Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:24

Украина "узбечка"га чекловни бекор қилади


Украина Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистондан келтириладиган автомобиллар учун 12 октябрда белгилаган квота чеклови яқин кунларда бекор қилинади.

Бу ҳақда Умумукраина автомобил импортёрлари ва дилерлари уюшмаси (ВААИД) маълум қилди.

Ўтган йилнинг 15 ноябридан бошлаб Украинага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллардан 3 донагина олиб киришга рухсат берилган эди.

Украина Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори 2014 йилгача амалда бўлиши айтилган эди.

“Укравтопром” ижрочи директори Ефим Ҳазан Озодлик мухбири билан суҳбатда Киев ҳукумати қарорини Ўзбекистонда украин автомобиллари сотилишига тўсиқлар қўйилгани билан изоҳлаган эди.

Ўзбекистон Украинадан импорт қилинаётган автомобиллар учун 69,9 фоиз, Россия автомобилларига 5 фоиз акциз солиғи белгилаб, украиналиклар учун тенг бўлмаган шароит яратгани айтилган эди.

Жорий йилдан Ўзбекистон ҳукумати вазиятни ўнглаш чораларини кўрди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил 30 декабрдаги фармонига кўра, 2012 йил 1 январидан бошлаб, Украина ва Россиядан Ўзбекистонга сотиш учун ёки вақтинчалик олиб кирилган автомобиллар учун Республика йўл жамғармасига йиғимлар олинмаслиги булгиланди.

Украина Ўзбекистондан Нексия, Матиз ва Ласетти русумидаги енгил автомобиллар импорт қилади.

Киевдаги AUTO-Consulting маълумотларига кўра, ўтган йилда Украина Ўзбекистондан 3109 та, жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 5205 та автомобил импорт қилган.

Украина эса ЗАЗ-Ланос, ЗАЗ-Сенс машиналарини Ўзбекистонга экпорт қилади. Уларнинг Ўзбекистон бозорида сотилиши эса бармоқ билан санайдиган даражада.

Шунга қарамай, Украина келажакда Богдан-2110 автомобилларини ҳам Ўзбекистон бозорига олиб киришни мўлжалламоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга нафақат Украинада, балки Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдова, Украина, Беларусда ҳам талаб юқори.

2010 йилда Грузия, Арманистон, Туркманистон, Афғонистон давлатларида ўзбек автомобиллари учун сотув шаҳобчалари очилди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Нексия" ва "Матиз" автомобиллари Россияда энг кўп сотилаётган хорижий русумлар ҳисобланади.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ҳисоботига кўра, GM Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси сўнгги тўққиз ой ичида Россияга енгил автомобил сотишни 31 фоизга оширган ва жорий йилнинг январ-сентябр ойлари оралиғида Россияга 71623 та турли хил Chevrolet машиналарини сотган.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради.

Ўзбекистоннинг ички автобозорида машиналар нархи Россиядагидан ҳам юқори.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа тур машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.
XS
SM
MD
LG