Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:42

"Азроилни кутсам, бўри келди"


Озодамоҳ ая Саиднуруллоева Шуғнон туманида бўрининг ҳужумига учраган олтинчи фуқародир.
Озодамоҳ ая Саиднуруллоева Шуғнон туманида бўрининг ҳужумига учраган олтинчи фуқародир.

Тоғли Бадахшон вилоятининг Шуғнон туманида яшаб турган 90 ёшли Озодамоҳ Саиднуруллоевага бўри ҳужум қилди. Бахтли тасодиф туфайли тирик қолган онахон ҳаётига, шифокорларнинг ишонтиришича, ҳозир жиддий хавф йўқ.

90 ёшни қоралаб қолган онахон Озодлик мухбири билан суҳбатда “шу пайтгача қўй ва сигир еган бўрилар энди одам еяётгани”ни айтган.

- Мен бу ёшда “жонимни олсин” деб Азроилни кутиб ётгандим, лекин унинг ўрнига бўри келди, - дейди шуғнонлик онахон.

Маълум бўлишича, ўтган душанба куни Озодамоҳ ая бомдод намозига таҳорат олиш учун ҳовлисига чиққан. Шу вақт қаердандир пайдо бўлиб қолган бўри унга ташланиб, бир неча метр масофагача судраб борган. Онахон ёрдам сўраб бақиргач, ён қўшнилари етиб келган. Шу тариқа, ая бўрига ем бўлишдан қутулиб қолган.

Шуғнон туманининг Навобод қишлоқ кенгаши шифокори Ўктамбек Темурбеков бемор Озодамоҳ Саиднуруллоеванинг аҳволини ўртача баҳолайди. Унинг айтишича, бўри кампирнинг қўли ва бўйнига жиддий зарар етказган.

- Бемор бир-икки ҳафта давомида тузалади. Агар бўриларнинг одамларга ҳужум қилиш ҳолатлари давом этаверса, у ҳолда, аҳоли орасида қутуриш касалининг тарқалиш хавфи бор, - дейди Навобод қишлоқ шифокори Ўктамбек Темурбеков.

Шу туманнинг Сижд ва Риваки қишлоқлари аҳолисининг айтишича, сўнгги вақтлар бўриларнинг одамларга ташланиши ҳолатлари тез-тез қайдга олинаяпти.

Бу қишлоқларда яшовчилар ўзларини ҳимоя қилиш учун “белкурак ва кетмон билан қуролланган”ларини айтади. Зеро, уларнинг гапига қараганда, маҳаллий ҳукумат мулозимлари ота-боболаридан мерос қолган ов милтиқларини мусодара қилган.

Шуғнонликларнинг гувоҳлик беришларича, туман ички ишлар бўлимининг бўриларни қириш учун Сижд ва Ривакига сафарбар қилинган ходимлари “омадсиз ов”дан кейин иш жойларига қуруқ қайтишган.

Туман милицияси ишидан норози бўлган маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, милиционерлар бўриларни овлаш ўрнига ҳавога ўқ отиб, ваҳший ҳайвонларни қўрқитишдан нарига ўтмаган.

Бадахшон вилоят ички ишлар бошқармаси масъулларининг билдиришича, Навобод қишлоқ кенгаши раиси илтимоси билан яқин кунларда аҳолини бўрилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида қуролланган махсус гуруҳ Сижд ва Риваки қишлоқларига юборилади.

Бадахшондаги табиатни муҳофаза қилиш идораси расмийларининг айтишича, 2006 йилдан буён бўриларнинг кўпайиши олдини олишга қаратилган дастур ишламайди. Бу эса, ўз навбатида, йиртқичларнинг тез кўпайишига ҳамда аҳоли ва чорвага нисбатан таҳдид кучайишига сабаб бўлган.

- Қор кўп ёғиб, ҳаво совуқ бўлгани учун бўрилар ҳам пастга эниб, чорва ва одамларга ташланаяпти. Тегишли идоралар бўри ови учун пул ажратиш ортиқча харажат эканини айтаяпти. Туман ҳукумати ҳисобида эса бунга етарли маблағ йўқ, - дейди Бадахшон вилоятининг табиатни асраш идораси раис муовини Фарҳод Мамадназарбеков.

Айни пайтда Навобод қишлоқ кенгаши аҳолиси бўрилар хавфи бартараф этилмагунча фарзандларини мактабга юбормаслигини айтмоқда.

- Оллоҳга шукурки, ҳозир болалар қишки таътилда. Акс ҳолда, болаларимиз бўриларга ем бўларди, - дейди Сижд қишлоғида яшовчи Рамазон.

Тожик мутахассисларига кўра, шўро замонларида бўрилар сони вертолётлар ёрдамида аниқланиб, тартибга солиниб келинган. Бироқ ҳозирда Марко Поло эчкиларини ҳисобга олмаганда, ёввойи ҳайвонларни қайдга олиш амалга оширилмаётгани сабабли Бадахшон тоғларида яна қанча бўри ўлжа қидириб юргани номаълум.
XS
SM
MD
LG