Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:18

Хатлонлик ўзбеклар Каримовга мактуб йўллади


Тожикистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан Амузанг-Қўрғонтепа темир йўлининг тезроқ ишга туширилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўрамоқдалар.
Тожикистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан Амузанг-Қўрғонтепа темир йўлининг тезроқ ишга туширилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўрамоқдалар.

Тожикистондаги ўзбек миллатига мансуб бир гуруҳ тадбиркорлар президент Ислом Каримовга хат ёзди.


Ўзбекистон президентидан Амузанг-Қўрғонтепа темир йўлининг тезроқ ишга туширилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраб, мактуб йўллаганларнинг аксарияти хатлонликлардир.

Тожикистон Темир йўллари ширкатининг Хатлон вилоятидаги бўлими раҳбари Саиджон Ёдгорийга кўра, Хатлон ва Бадахшон вилоятларига юборилган 302 та юк вагони Ўзбекистон темир йўлларида тўхтаб қолган.

Ёдгорий аксарияти маҳаллий тадбиркорларга тегишли бу юк вагонларида асосан озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари борлигини таъкидлади.

Аснода Тожикистоннинг аҳолиси зич бўлган ҳудудига мўлжалланган зарур маҳсулотларнинг Ўзбекистон темир йўлларида қолиб кетаётгани расмийлар билан бир қаторда оддий тожикистонликларда ҳам жиддий ташвиш уйғотган.

Бундан кўпроқ иқтисодий зарар кўраётган хатлонлик ўзбек тадбиркорлар Ўзбекистон ҳукумати ва президентидан Амузанг-Қўрғонтепа темир йўли тезроқ тикланишига таъсир ўтказишни сўраган.

- Бу ерда ишлар тўхтаб қолган, объектлар қурилиш материалларига қийналиб турибди. Бунинг халқ хўжалигига катта зарари бор-да ахир. Шахсан бир кишига конкретно эмас, умуман. Баъзи нарсаларни “Душанбе орқали олиб боринг” деб айтаяпти улар, унга бир ташкилотнинг иложи бор, бирининг иложи йўқ. Чунки қўшимча харажатлар қилиш керак бўлаяпти, бу ўта сарсонгарчилик. Буни тезроқ ҳал қилиш керак, - дейди Озодликка гапирган хатлонлик тадбиркорлардан бири Эҳсон Мустафоқулов.

2011 йилнинг 17 ноябрида Термиз-Қўрғонтепа йўналишидаги темир йўл ўтган кўприкда портлаш содир бўлгани ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари буни террорчилик хуружи ўлароқ баҳолагани олдинроқ хабар қилинган эди.

Бироқ Тожикистон расмийлари қўшни мамлакат вакиллари келтирган бу сабабни “ёлғон” деб баҳолар экан, Ўзбекистон томони Хатлон ва Бадахшон вилоятларини қасддан иқтисодий қамал қилаётганини иддао қилмоқда.

Бундан бир неча кун аввал EurasiaNet нашри ҳам воқеа жойини бориб кўрган мухбири Мэтю Стаурбрижга таянган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўлида теракт бўлмагани”ни хабар қилганди.

Тожикистон учун муҳим таъминот тармоқларидан бири бўлган Амузанг-Қўрғонтепа темир йўлидаги фалажлик тожикистонликлар учун қатор ижтимоий ва иқтисодий муаммолар яратаётир.

Айни қиш чилласида, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган вагонларнинг Ўзбекистонда қолгани республика жанубий-ғарбида озиқ-овқат тақчиллигини вужудга келтиргани кузатилади.

“Бироқ Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари бу масала юзасидан бир-бирини айблашдан нарига ўтмаяпти”, дейди мустақил кузатувчилар.

Аснода кўпчилик тожикистонликлар хатлонлик ўзбеклар ташаббусини қувватлар экан, улар мурожаатларига ижобий жавоб бўлишига умид қилишларини айтмоқда.

- Агар давлат раҳбарлари ҳамжиҳат бўла олмаса, бу ерда оддий ҳалқ мурожаат қилиши керак. Тожикистонлик тадбиркорлар гуруҳи томонидан жаноб Ислом Каримов номига ёзилган мактуб қанийди нақд қўлига бориб тегса-ю, у одам инсонларча ҳаракат қилиб, бизга ёрдам бериб юборса. Мен, ҳар ҳолда, соғлом ақл ғалаба қилса керак, деб ўйлайман, - дейди душанбелик Нодирхон ота.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати масъулларининг билдиришича, Ғалаба-Амузанг темир йўлида юз берган ҳодиса юзасидан тергов-қидирув ишлари ниҳоясига етмагани сабабли ўзбекистонлик темир йўлчилар йўлни тиклаш масаласи ҳалича ҳал қилинмаганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG