Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:30

Давлат рақами учун 95 минг сўм


Юкдан эзилган машинангизнинг номери тушиб қолгудек бўлса, эндиликда 283140 сўм тўлашингиз керак бўлади.
Юкдан эзилган машинангизнинг номери тушиб қолгудек бўлса, эндиликда 283140 сўм тўлашингиз керак бўлади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги давлат рақамлари, автотранспортни қайддан ва техник кўрикдан ўтказиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишда олинадиган тўлов ставкаларини белгилаб берди.

Вазирлик буйруғига кўра, жорий йил 31 декабридан автотранспорт воситаларига давлат рақамлари олиш учун ўзбекистонликлар энг кам иш ҳақининг 1,5 баробарида пул тўлашлари керак бўлади. Агар шу йил 1 декабридан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 62920 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, “номер нархи” 94380 ташкил қилади. Шунингдек, мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва прицеп (ярим прицеп) учун давлат рақами олинган пайтда энг кам маошнинг 75 фоизи ёки 47190 сўм, транзит рақами учун эса энг кам иш ҳақининг 25 фоизи ёки 15730 сўм миқдорида пул тўлаш керак бўлади.

Маълумотларга кўра, эндиликда яроқсиз ҳолга келган бир жуфт давлат рақамини янгисига алмаштириш учун 62920 сўм (энг кам маош), биттаси учун эса 31460 сўм (энг кам иш ҳақининг ярми) миқдорида тўлов олинади.

Бироқ номерингизни йўқотиб қўйгудек бўлсангиз, янгисини олиш учун белгиланган ставкадан 3 баробар кўп пул, яъни 283140 сўм тўлашингиз керак бўлади. Шунингдек, янги олган машинангизни қайддан ўтказиш чоғида эски номерингизни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, 47190 сўм тўлайсиз.

Бу тўловлар, маълумотларга кўра, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги идоралари томонидан имтиёзли шартларда автотранспорт воситаси берилган ногиронлардан олинмайди.

Айни пайтда транспорт воситасининг қайд гувоҳномасини олиш учун энг кам маошнинг 20 фоизи ёки 12584 сўм, мазкур гувоҳнома йўқотилган тақдирда эса дубликат учун белгиланганидан беш баробар кўп, яъни 62920 сўм тўланиши айтилмоқда.

Шунингдек, автотранспортни техник мажбурий кўрикдан ўтказиш учун энг кам маошнинг 10 фоизи ёки 6292 сўм, мототранспорт ва прицепларни (ярим прицеплар) мажбурий кўрикдан ўтказиш учун эса энг кам иш ҳақининг 5 фоизи ёки 3146 сўм пул тўлаш керак бўлади.

Ички ишлар вазирлиги буйруғида имтиҳон ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш чоғида олинадиган тўлов ставкалари ҳам белгилаб берилган.

Хусусан, назарий имтиҳон ва транспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий имтиҳон учун ставка энг кам иш ҳақининг 10 фоизи ёки 6292 сўмни ташкил қилади. Бу имтиҳонлар қайта топшириладиган бўлса, автоҳаваскор энг кам маошнинг 15 фоизи ёки 9438 сўм тўлаши керак бўлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун энг кам маошнинг 20 фоизи ёки 12584 сўм, огоҳлантирув талони учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи ёки 6292 сўм тўланади.

Мазкур ҳужжатлар йўқотиб қўйилган тақдирда ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликати учун 62920 сўм (беш баробар кўп), огоҳлантирув талони дубликати учун эса 31460 тўлаш лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG