Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Григорий Явлинский номзодликка ўтмаслиги мумкин


Григорий Явлинский.
Григорий Явлинский.

Россия мухолифатининг Яблоко партияси асосчиси Григорий Явлинский 4 март кунига белгиланган президентлик сайловида номзод сифатида рўйхатга олинмаслиги мумкин.


Сайлов комиссиядаги Яблоко намояндаси Елена Дубровинанинг Интерфакс агентлигига билдиришича¸ Марказий сайлов комиссияси Явлинскийни номзод сифатида регистрация қилиш учун йиғилган овозларнинг 10 фоизга яқинини яроқсиз деб топган.

Президенликка даъвогарлардан бири¸ миллиардер Михаил Прохоров.
Президенликка даъвогарлардан бири¸ миллиардер Михаил Прохоров.
Президент сайловига оид Россия қонунчилигига кўра¸ мамлакат президентлигига номзод сифатида расман рўйхатга олинишни истаган шахс¸ бу иддаосини қувватлайдиган камида 2 миллион тарафдори имзосини йиғиб¸ Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши шарт.

Мухолифат вакили Явлинский ўз номзодини қўлловчиларнинг 2 миллион 132 минги имзосини тўплаб¸ Марказий сайлов комиссиясига топширган¸ аммо аввалги хабарларга кўра¸ бу имзоларнинг 26 фоизигача сайлов расмийлари томонидан яроқсиз деб топилган.

Душанба куни Москвада мухбирлар билан учрашган Григорий Явлинский тарафдорлари имзосининг рад этилиши¸ ўзининг мавжуд ҳокимият сиëсатига мухолиф қарашда экани билан боғлиқлигини таъкидлади.

- Бу қарор¸ ўз моҳияти билан¸ мутлақ сиëсийдир. Бу қарорнинг у ëки бу имзо ëки унинг сифатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бундай қарордан кўзланган мақсад¸ бугун Россияда бўлаëтган жараëнлардан норози¸ унинг ўрнига очиқ¸ демократик¸ европача¸ замонавий Россия истаëтганларни сайловларга қўймасликдир¸ деди Марказий сайлов комиссияси қарорини шарҳлай туриб Явлинский.

Президентликнинг асосий даъвогари - Владимир Путин.
Президентликнинг асосий даъвогари - Владимир Путин.
Яблоко партияси сайловларга юзлаб¸ балки минглаб кузатувчиларни рўйхатга олишни режалаштираëтганини айтган мухолифат етакчиси¸ Кремл айни шу боис¸ ўзини номзод сифатида расмий рўйхатдан ўтказишдан чўчиëтганини таъкидлади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Яблоко партияси расмийси Сергей Иваненко¸ сайлов расмийлари имзо йиғиш учун бор-йўғи 20 кунлик муҳлат берган бўлишига қарамай¸ Явлинский тарафдорлари тўплаган 2 миллиондан ошиқ имзонинг барчаси яроқли эканини урғулади.

Россия матбуотининг ëзишича¸ мамлакат президентлигига даъво қилаëтганлардан яна бири¸ Иркутск области губернатори Дмитрий Мезенцев тўплаган имзоларнинг ҳам 10 фоизи сайлов расмийлари томонидан яроқсиз деб топилиб¸ қабул қилинмаган.

Марказий сайлов комиссиясидаги Яблоко вакили Елена Дубровинанинг билдиришича¸ комиссия номзодлар тўплаган имзоларни иккинчи марта баҳолашга киришади ва сўнгги қарор келаси уч кун ичида эълон қилинади.

Дубровинага кўра¸ Явлинский ва Мезенцевнинг номзод сифатида рўйхатга олиниш эҳтимоли ҳозирча сақланиб қолмоқда.

Тўплаган имзолардан 5 фоизга яқини яроқсиз деб топилган миллиардер Михаил Прохоровнинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниши тайин бўлиб турибди.

Ўз шахсий блогида Явлинскийнинг сайловга қўйилмаслик эҳтимолига муносабат билдирган Прохоров¸ "мен ҳалол ва рақобатли сайловларда қатнашишни истайман"¸ деб ëзди.

4 март кунги сайловларнинг асосий даъвогари эса¸ Россиянинг 2000-2008 йиллардаги президенти¸ жорий Бош вазир Владимир Путиндир.
XS
SM
MD
LG