Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:52

Эволюциянинг ўзбек модели


Доим янги йил киргач, беихтиёр эски йилни эсга оламан, кечган йилни сарҳисоб қиламан.

Қизиқ ўтди эски йил, бир дақиқа ҳам зерикишга имкон бермади. Баҳор ҳам ўзгача бошланди – “Араб баҳори”.

Янги ибора пайдо бўлди: “Хитой телефони”, “Турк кийимлари”, “Рус машиналари” ва “Ўзбек гастарбайтерлари” қаторига янги бренд - “Араб баҳори” ҳам қўшилди.

Тадбиркор инсон бу номдан унумли фойдаланса бўлади. Ўзимга қолса, Тошкентдаги Мустақиллик майдонида “Араб баҳори” номли кафе очардим. Романтик майдонда романтик номдаги қаҳвахона. Мижозларнинг ҳаммаси пулдорлар бу ерда, иш юришгандан юришиб, қўл қўлга тегмай кетади. Тушликка чиқишга вақти бўлмаганларга ўзим ишхонасига олиб бориб берардим таомларни. Чиройли ўраб, устига “Араб баҳори ҳар бир хонадон ва ишхонада” деб ёзиб...

Аммо бу слоганни кўриб, мени қип-қизил инқилобпарастга чиқариб қўйманг. Аслида мен революция эмас, балки эволюция тарафдори бўлган одамман.

Бу арабларга ўтган йили нима жин тегди ўзи - ҳайронман. Революцияга бало бормиди? Юравермайсанми тинчгина серқуёш ўлкангда палма соясида банандан роҳатланиб... Бесабр халқ бўлса керак, “Сабр таги сариқ олтин” деган гапни эшитишмагандир ҳойнаҳой. Иссиқда қаҳва ичишнинг оқибати бу. Бизникилардан ўрнак олишса бўларди аслида. Муаммо тўс-тўполон билан ҳал қилинмайди, дўппини тиззага кийдириб, аччиқ кўк чойни уч марта қайтариб қуйиб, оҳиста хўплаб, бир ҳовуч майизга ёнғоқни аралаштириб, бу неъматдан бир нос отимидай оғизга солиб, “Қора кўзим” нағмаси остида мулоҳазага чўмиш керак иш бошлашдан олдин. Қаҳва эмас, кўк чой ичиш керак, араб биродар.

Ўзингиз масалани ҳал қилолмаётган бўлсангиз, лоақал бизнинг Ўзбекбошидан маслаҳат сўранг. “Ўзбекбошинг ким” дейсизми? У кишим доно маслаҳатгўй. Умуман олганда, у кишини узоқ сифатлаш мумкин: коммунист, спортчи, маълумотини айтмайсизми маълумотини. Асосийси, кўк чой ичади - тўқсон бешидан. Оқилликда тенгсиз, савлату салобати бир олам. Яна энг муҳими, ҳеч қандай революция дардига мубтало эмас, ашаддий эволюционер.

Сўзим қуруқ бўлмаслиги учун ҳижжалаб тушунтираман нима учун бундай деганимни: эволюция дегани тирик мавжудотнинг табиий ривожланиб, турли босқичлардан ўтиб, кучли ва етук шаклга келишидир. Бизда ҳозир айнан эволюция жараёни бормоқда.

Тасаввур қилингки, биз ҳомиламиз, эволюция қонунлари бўйича ривожланаяпмиз. Ушбу қонунга кўра, ҳомила ўз ривожланиш жараёнида эволюция босқичларидан бирма-бир ўтиб келади, яъни эволюция занжирини такрорлайди. Занжир бошида майда таначалар туради. Бу таначалардан балиқлар, балиқлардан сувда ва қуруқда яшовчилар (амфибиялар), амфибиялардан судралиб юрувчилар пайдо бўлади. Судралиб юрувчилардан бир тармоқ - қушлар пайдо бўлиб, учиб юришибди ҳанузгача. Биз ақлсизлик қилиб учиб кетмаймиз, эволюцияни тўхтатиб қўйиб. Судралиб юрувчилар олдига қайтамиз ва ҳаётга жиддий ёндошиб, эволюцияни сут эмизувчилар босқичи билан эсон-омон якунлаб, барчанинг энасини эмдирамиз. Унгача эса ҳали вақт бор. Биз ҳозир эволюция занжирининг муҳим - балиқлар поғонасидамиз. Увилдириқдан чиқиб, майда чавоқчаларга айланиб, дунё уммонида сузиб юрган кезимиз.

Майда балиқчалар хавфсиз яшаши учун Назоратчилар ғамхўрлик қилиб туради. Бу вазифани бизда милиция бажаради. Бу Назоратчи деганимиз қўрқмас ва фидоий. Бекорга бундай сифатлаганим йўқ уларни, бизникиларни бошқа Назоратчилар билан солиштириб кўринг. Дейлик, бошқалар Назоратчиларга маош бермай қўйилса, яшай оладими? Ҳеч қачон. Етти ухлаб тушда кўрмайсиз буни - бари очликдан қирилиб кетади. Бизникилар ўта яшовчан, топқир, маошсиз ҳам куни ўтаверади.

Ёки, масалан, Америка ёки Европада тартибни бузсангиз, ишни енг ичида ҳал қилиш учун пул таклиф қилсангиз оладими? “Ҳа, олади, улардаям бола-чақа ва қорин ичак бор” дейсизми? Э, ака, нималар деяпсиз ўзи, уларда юрак борми бунга? Қўрққанидан дарров шимининг рангини ўзгартириб юборадию. Пулни олиш тугул, бу ҳақда бехосдан ўйлаб қолса, дағ-дағ титраб, иссиғи чиқиб, лабига учуқ тошиб кетади-ку. Бизникилар-чи? Бизникиларнинг юраги отнинг калласидай, у берганингиз пул экан, қўйиб берсангиз, жонингизни қўшиб олаверади. Бу довюраклик ва жасурлик исботи. Жуда чидамли булар, экватор иссиғию арктика совуқлари писанд эмас. Қор ёмғир аралаш тош тугул бало ёғсаям, бардош беради. Уларни шу сифатларига яраша номлашимиз керак. Масалан, ФБН, яъни Фидоий Балиқлар Назоратчиси. ФБР эмас, у Американики, улар қўрқоқ. Бизникилар эса қўрқув билмас ФБН.

Мавзудан сал четлаб кетдим, узр. Хуллас, бардош-ла эволюция қонунларидан оғишмай ривожланяпмиз. “Жа чўзилди-да бу жараёнинг” дейдиганлар учун эслатма: биринчидан, бу бизнинг жараёнимиз, иккинчидан, буни ўз номи билан Эволюция дейдилар. Шошқалоқлар ўзбек эмас. Ҳали олдинда амфибиялар, судралиб юрувчилар, қушлар ёки сут эмизувчилар босқичи бор.

P.S: (азонда) Буни ёзишга ёздиму, менга эволюция таълимоти маълумотлари қайдан келди, деб ўзимдан ўзим ҳайрон қолдим. Оддий дурадгор бўлсам... Балким аввалги ҳаётимда Дарвин шогирди бўлганмикинман?..

P.P.S: (кечга томон) Эсладим! Мен бир пайтлар биология факультетида бирор йил ўқигандим. Кечаги гаштакда ичилган аралаш-қуралаш ичимликлар хотирага панд берди, ҳайтовур.
XS
SM
MD
LG