Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:42

Греция янги ислоҳотлар дастурини қабул қилди


Греция парламенти 130 миллиард евролик ёрдам кўрсатиш учун Европа Иттифоқи қўйган шартлардан келиб чиққан ислоҳотлар дастурини қабул қилди.

Грециянинг молиявий тақдирини ҳал қилувчи янги дастурга мувофиқ ҳукуматнинг бешта хизматидан бири қисқартирилади ва ойлик маошлар ҳам камайтирилади.

Греция Молия вазири Евангелос Венизелос “мамлакатни қутқариш учун” парламент аъзоларини зарур чоралар кўришга чақирди.

- Биз мамлакатни қутқаришимиз керак, агар биз буни қилмасак, халқ бизни кечирмайди, - деди Евангелос Венизелос.

Беш йилдан бери иқтисодий чўкиш кузатилаётган Грецияда ҳукуматнинг янги ислоҳотлар дастури халқ норозилигига сабаб бўлмоқда.

Якшанба куни Афинада янги ислоҳатларга қарши бўлиб ўтган намойишлар чоғида 80 дан зиёд киши, жумладан, 30 полициячи жароҳатланди.

Юз мингдан зиёд киши иштирок этган ушбу намойишлар пайти йигирмадан зиёд намойишчи ҳибсга олинди. Камида 10 та бино, жумладан, кинотеатр, банк ва кафеларга ўт қўйилди.

Грециядаги ишсизлик кўрсаткичлари (18 фоиз) бугунги кунда рекорд даражага етган.

Мамлакат аҳолиси молиявий бўҳрондан чиқиш мақсадидаги солиқлар оширилиши каби бир қатор ислоҳотларни бошдан кечириб улгурди.

16 феврал куни Европа Иттифоқининг Молия вазирлари учрашиб, Грециянинг янги иқтисодий ислоҳотлар дастурини муҳокама қилади.

Молиявий бўҳронга қарши ушбу дастур эвазига Греция эндиликда Европа Иттифоқининг халқаро ёрдамини олишга эришиши мумкин.

ЕИ ва ХВЖ Греция март ойида дефолтга учраши олдини олиш учун 130 миллиард еврога тенг ёрдамни тақдим этиш шарти сифатида бюджет ҳаражатларини қисқартиришни талаб қилган эди.

Грецияга 2010 йилда 110 миллиард евролик биринчи молиявий ёрдам берилган эди.
XS
SM
MD
LG