Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:03

Путин муҳожирот тартибини кучайтирмоқчи


Россия Бош вазирининг миграция тартибини кучайтиришга оид мақоласи унинг "Владимир Путин 2012" сайтида эълон қилинди.
Россия Бош вазирининг миграция тартибини кучайтиришга оид мақоласи унинг "Владимир Путин 2012" сайтида эълон қилинди.

Россия Бош вазири Владимир Путин 2013 йилдан бошлаб муҳожирлар учун рус тили, мамлакат тарихи ва ҳуқуқ асосларидан имтиҳон жорий этиш таклифи билан чиқди.

Бош вазирнинг putin2012.ru сайтида эълон қилинган “Россия: миллий масала” сарлавҳали муаллифлик мақоласида келтирилишича, бундай имтиҳон муҳожирлик мақоми олиш ва миграция картаси муддатини чўздиришни истаган муҳожирлар учун мажбурий бўлиши шарт.

“Биз учун муҳожирлар жамиятга мослаша олиши муҳим. Россияда яшаш ва ишлашни истаган муҳожирлар учун элементар талаб уларнинг маданиятимиз ва тилимизни ўзлаштиришга нақадар тайёрлиги бўлиб ҳисобланади. Кейинги йилдан муҳожирлик мақомини олиш ёки бу муддатни чўздириш учун рус тили, Россия тарихи ва рус адабиёти, давлатимиз ва ҳуқуқ асослари бўйича имтиҳон топширилишини мажбурий қилиб қўйиш зарур”, деб ёзади Владимир Путин.

Ўз мақоласида Бош вазир мамлакатда ички ва ташқи миграция фаол ривожланиб бораётганини қайд этаркан, бошқа маданият, бошқа тарихий анъаналар билан Россия ҳудудларига келган кишилар маҳаллий урф-одатларга ҳурмат билан муносабатда бўлишлари кераклигини, тажовузкорлик, беодоблик ва ҳурматсизлик акс этган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга эса биринчи навбатда бугунги кунда кўпинча бунга нисбатан “ҳеч қандай чора кўрмаётган” ҳокимият органлари томонидан кескин жавоб берилиши лозимлигини таъкидлайди.

Владимир Путин муҳожирлар оқими сабаб бир қатор ҳудудларда ижтимоий инфратузилма, тиббиёт, таълим, меҳнат бозори ҳозирнинг ўзида амал-тақал қилиб ишлаб тургани, бу эса “туб аҳоли” учун ҳам, “келгиндилар” учун ҳам анча мураккаб вазият яратаётганини эътироф этади. Бош вазирга кўра, фуқароларнинг яшаш жойи танлаш бўйича конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини бузмаган ҳолда “муҳожирларни рўйхатга олиш тартиби ҳамда уларни бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш керак”.

Путин Россияда давлат миграцион сиёсати сифатини юқорилатиш зарур, деган фикрда.

Россия Бош вазири мулоҳазасича, ноқонуний муҳожиротни ҳеч қачон ва ҳеч қаерда тўлалигича йўқ қилиб бўлмайди, бироқ бу кўриниш албатта минимум даражага туширилиши лозим. Бу жиҳатдан, Путинга кўра, барча учун тушунарли бўлган полиция фаолияти ва миграция хизматлари ваколатларини кучайтириш зарур.

Айни пайтда Россия Бош вазири “миграцион сиёсатни шунчаки механик тарзда кескинтириш натижа бермаслиги”ни урғулайди. Кўп мамлакатларда бундай чора-тадбирлар фақат ноқонуний миграция кучайишига олиб келган, холос. Путин фикрича, миграцион сиёсат мезонлари унинг кескинлигида эмас, балки унинг самарадорлигида акс этади.

Аснода айрим кузатувчилар “Независимая газета”да ҳам босилган мазкур мақолани Владимир Путиннинг шу йил март ойида бўлиб ўтажак президентлик сайловларидан олдин қўйган пиар қадамларидан бири ўлароқ баҳоламоқдалар. Уларга кўра, Путин кейинги пайтларда Россияда маҳаллий аҳоли ўртасида аксилмуҳожирлик кайфияти кучаяётганини яхши билади ва бу норозилик потенциалини ўз фойдаси учун ишлатмоқчи.

Аввалроқ Россия Бош вазирининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин томонидан ёзилган муаллифлик мақолалари унинг сайловолди дастури асосини ташкил этиши ҳақида билдирган эди.
XS
SM
MD
LG