Линклар

Шошилинч хабар
30 март 2024, Тошкент вақти: 04:39

Янги йил оқшомида Қорқиз тақчил бўлди


Ўзбекистонлик муҳожир Аҳмад ҳожи Хоразмий оиласи даврасида Санта ëхуд Қорбобо либосида.
Ўзбекистонлик муҳожир Аҳмад ҳожи Хоразмий оиласи даврасида Санта ëхуд Қорбобо либосида.

Ўзбекистонда 31 декабр кечаси Қорбобо ва Қорқизнинг уйма-уй юриши борган сари урф бўлиб бормоқда.

Пойтахт Тошкентда Қорбобонинг болалик хонадонларга кириб¸ совға улашиши нархи ўртача 50 минг сўм атрофида бўлса¸ вилоятларда бу нархнинг 10 минг сўм атрофида экани айтилмоқда. Айни пайтда¸ Янги йил кечаси бу ишни бепулга қилиб¸ болаларни хурсанд қилишга уринаëтган ëшлар борлиги ҳам айтилмоқда.

Ургенчлик Арслон ака уч фарзанднинг отаси. Янги йил оқшомида болаларини хурсанд қилиш учун у ҳар йили уйига Қорбобо ва Қорқиз “заказ" қилади.

- Ҳар бир кўчада Қорбобо бўлади. Қорбобо билан келишиб қўясиз. Совғаларни олиб берасиз. Янги йил олдидан келиб болаларга шеър айттиради. Пул бериб қўясиз олдиндан. Мен 10 минг сўм бердим. Келди, у ëқ бу ëғи 15 минут вақти кетди. Қорқиз топа олмабди. Битта ўртоғи Қорқиз бўлиб келибди. Ўғил бола қиз болача кийинган. Уйига Қорбобо кирмаган уй бўлмаса керак. Бизларнинг таниш-билишларнинг ҳаммасиникига кириб чиқишган¸ дейди Янги йил кечаси Қорбобо ва Қорқиз келишида ҳеч бир маънавий-ахлоқий муаммо кўрмаслигини таъкидлаган Арслон ака.


Янги йилда қорбобо
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:13 0:00
(Айни пайтда Қорбобо ролининг қизлар томонидан ўйналиши ҳам кузатилади.)


Тошкентда яшайдиган 14 яшар Зуҳранинг уйига ҳам ҳар йил 31 декабр куни Қорбобо ва Қорқиз келади. Аммо бу йил негадир Қорқиз тақчил бўлди шекилли¸ Қорқиз ролини ҳам йигитлар ўйнаб беришди¸ дейди Зуҳра.

- Заказ қилмадик. Келишди. Эшикни очсак, Қорбобо, Қорқиз турган экан. Қорқиз ўғил бола экан. Билмадим, балки кулгили бўлиши учундир. Хуллас шунақа кийиниб келишибди. “Ëш бола борми шеър айтадиган? Совға бермоқчимиз” дейишди. Уйда ëш бола бор эди. Совға беришди. Дадамиз қуруқ кетмасин деб у-бу нарса бериб юборди. Табриклаб кетишди¸ дейди ота-онасининг олдиндан ишни пишитиб¸ Қорбобо ва Қорқиз чақириб қўйганига ишонмаслигини айта туриб Зуҳра қиз.

"Қорқизнинг тақчиллашгани¸ ярим кечаси уйма-уй юришни истовчи ўзбек қизларининг камлиги¸ ота-оналарнинг бунга рухсат бермаслиги билан боғлиқ бўлса керак"¸ деб қўшиб ўтади Зуҳра.

Уйимизга ҳар йил Янги йил кечаси келадиган Қорбобо ва Қорқиз бу йил келмади¸ нархи қиммат бўлганиданми¸ ëки биз катта бўлиб қолганимиз учунми¸ ойим Қорбобо олиб келишга қарши бўлдилар¸ дейди Тошкентда яшайдиган 11 яшар Юлдуз.

- Келмади, фақат арчанинг тагига совға ташлаб кетди. Дадам олиб келмоқчи эди, ойижоним керакмас деди. Пул тўлаш керак. Кўчада туради Қорбобо ўзи. Бизларда ҳақиқий Қорбобо йўқ. Кийимлари сотиб олинадида юради Қорбобо. Кўчада туради. Қорбобо кийимларни кияди, соқол кияди, чўп олади қўлига. Уйга 15 минутга чақириш нархи¸ камида 50 минг сўм. Уни ҳам заказ қилдиришингиз керак¸ дейди Қорбобонинг харидор кутиб туни билан маҳаллада изғиб юрганига ўзи гувоҳ бўлган Юлдуз.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистонда Қорбобо ва Қорқизнинг Янги йил кечаси юриши ўзига хос бизнесга айланиб бормоқда. Айни пайтда¸ ўзининг артистик маҳоратини синаб кўришга аҳд қилган шўхроқ ўспиринларнинг ўз маҳалласида текинга уйма-уй юриши ҳам урф бўлиб бораëтгани айтилади. Бу урф эса жамиятнинг муайян қисмида эътироз уйғотаëтгани¸ бу эътирознинг айрим мусулмон жамиятларида фожиага элтаëтгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ 31 декабр кечаси Душанбе кўчаларида Қорбобо кийимида уйма-уй совға улашиб юрган 24 яшар иқтисодчи Парвез Давлатбеков кўчада ҳужумга учраб¸ чавақлаб кетилди. Фожиа юзасидан баëнот эълон қилган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги қотилликда гумонланиб Душанбе олийгоҳларида ўқиëтган иккита 20 ëшлардаги шахснинг ҳибсга олинганини маълум қилди. Расмий изоҳга кўра¸ қўлга олинган радикал исломчилар Парвез Давлатбековни мусулмон жамиятига ëт бўлган куфр анъаналарини тарғиб қилганлик учун ўлдирганини эътироф қилган.

Янги йилнинг нишонланиши¸ байрам олди Арча безатиб¸ уйга Қорбобо ва Қорқиз чақиртирилишига нисбатан ўзбек жамиятида ҳам қарама-қарши муносабат тобора қутблашиб бормоқда. "Интернетда Қорбобо қийимида тушган суратим қўйилганидан сўнг¸ радикал руҳдаги ваҳҳобийлардан балога қолдим"¸ дейди ўзбекистонлик Аҳмад ҳожи Хоразмий Озодлик билан суҳбатда.

- Ер юзининг деярли кўп жойларида нишонланади бу Янги йил. Бунинг нимаси ëмон экан? Ҳаммаси хурсандчилик бўлса, бир томондан Қорбобо бўлса, иккинчиси Қорқиз бўлса, одамларга, болаларга шодлик уланса, бунинг нимаси ëмон?

Гапнинг очиғини айтадиган бўлсам, ваҳҳобийларнинг мутлоқ катта кўпчилигининг диндан саводи йўқ. Улар фақат фанатиклар. Уларнинг шунақа ахмоқликларидан кимлардир фойдаланади. Мени мақтанган демангу, “Қуръони Каримдан мухтасар сабоқлар”, Ҳадиси шариф ўгитлари” деган китоблар ëзганман. Ҳожиман. Нақшбандий тариқатида ибодат қиламан. Гап шундаки, исломда бирорта жойда унақа бўлмасин, бунақа бўлмасин деган жойи йўқ. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Янги йил байрами бу диний байрам эмас. Йил алмашинуви байрам қилинади¸ холос. Исонинг туғилган куни деб мана 25 декабр ëки 7 январни айтса¸ унда бошқа. Бунинг умуман динга алоқаси йўқку. Байрамнинг ҳаммаси яхши нарса. Исонинг таваллудини¸ масалан¸ биз ҳам нишонладик. Масалан¸ мен Қуръон ўқиб Исо алайҳиссаломнинг руҳларига дуо қилдим. Бунинг нимаси динда ëмон экан? Қуръонни очиб ўқисангиз, Исо пайғамбар энг олий пайғамбарлардна бири эканлиги, Инжил энг яхши китоблардан биттаси эканлигини юзлаб жойда таъкидлаган¸дейди ҳозирда Британияда муҳожиратда яшаëтган Аҳмад ҳожи Хоразмий.
XS
SM
MD
LG