Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:55

Уфада яна бир ўзбек муҳожири ғойиб бўлди


Ғани Куйлиев 2 ноябр куни Уфада ғоиб бўлди.
Ғани Куйлиев 2 ноябр куни Уфада ғоиб бўлди.

Озодликка Skype орқали мурожаат қилган 26 ёшли Гулбаҳор Куйлиева турмуш ўртоғи Ғани Куйлиевнинг 3 ой бурун Уфа шаҳрида дом-дараксиз йўқолганини маълум қилди.

Гулбаҳор эса¸ сўнгги пайтлари Россияда қариндошининг йўқолганини айтиб¸ ëрдам сўраш учун Озодликка мурожаат қилган ягона ўзбекистонлик эмас.

Россиядаги ҳуқуқ фаоллари ва йўқолганлар яқинлари ўтказаëтган суриштирувлар ғойиб бўлаётганларнинг аксари ноқонуний диний фаолиятда гумон қилиниб, уларга халқаро қидирув эълон қилган Ўзбекистон хавфсизлик идораларига бериб юборилганини кўрсатмоқда.

Аммо Куйлиевнинг дараги ҳозирча на Россия ва на Ўзбекистондан чиққанини айтади унинг яқинлари.

Қашқадарёнинг Ғузор туманидан бўлган Ғани Куйлиев 2000 йилдан буён Россияда қурувчи бўлиб ишлаб келган.

Гулбаҳор Куйлиева турмуш ўртоғининг йўқолишидан бир ҳафта аввал икки нафар ёш боласи билан Уфага келганини айтади.

- 2 ноябр куни эрим 4 ёшли ўғлим билан кўчага айлангани чиққан эди. Икки соатдан кейин икки рус киши ўғлимни қайтариб олиб кириб берди. Қўрқиб кетганимдан хўжайиним ҳақида сўрашга ҳам улгурмадим. Улар ўзлари эшикни ташқаридан ёпиб кетишди¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Гулбаҳор.

Гулбаҳон Куйлиева Уфада эрини қидириб бормаган идора қолмаганини айтади. Уфа милицияси Ғани Куйлиевнинг безориликда айбланиб қўлга олингани ва 10 кун давомида изоляторда сақлангани¸ аммо жаримага тортилиб чиқариб юборилганини билдирган.

Сўнгги пайтларда Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг диний мотивлар билан ҳибсга олиниб Ўзбекистонга жўнатиш ҳолатлари кўпайганини назарда тутган Куйлиевлар оиласи, Ғани Куйлиев дарагини Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасидан топишга ҳам уриниб кўрган. Аммо ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ¸ дейди Ғанининг рафиқаси.

Эрини йўқотиб икки ёш боласи билан уйсиз-жойсиз бегона юртда қолган Гулбаҳор ўзининг ноилож аҳволда қолганини айтиб йиғлайди.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига қараганда, сўнгги уч йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошган.

Уларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари томонидан диний ва сиёсий мотивдаги жиноятларда айбланаётган фуқаролардир.

Жорий ой бошида яқинлари Санкт-Петербургдан 39 ёшли самарқандлик Рустам Зоҳидовнинг ўғирлаб кетилгани иддао қилди.

Кейинроқ Рустам Зоҳидовнинг Самарқанд МХХсида ушлаб турилгани маълум бўлди.

Бу ҳақда 2 январ куни Озодликка хабар қилган Зоҳидовнинг рафиқасига кўра, эри Ўзбекистон томонидан диний мотивларда айбланиб, халқаро қидирувга берилган бўлган.

Декабр ойида эса Бошқирдистон Ички ишлар бошқармаси Уфада бири одам савдоси, иккинчиси солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб ҳибсга олинган икки нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилинганини маълум қилди.

18 январ куни Андижон вилоят судида 16 ой аввал Россиядан ўғирлаб келингани айтилаётган уч фуқаро устидан маҳкама жараёни бошланди.

Булар Озодликка маълум бўлган ҳолатларгина холос. Россиядан ўзбекистонликларнинг депортация ва экстрадиция қилинаëтганлар сонининг йилига юзлаб кишини ташкил этиши тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG