздирувчи воситаси деб билинган Uzmetronom.com Интернет газетаси ҳозирча бу ҳақдаги маълумотнинг ягона манбаси бўлиб қолмоқда.

Расмий манбалардан бу хабарни тасдиқлаш ëки инкор қилишнинг имкони бўлмади - Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши жамоатчиликдан мутлақ иҳоталанган бир тизим ва унда на расмий веб саҳифа ва на жамоатчилик учун боғланиш имкони бор.

Оммавий ахборот воситалари назаридан панада юрадиган Мурод Отаевнинг исми-шарифи яқинда Москвада ўтган КХШТ саммити билан боғлиқ хабарларда кўзга ташланди. Uzmetronom.com Интернет газетасининг ëзишича¸ 20 декабр кунги мазкур саммитда иштирок этиб қайтган президент Ислом Каримов Мурод Отаевнинг баҳридан ўтишга қарор қилган. Аммо газет муҳаррири Сергей Ежков¸ Отаев мақомининг нега айнан КХШТ саммити билан боғлиқ ҳолда пасайтирилганига ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Генерал-лейтенант Мурод Отаев мавқеининг пасайтирилиши Ўзбекистондаги кланлар орасидаги яширин кураш оқибатидир дейди¸ ҳозир мамлакат ташқарисида яшаëтган¸ ўтмишда МДҲ давлатларидан бирида дипломат лавозимида ишлаган собиқ мулозим исми айтилмаслик шарти билан.

Суҳбатдошга кўра¸ Мурод Отаев Ўзбекистондаги “Самарқанд” кланига мансуб.

Отаев¸ собиқ мулозимга кўра¸ ҳозирга қадар Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов манфаатларини ҳимоя қилиб келган.

Суҳбатдош назарида¸ Отаев мавқеининг пасайтирилишида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг катта роли бор.

"Айни пайтда Отаевнинг мавқеи жуда ҳам пасаймади ва Kаримов унда Иноятовдан ўч олиш шансини қолдирди"¸ дейди суҳбатдош.

Собиқ дипломат назарида¸ Каримов шу тариқа кланлар орасидаги низони мўътадил ушлаб келмоқда.

Суҳбат асносида Мурод Отаевнинг Ленинободда туғилгани ва Тожикистондаги бизнес тизимларда улуши борлиги ҳам аëн бўлди.

Норасмий манбаларга кўра¸ Отаевнинг ўғли Москвада Тожикистон алюминий саноатини тамсил қилиувчи вакил сифатида фаолият кўрсатади.

Тошкентда фаолият олиб борадиган рус журналисти Владимир Березовскийга кўра¸ Мурод Отаев аксил-либерал қарашлари билан ном чиқарган.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам бу тахминни тасдиқлаб¸ Отаев эгаллаган лавозим мавқеи кейинги пайтда бир оз пасайганига эътибор қаратди. Унга кўра¸ 2004 йилда Миракбар Раҳмонқулов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан кетганидан сўнг кенгаш котиблиги лавозими мавқеси ҳам пасайган.
XS
SM
MD
LG