Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:46

Рус дипломатик миссияси Сурияга сафар қилмоқда


Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурия бўйича резолюцияга вето қўйгач, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни Дамашққа жўнатмоқда.
Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурия бўйича резолюцияга вето қўйгач, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни Дамашққа жўнатмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурияда давом этаётган бўҳронни ҳал этишда воситачилик қилиш уриниши ўлароқ Дамашққа сафар қилмоқда. Лавров 11 ойдан бери давом этаётган аксил-ҳукумат намойишларини куч билан бостираётган президент Башар ал-Ассад билан учрашишни режалаган.


Россия дипломатик миссияси Москва ва Пекин БМТ Хавфсизлик кенгашида ал-Ассад истеъфосини талаб қилувчи Араб Лигаси томонидан тақдим этилган резолюцияга вето қйишидан бир неча кун ўтиб Сурияга ташриф буюрмоқда.

Лавров мазкур резолюциянинг қабул қилиниши БМТнинг юзага келган низода бир тарафнинг ёнини олишини англатишини баён қилди. У шунингдек халқаро ҳамжамиятнинг Россия ветосини танқид қилганини “жирракилик” дея атади.

- Менимча, улар бу каби жирраки баёнотлари билан рўй бераётган асл воқеалар тўғрисидаги ҳақиқатни хаспўшлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳақиқат эса, Сурияда зўравонликларнинг манбаси битта эмас бир нечта эканидан иборат, деди Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири бу сўзларни Баҳрайнда айтди. Баҳрайн ҳам Ассад режимига қарши кескинроқ чоралар кўрилиши лозимлигини айтаётган давлатлардан биридир.

Лавров Россия Сурияда ташқи аралашувсиз тинчлик мулоқоти ўтказилиши тарафдори эканини таъкидлади.

Россия дипломатик идораси бошлиғи ўз фикрларини телфон орқали ўтказилган сўзлашувда Араб Лигаси Бош котиби Набил ал-Арабийга ҳам билдирди.

Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама Ғарб давлатлари Суриядаги бўҳронни тўхтатиш уринишларини давом эттиражагини баён қилди.

Ғарб давлатлари ўтган шанба куни БМТда резолюцияга вето қўйилганидан кейин бўҳронни ҳал этишнинг бошқа йўлларини қидирмоқда. Бунда Ливиядаги каби Сурия Контакт Гуруҳини тузиш ғояси илгари сурилмоқда.

Сурияда зўравонликлар кўлами ошаётгани сабабидан Қўшма Штатлар Дамашқдаги элчихонаси файолиятини тўхтатиб қўйди.

Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд масала хусусида бундай деди:

- Биз Дамашқ ва унинг атрофидаги зўравонлик кўлами ошиб бораётганидан ташвишдамиз. Афтидан, режим вазият устидан назоратни қўлдан бой бермоқда, чунки унинг ўзи ўз халқи билан мулоқот қилиш ўрнига зўравонликка қўл урди, деди АҚШ расмийси.

Британия ҳам ўз элчисини маслаҳатлашувлар учун чақритириб олганини айтмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Суриядаги элчиси орқали ал-Ассад режимининг тинч намойишчиларга қарши зўравонликлари юзасидан “таассуф” билдириш учун уни Лондонга чақритириб олганини маълум қилди.

Бироқ Суриянинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Рауа Шурбайи Дамашқ ҳукумати барча элчихоналар олдида хавфсизлик чораларини жорий қилганини таъкидлади.

- Дамашқдаги барча элчихоналар ҳимояси ва дипломатик иншоотлар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча воситаларни ишга солаётганимизни айтишим мумкин, деди у.

Сурия ҳукумати душанба куни Ҳомс шаҳрини бомбардимон қилишни давом эттириб, 50ка яқин одамни ўлдиргани хабар қилинмоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурияда зўравонликларнинг янада авж олиб, ўнлаб одамларнинг ўлдирлганини қоралади. Баннинг матбуот вакили Мартин Несирский бош котиб зўравонликларнинг кучайишидан “даҳшатга” тушгани ва юзага келган вазиятни “инсоният олдида мутлақ номақбул” деб ҳисоблашини баён қилди.
XS
SM
MD
LG