Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2021, Тошкент вақти: 18:04

Ўзбекистон хабарлари

Равшан Эрматов Эрон-Қатар ўйинига судялик қилади

Ўзбек ҳаками Равшан Эрматов.
Ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов 2014 йилги жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш ўйинлари доирасида ўтказилаётган Эрон ва Қатар жамоалари ўртасидаги мусобақага бош ҳакам этиб тайинланди.

Эрон-Қатар ўйини 29 феврал куни Эроннинг Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўйинда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баходир Қўчқоров ён чизиқ ҳакамлари бўлади.

Кун янгиликлари

Ўтган йили ҳар уч ўзбекистонликдан бири “Тез ёрдам”га мурожаат қилган

2020 йилда "Тез ёрдамга" мурожаат қилганлар сони 2019 йилга нисбатан 1,5 миллионга кўп бўлди.

2020 йилда “Тез ёрдам”га мурожаат қилган ўзбекистонликлар сони 11,5 миллионга яқинлашди. 2019 йилда бу рақам 10 миллион кишини ташкил қилган эди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ўтган йилида энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва пойтахтдан келиб тушган. Бу вилоят ва шаҳарларнинг ҳар биридан камида 1 миллион одам”тез ёрдам” чақирган.

“2020 йилда мурожаатлар сони ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида COVID-19ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди”,-дейилади расмий билдирувда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этмоқда.

Бензин нархи 1 февралдан оширилиши кутилмоқда

1 литр Аи-80 бензини 110 сўмгача қимматлаши мумкин.

Жорий йилнинг 1 февралидан нефт маҳсулотлари учун акциз солиғи оширилади. “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилингани муносабати билан айрим қонунларга ўзгартишлар кирититлган.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ 1 февралдан акциз солиғи 1 тонна Аи-80 бензинига 240 минг сўм, 1 тонна Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензига 275 минг сўм, 1 тонна дизел ёнилғисига 240 минг сўм қилиб белгиланган.

2021 йилнинг 1 январида Аи-80 бензинига 200 минг сўм, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензига 250 минг сўм, дизел ёнилғисига 200 минг сўм акциз солиғи белгиланган эди. Шундан келиб чиқилса, нефть маҳсулотлари акцизи 25-40 минг сўмга оширилган.

Маҳаллий матбуотнинг ҳисоб-китобича, акциз солиқлари оширилиши ортидан 1 литр Аи-80 бензини 110 сўмгача, бензиннинг қолган турлари 1-2 фоизга қимматлаши мумкин.

Коронавирусга чалинганлар сони 78,5 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 26 январь ҳолатига кўра, 78510 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 39 нафар киши коронавирус юқтириб олган.

Қайд этилишича, сешанба куни Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 85 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 76 997 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 892 нафарни ташкил этиб, улардан 158 нафарининг аҳволи оғир, 32 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 621 нафарга етган.

Собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов ўз партиясини рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига борди

Жаҳонгир Отажонов

Аввалроқ президентликка номзодини қўйиш истагини билдирган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 26 январь куни ўз сафдошлари ҳамроҳлигида “Халқ манфаатлари” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлиги биносига борган. Бу ҳақда Ж. Отажонов Инстаграмдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, янги партия ташаббускорлари Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинган ва ташрифчиларга партия тузиш учун уни камида 20 минг одам қўллаб-қувватлаб, имзолаши кераклиги тушунтирилган. Вазирлик вакиллари ташаббускорлар мурожаати ўрганиб чиқилиши ва бу ҳақда жамоатчиликка алоҳида маълумот тақдим этилишини билдирганлар.

Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиши ва бунинг учун керак бўлса, партия ҳам тузишини маълум қилганди.

Очиқдан-очиқ айтаман, менинг ҳам президент бўлиш ниятим бор ва албатта бўламан, деб умид қиламан. Президент бўламан ва Ўзбекистонни ривожлантираман. Халқнинг гуллаб-яшнаб яшашига эришаман. Албатта, мен бу гапим билан ҳозирги кундаги давлат раҳбарига ҳеч қандай “претензия” қилаётганим йўқ ва бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпти”, деганди Ж. Отажонов.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, президент лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, президентликка номзод Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бирор партия томонидан кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистонда бу йил ўтказилажак президент сайловини декабрдан октябрь ойига кўчириш масаласи депутатлар томонидан муҳокама қилинаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мирзиёев Давлат бошқаруви академиясига маҳалла раислари ўқитиш ҳақида топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат бошқаруви академияси зиммасига маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш, бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бу масала Мирзиёев раислигида 26 январь куни жорий йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари бўйича ўтказилан йиғилишда қўйилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда иқтисодий комплекс вакилларини маҳаллага тушириб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш кераклиги таъкидланган.

Мирзиёев бу тизимга жалб қилинадиган мутахассисларнинг билим ва имконияти масаласига эътибор қаратиб, 20 мингдан ортиқ ходимни ўқитиб, уларга масалани жойида ҳал этиш бўйича барча ваколатларни бериш муҳимлиги қайд этган.

Йиғилишда ҳар бир раҳбарнинг мазкур тизимдаги шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, барча жараёнларга кўмаклашувчи онлайн электрон платформа яратиш зарурлиги таъкидланган.

Фуқароларга оид шахсий маълумотларнинг Ўзбекистонда сақланиши мажбурий қилиб қўйилди

Ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларни қайта ишлаш жараёнида уларни йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш жисман республика ҳудудида жойлашган техник воситалар ёрдамида амалга оширилиши лозим. Бунга оид тартиб “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда акс этган.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, фуқароларнинг шахсий маълумотлари жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва Давлат реестрида рўйхатдан ўтган техник воситалар ёрдамида қайта ишланиши керак.

Қайд этилишича, маълумотларни локализация қилиш талаби ахборот технологиялари, шу жумладан Интернет орқали маълумотларни қайта ишлашга тааллуқли. Бунда маълумотларни локализация қилиш, йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш талаби мулкдорда ёки операторнинг зиммасида бўлиб ҳисобланади. Мазкур ўзгартишлар 2021 йил 15 январидан кучга кирди.

“Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун 2019 йилнинг январь ойида қабул қилинган бўлиб, ўша йил 1 октябридан кучга кирганди.

Шахсий маълумотлар деганда маълум бир шахсга тегишли бўлган, уни аниқлашга имкон берадиган электрон, қоғоз ва (ёки) бошқа моддий воситада ёзилган маълумотлар англашилади.

Ўзбекистонга туристлар оқими 2020 йилда қарийб 78 фоизга камайди

Бухорога келган хорижлик туристлар, 2018 йил августи

Ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга туризм мақсади билан ташриф буюрган хорижликлар сони 1 миллион 501 минг 400 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 77,7 фоизга камдир. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилган.

Ўзбекистонга 2020 йили энг кўп сайёҳ МДҲ мамлакатларидан (1,42 миллион киши ёки 94,4 фоиз) келган, бошқа мамлакатлардан келганлар сони 83,8 минг кишини (5,6 фоиз) ташкил этган.

МДҲ мамлакатларидан келганлар орасида энг кўп турист Қирғизистондан бўлган (508 минг киши ёки барча келганларнинг умумий сонидан 33,8 фоиз). Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистонга Қозоғистондан 424,1 минг киши (28,2 фоиз), Тожикистондан 337,5 минг киши (22,4 фоиз), Россиядан 81,6 минг киши (5,4 фоиз), Туркманистондан 60,6 минг киши (4 фоиз), Озарбайжондан 2,2 минг киши (0,1 фоиз) ва Беларусдан 1,6 минг киши (0,1 фоиз) келган.

Бошқа хорижий давлатлардан ташриф буюрганлар орасида энг кўп зиёратчини туркияликлар (21 минг киши ёки 1,4 фоиз) ташкил қилган.

Ўтган йили Ўзбекистонга келган хорижликларнинг аксарияти (1,3 миллиондан зиёд киши ёки 87,8 фоиз) қариндошларини йўқлаш мақсадида ташриф буюргани айтилмоқда.

Навоийда кўп қаватли уй қурилишида ишлатилаётган кўтарма кран қулаб тушди

Ҳодисада фақат бир киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Навоий шаҳридаги "Ёшлик" маҳалласида кўп қаватли уй қурилишида фойдаланилаётган кўтарма кран қулаб тушди. Бу ҳақда Навоий шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Билдирилишича, ҳодиса 26 январь куни соат 16:00ларда “Шоҳжаҳон шамшири” ширкати қураётган кўп қаватли уйлар ҳудудида юз берган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, кран бошқарувчиси енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳолат бўйича яна қўшимча маълумотлар берилади”,-деб айтилади қисқагина расмий маълумотда.

Кран қулаши оқибатида бошқа одамларга ёки биноларга қандай зарра етгани ҳақида маълумот йўқ.

Gazeta.uz нашрининг ягона реестрдаги маълумотларга таяниб ёзишича, “Шоҳжаxон шамшири” 2018 йил 4 майда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида рўйхатдан ўтган. Ширкат ёғоч материаллари, қурилиш материаллари ва санитар-техник ускуналар улгуржи савдосига ихтисослаштирилган.

Ташкилотнинг ягона таъсисчиси ва раҳбари – Лазизжон Муродуллаевич Усмонов.

“Кун уз” нашрининг ёзишича, “бир неча кун олдин Қурилиш вазирлиги қурилиш ташкилотларининг онлайн рейтингини ишга туширган эди. Рейтингдан "Шоҳжаxон шамшири" МЧЖ ҳақида маълумотлар топилмади”.

Тошкентда хусусий авто соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини қўлаш режалаштирилмоқда

Тошкент кўчаларидаги авто.

Ўзбекистонда хусусий авто соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини қўлаш режалаштирилаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев маълум қилди.

“Ривожланган давлатларда одамлар метро бекатига шахсий автоуловида келиб, уни метро ёнидаги автотураргоҳга қўяди ва йўлини жамоат транспортида давом эттиради. Ўзбекистонда ҳам ана шундай тизим ва йирик автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштириляпти”, -деб айтган расмий.

Аҳрорхўжа Тошхўжаевга кўра, айни пайтда туркиялик мутахассислар бу борада Тошкентда ўрганиш-таҳлил ишларини олиб бормоқда.

Расмийнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида 500 мингдан ортиқ шахсий транспорт рўйхатга олинган. Жамоат транспорти орқали эса ўртача 480 минг йўловчи ташилмоқда. Яъни шаҳар аҳолисининг 10 тадан атиги 2 таси жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

“Биз бу кўрсаткични юқори даражага олиб чиқишимиз керак”-деб башорат қилди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев.

Концерт-томошага рухсат берилди. Ошхоналарга қўйилган чеклов бекор қилинди

Концерт-томоша тадбирларида томошабинлар сони залдаги ўринларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги шарт.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 28 январидан бошлаб концерт-томоша тадбирларини ўтказишга рухсат берилди.

Концерт-томоша тадбирларида томошабинлар сони залдаги ўринларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги, оралиқ масофани сақлаши ва ниқобда бўлиши шарт.

Шунингдек, Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар соат 8:00 дан 23:00 гача ишлаши мумкинлиги ҳақидаги чекловни бекор қилди. Эндиликда мазкур объектлар пандемия чекловлари жорий этилгунига қадар мавжуд бўлган иш тартиби асосида фаолият юритишлари мумкин.

“Республика махсус комиссияси халқимиздан коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазиятни бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишларини сўраб қолади”,-дейилади расмий билдирувда.

“Чегара посбонлари” отрядлари ташкил этилади

Отрядларга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Низомга асосан “Чегара посбонлари” отрядлари чегара зонасида, давлат чегарасига туташ туманларда яшовчи фуқаролар, шунингдек, давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади.

Отрядларга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳурмат қиладиган Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.

Посбонлар Чегара қўшинлари назорати остида ҳудудларда кузатув олиб бориш ва тунги вақтларида жамоат жойлари, маҳаллалар ва чегарадош ҳудудлардаги қаровсиз жойларда патруллик қилади.

“Кўмаклашувчи отряд Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинмалари ҳузурида 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан иборат таркибда ташкил этилади”,-дейилади расмий билдирувда.

“Чегара посбонлари” сардорига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача, яъни 1 млн 54 минг сўм, посбонларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 бараваригача,яъни 792 минг сўм ҳақ тўланади.

Ўзбекистонда ҳар бир ўқитувчининг электрон портфолиоси тузилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартидан бошлаб ҳар бир халқ таълими ходимининг электрон портфолиоси шакллантирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 25 январь куни имзоланган “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Қарор билан жорий йилнинг март ойидан халқ таълими ходимларининг малака ошириш бўйича эҳтиёжлари ўрганилади ҳамда уларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилиши, касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий ва бошқа турлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Шу йил 1 сентябридан эса малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилиши, узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилиши ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолиниши кутилмоқда.

Ҳужжатда Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими ходимлари малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланаётган нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестри юритилиши, давлат бюджетидан маблағлар фақат Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларигагина ажратилиши қайд этилган.

Ўзбекистонлик олимлар “Британия штамми”ни аниқлайдиган тест тизими устида ишламоқда

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан COVID-19 вирусининг “Британия штамми”ни аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб бориляпти. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш. Турдиқулова Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Асуши Суда билан ўтган ҳафта якунида Тошкентда ўтказилган музокара чоғида билдирган.

Учрашувда Ш. Турдиқулова вазирлик томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталган. Хусусан, Хитойнинг “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг III фаза клиник синовларини ўтказиш жараёни, коронавирусни аниқловчи ПСР-тест тизимлари ишлаб чиқарилаётгани, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга доир илмий тадқиқотлар ҳақида маълумот берган. Мулозима мазкур тадқиқотларни амалга оширишда Япониянинг ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб ўтган.

Музокара чоғида япониялик дипломатларнинг мазкур тадқиқотларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр япон ташкилотлари ва компанияларини топишда амалий кўмак бериш масаласини кўриб чиқишига келишилган.

ТИВ Пекинга борадиганлар учун карантин муддати 28 кунгача узайтирилганидан огоҳлантирди

Пекин кўчаларидан бири, 2021 йил 14 январи

Хорижий мамлакатлардан Хитой пойтахти Пекинга борадиганлар соғлигини назоратга олиш учун карантин муддати 2021 йил 19 январидан эътиборан 28 кунгача узайтирилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, бундай тартиб сўнгги кунларда Хитойнинг турли ҳудудларида, жумладан, Пекин шаҳри аҳолиси ўртасида COVID-19 билан касалланишнинг янги ҳолатлари кузатилаётгани муносабати билан киритилган.

Янги тартибга мувофиқ, хориждан Хитойнинг бошқа шаҳарлари орқали Пекинга кирмоқчи бўлганлар пойтахтга киришдан олдин ўша шаҳарларда 21 кун карантинда бўлади. Пекинга етиб келгач, уларнинг саломатлиги яна 7 кун давомида кузатувга олинади.

ТИВ Хитойдан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган ватандошларга “Сиан–Тошкент-Сиан” йўналишида чартер ҳаво қатновларини амалга ошираётган Хитой авиакомпанияси хизматларидан фойдаланишни тавсия этган.

Шунингдек, ўзбекистонликлар ХХР ҳудудидан Сеул шаҳрига (Корея Республикаси пойтахти) етиб олиши ва аэропорт транзит ҳудудидан чиқмаган ҳолда ҳафтанинг ҳар жума куни “Uzbekistan Airways” АЖ амалга ошираётган “Тошкент-Сеул-Тошкент” йўналишидаги рейслар орқали ватанга қайтишлари мумкин.

Вазирлик Ўзбекистонга қайтган ва ўқиш ёки меҳнат фаолиятини давом эттириш мақсадида Хитойга қайтишни режалаштираётган ватандошларга таълим муассасаси ёки иш берувчи билан боғланиб, ўзларининг Хитойга қайтишлари бўйича маслаҳатлашиб олишни тавсия қилган.

Мирзиёев Саудия Арабистони инвестициялар вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевнинг Саудия Арабистони делегацияси билан учрашуви, Тошкент, 2021 йил 25 январи (president.uz сайти фотосурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, музокаралар чоғида амалий ҳамкорликнинг аниқ лойиҳалари муҳокама қилинган.

Энергетика, нефть-газ, газ-кимё ва кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳалари ва бошқа йўналишларда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик принципларини жорий қилиш асосида янги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилган.

Қўшма дастур ва лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистонда инвестиция компаниялари ва микромолиявий ташкилотларни тузиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ташаббусларни ўрганиш ва илгари суриш мақсадида “йўл харитаси”ни қабул қилиб, амалга ошириш, ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклаш, устувор лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинган.

Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Бухоро шаҳрида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилиб, Ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланган.

Шу йил 24 январрида Сирдарё вилоятида “ACWA Power” корпорацияси иштирокида қуввати 1200 мегаватт бўлган замонавий иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасига старт берилган. Бундан ташқари, мазкур компания томонидан Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қиймати 1000 мегаваттли шамол электр станциялари барпо этилиши кўзда тутилган.

Uzbekistan Airports Халқаро аэропортлар кенгашига аъзо бўлиб қўшилди

Uzbekistan Airports Airports Council International (ACI) ташкилотига расман аъзо бўлди. Бу ҳақда ташкилотнинг ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airports’нинг Халқаро аэропортлар кенгаши вакиллари билан стратегик ҳамкорликка бағишланган онлайн мулоқотлари 2020 йилнинг охирларида ниҳоясига етган.

“Мулоқотларда Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, йўловчиларга сифатли ва малакали хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, ҳаво дарвозаларини дунё талаблари даражасида модернизация қилиш, парвозлар кўламини кенгайтириш орқали халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон томонидан ташкилотга тақдим қилинган ҳужжатлар бир овоздан маъқулланди”, дейилган хабарномада.

Uzbekistan Airports вакилларига кўра, ACIга аъзолик аввало хизматлар ишончлилигини кафолатлайди. Ўзбекистонда ҳаво транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳа фаолиятини халқаро меъёрларга тенглаштириш, сайёҳликни ривожлантириш, инвестициялар оқимини жадаллаштиришга имкон яратади. Коронавирус инфекциясига қарши глобал чоралар кўриш, авиақатновлар мобайнида йўловчиларни пандемия хавфидан огоҳлантириш ва эҳтиётлаш, бу борада самарали дастурлар ишлаб чиқишда ҳам ACI хизматларига таянилади.

Қароргоҳи Канадада жойлашган Халқаро аэропортлар кенгаши (ACI) 1991 йилда ташкил топган бўлиб, ташкилотнинг Европа, Африка, Осиё, Лотин ва Шимолий Америка давлатларида минтақавий ваколатхоналари мавжуд. Қарийб 670 аъзони бирлаштирган ACI 176 мамлакатдаги 1 минг 979 та аэропортга хизмат кўрсатиб келмоқда. Халқаро аэропортлар кенгашининг фаолияти Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA), Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), Фуқаро авиациясида аэронавигация хизматини кўрсатиш ташкилоти (CANSO) билан ҳам чамбарчас боғлаган.

Президент сайлови муддатидан аввал ўтказилиши мумкин

Ўзбекистонда президент сайлови бундан буён октябрь ойида ўтказилиши мумкин.

Қайд этилишича, мазкур масалага 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг галдаги мажлисида тўхталинган.

Аввал мамлакатда президент сайлови ҳамда парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинган.

Душанба куни кўриб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сайлов кунини октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф қилинган. Агар бу ўзгартишлар тасдиқланса, Ўзбекистонда 2021 йилдаги президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.

Жорий йилда президент сайлови бўлиб ўтиши ҳақида Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида парламентга мурожаатида айтиб ўтган. Ўша нутқида президент “Ўзбекистонда 2021 йили бўлиб ўтадиган президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтказилиши керак”лигини урғулаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.

АҚШ Ўзбекистонда эпидемиологларни ўқитиш дастурини амалга оширмоқда

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 20 нафар ходими ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг 10 нафар мураббийи учун беш кунлик дала эпидемологияси дастурини (FETP) бошлаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, мазкур дастурни Ўзбекистонда муваффақиятли амалга ошириш учун CDC Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Тошкент тиббиёт академияси билан ҳамкорлик қилади.

Ўқув дастури ишдан ажралмаган ҳолда уч ойлик модулни ўз ичига олиб, у касалликларнинг олдини олиш ва эпидемияга қарши курашда олдинги сафларда ишловчи эпидемиологларда муҳим кўникмаларни ривожлантиради.

Дастур касалликларни аниқлаш, ҳисобот бериш ва жавоб чораларини яхшилашга эътиборни кучайтирган ҳолда касалликларни кузатишни маҳаллий даражада такомиллаштиришга қаратилган.

Аксилкоррупция агентлиги Coca-Cola’даги хусусийлаштириш ишларини тўхтатиб туришни таклиф қилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав фондининг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилишини тўхтатиб туришни таклиф қилди.

Агентлик қайдича, сотувга қўйилиш жараёни амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётганлиги тўғрисида кўплаб тадбиркорлар ва фуқаролар, шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан мурожаатлар келиш тушган.

“Мурожаатларни ўрганиш жараёнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги таҳлил қилинди”, дейилган агентлик хабарида.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлатга қарашли 57,118 фоиз улушини хусусийлаштиришни режалаётгани ҳақида Озодлик ўтган йил ёзида хабар қилганди.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) нинг давлат улуши сотувга қўйилиши очиқланган. Эълонда тендерда иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш жараёнида бир нечта мезонлар қўлланилиши баён қилинган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганишлар “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган тендер шартларига киритилган бир қатор талаблар савдоларда қатнаша оладиган шахслар доирасини кескин кисқартиришга ҳамда қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратишини кўрсатганини билдирган.

Агентлик фикрича, ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланади ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади.

Шу муносабат билан агентлик мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш юзасидан тегишли идораларга тақдимнома киритилган.

Аксилкоррупция агентлиги қайдича, тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш керак.

Вазир: Ўтган йили бандлик марказларига иш сўраб келганларнинг учдан бири ишга жойлаштирилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов

Ўтган 2020 йилда Бандликка кўмаклашиш марказларига 1 миллион 96 минг нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 25 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Уларнинг 362 минг нафарига ишга жойлашиш бўйича кўмак берилди, 521 минг нафари вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 36 минг нафар фуқароларга деҳқончилик қилиши учун субсидиялар ажратилди, 12 минг нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия берилди”, деган вазир Н. Ҳусанов.

Мулозим ўтган йили пандемия муносабати билан турли корхоналар фаолиятини тугатишга мажбур бўлгани, бунинг ортидан фуқаролар ишсиз қолганини эътироф этган.

Матбуот анжуманида вазир янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгаришини қайд этган.

Унга кўра, агар аввал ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13 ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда.

Мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизга нафақа тайинланади”, деган Нозим Ҳусанов.

Россияда оғир аҳволда қолган ўзбеклар ватанига қайтарилди

Хорижликларни сақлаш марказида ўзининг Ўзбекистонга депортация қилиниши кутаётган мигрантлардан бири.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган 13 кишини ўз уйига қайтарди.

Расмий маълумотда айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу ишни бир қатор ваколатли ва халқаро ташкилотлар кўмагида амалга оширган.

13 нафар ўзбекистонлик 23 январь куни Москва – Тошкент чартер рейс орқали уйларига етиб келди.

Расмий хабарда айтилишича, “Ўзбекистонга қайтаритлган фуқаролар билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари профилактик ва тушунтириш тадбирларини ўтказган”.

Доллар ва евро ўзбек сўмига нисбатан яна қимматлади

Тижорат банкларида 1 доллар 10550 сўмдан сотилаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки 26 январдан бошлаб доллар ва евро яна қимматлагани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

26 январдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати қуйидагича белгиланди:

1 доллар - 10 518,99 сўм,
1 евро -12 789,46 сўм.

Бу сўнгги бир ҳафта ичида долларнинг расмий курси 18,18 сўмга, евронинг расмий курси 115,58 сўмга кўтарилганини англатади.

Давлат органлари бир йилда деярли 6 минг тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузди

Ўзбекистондаги цехлардан бири.

Давлат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашуви ва бюрократик тўсиқлар оқибатида 5 минг 833 та тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилган. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура бошқармаларидан бирининг бошлиғи Хуршид Шуҳратжонов маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, тадбиркорлар ҳуқуқини асосан солиқ идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, банк муассасалари, қурилиш, кадастр, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари бузмоқда.

Жумладан, 1 минг 281 нафар тадбиркорнинг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операциялари асоссиз тўхтатиб қўйилган, 347 нафар тадбиркордан ортиқча маблағ ундирилган.

Бундан ташқари 466 тадбиркорнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилган, 408 тадбикорга лицензия ва рухсат бериш тартиби бузилган, 838 тадбиркорнинг имтиёзлар ва преференцияларга бўлган ҳуқуқи топталган.

Қашқадарёда Ислом Каримов бюсти учун ўқитувчилардан пул йиғилаётгани инкор қилинди

Ислом Каримов бюсти 450 минг сўмдан сотилаётгани айтилган эди.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси Озодлик радиосида 22 январда эълон қилинган “Қашқадарёлик ўқитувчилар: Ислом Каримов бюсти учун мажбуран пул йиғилмоқда” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Мазкур мақолада қашқадарёлик ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун ўзларидан пул йиғилаётганидан норозилик билдиришган.

Ўқитувчиларга кўра, ҳокимлик вилоятдаги 200та мактабга нархи 450 минг сўм бўлган Каримов бюстларини мажбуран тарқатган ва пулини ўқитувчилардан ундирмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг Каримов бюсти учун пул йиғаётгани ҳақидаги даъволарини рад қилишга уринган эди.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ҳам Каримов бюстлари учун ўқитувчилардан пул йиғилаётганини инкор қилди.

Таълим бошқармасининг билдиришича, ҳақиқатан ҳам вилоят халқ таълими бошқармасига тақсимот учун Ислом Каримовнинг 200 дона бюсти берилган. Мазкур бюстлар туман халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берилган.

“Ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда. Қолган 5 та туманда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташуббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилиши тақсимот қилинган бўлиб, пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмаганлиги маълум бўлди”,-дейилади расмий муносабатда.

Урганчда ҳали туғилмаган боласини сотмоқчи бўлган эр-хотин ушланди

2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Урганч тумани Бекобод қишлоғида яшовчи П.К., никоҳсиз яшаётган эри билан тил бириктириб, ҳали туғилмаган 4 ойлик хомиласини сотмоқчи бўлди.

Ички ишлар вазирлигига қарашли “Постда” нашрининг маълум қилишича, ҳазорасплик Т. Б., ҳали туғилмаган чақалоққа харидор бўлган. 4 ойлик хомила туғилганидан сўнг 9000 долларга сотилиши келишиб олинди.

“П.К., турмуш ўртоғи билан келишилган пулнинг 6000 АҚШ долларини олаётган пайтида ашёвий-далиллар билан қўлга олинди. Айни кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган”,-дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG