Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:13

Обама 2013 йилги бюджет лойиҳасини ошкор қилди


АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама душанба куни мамлакатнинг 2013 йилга мўлжалланган 3,8 триллион долларлик бюджет лойиҳасини Конгрессга тақдим қилди.

Ҳужжатда АҚШда янги иш ўринлари яратиш, давлат ташкилотлари бюджети ҳамда Евроосиё давлатларига кўрсатилаётган ёрдам ҳажмини камайтириш назарда тутилган.

Вашингтон яқинида жойлашган Аннандал шаҳридаги Шимолий Виржиния коллежи талабалари олдида чиқиш қилган Обама ўз режаси мамлакат иқтисодиётини тўғри йўлдан ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади.

- Бюджетдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиётимиз ўсаётган ва янги иш ўринлари яратилаётган бир пайтда ушбу тикланиш жараёни давом этиши учун бор имкониятимизни ишга солишдан иборат. Яна бир вазифамиз, бюджет камомадини камайтиришдан иборат. Агар Конгресс бюджет лойиҳасини биз таклиф қилган қисқартиришлар билан қабул қилса, 2022 йилгача бюджет камомадини тўрт триллион долларга камайтиришимиз мумкин,- деди АҚШ президенти.

Барак Обама тақдим қилган ҳужжатда бюджет камомадини камайтириш бадавлат америкаликларга солиқлар миқдорини ошириш ва давлат ташкилотлари бюджетини қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган.

Янги бюджет лойиҳасида АҚШ Давлат Департаменти ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт дастури (USAID) бюджетини 1,6 фоизга ошириб, 2013 йилда бу икки ташкилотга ажратилаётган маблағини 51,6 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.

Шунингдек, ҳужжатда АҚШнинг Европа ва Евроосиё давлатларига кўрсатаётган ёрдамини 18 фоизга қисқартириш таклиф қилинган.

Давлат департаменти буни минтақанинг қатор давлатларида бозор иқтисодиёти ва демократияга ўтиш жараёни муваффақиятли кечгани билан изоҳлади.

Барак Обама ўз нутқида айрим соҳаларга ажратилаётган маблағнинг камайтирилиши ҳаммага ёқмаслиги мумкинлигини тан олди.

- Очиғини айтсам, жуда зарур бўлмаганда, бази соҳалар учун маблағ қисқартирилишини таклиф қилмаган бўлардим. Мамлакатимизни янада барқарор молиявий изга тушириш учун қийин қарорлар қабул қилишга мажбур бўлаётганимиз ҳаққиқат,- деди АҚШ президенти.

2013 йилга мўлжалланган АҚШ Давлат бюджети лойиҳасида АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистонга ҳарбий мақсадлар учун 150 минг долларлик молиявий ёрдамнинг кўрсатилиши мўлжалланган. Бу ўтган йилги таклифдан 50 фоизга кўпроқдир.

Афғонистондаги Халқаро кучларга зарурий юкларни етказишда Ўзбекистон муҳим давлатга айлангани боис АҚШ ҳукумати Тошкентга кўрсатилаётган ёрдамни кўпайтиришга қарор қилгани айтилмоқда.

Бюджет лойиҳасида Украинага 54 миллион долларлик ёрдам бериш ҳам режаланган. Бу 2012 йилги бюджетда белгиланганидан 25 миллион долларга камроқ бўлса ҳам Украина Евроосиё минтақасида АҚШнинг энг кўп ёрдамини олаётган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

Ҳужжатда 2013 йилда Грузияга салкам 43 миллион долларлик ноҳарбий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Бу ҳам 2012 йилгига нисбатан 25 миллион долларга камроқдир.

Барак Обама таклиф қилган 2013 йилги бюджет лойиҳасида “Араб баҳори”дан сўнг Яқин Шарқ давлаларида бошланган ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар маблағ ажратиш ҳам назарда тутилган.
XS
SM
MD
LG