Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2021, Тошкент вақти: 11:41

Ўзбекистон хабарлари

Футбол: Ўзбекистон-Ироқ 1:2

Ўзбекистон жамоаси ўйинчиси Фозил Мусаев (ч) ва Ироқ жамоаси аъзоси Саиф Салмон, Доҳа, 2012 йил 21 феврал.
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси 2012 йилда Лондонда бўладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш учун Қатарда Ироқ жамоасига қарши майдонга тушди.

Ўйин 2:1 ҳисобида Ироқ жамоаси ғалабаси билан якунланди.

5 феврал куни Тошкентда Ўзбекистон ва Австралия олимпия жамоалари ўртасидаги ўйинда Ўзбекистон жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ўзбекистон жамоаси 14 март куни ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликлари жамоасига мезбонлик қилади.

Кун янгиликлари

Тарбияланувчини калтаклаган Булунғурдаги болалар боғчаси мудираси ишдан олинди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-сонли болалар боғчаси мудираси Роҳатой Аҳророва лавозимидан озод этилди. Мудира билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисида Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

17 январда боғча мудираси тарбияланувчини ураётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқаган эди.

Самарқанднинг Булунғур туманидаги 13-боғчада болани урган мудирага нисбатан туман прокуратураси текширув бошлаган.

Содир бўлган ҳодисани “Севимли” телеканалининг “Замон” дастурига изоҳлаган мудира тарбияланувчининг оғзидан ҳақоратли сўзларни эшитганидан кейин ўзини тутолмай, болага қўл кўтарганини, аслида болаларни уришга ҳаққи йўқлигини эътироф этган.

Шу билан бирга, Р. Аҳророва тарбияланувчиларнинг ҳақоратли сўзлар айтишига йўл қўйиб берилса, “бу болаларнинг келажаги нима бўлади?” дея савол ташлаган.

Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, ўрганишлар жараёнида боғча директорининг юраги хуруж қилган ва тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан у шифохонага олиб кетилган.

Халқаро жиноятчилик индексида Ўзбекистон 96-ўринда

Иллюстратив сурат.

Халқаро жиноятчилик индексининг 2021 йилги рейтингида, 2021 йилнинг 19 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон 135 давлат орасида 96-ўринда қайд этилди.

Crime Index ва Safety Index асосида тузилган рейтингда пастроқ балл олган мамлакат шунчалик хавфсиз ҳисобланади.

Ўзбекистон бу индексда Қозоғистон ва Қирғизистондан хавфсизроқ мамлакат сифатида кўрсатилган. Рейтингда Тожикистон ва Туркманистон иштирок этмайди.

Рейтингда жаҳонда энг кўп жиноят содир этиладиган мамлакат сифатида Венесуэла кўрсатилган. У рейтингдаги 1-ўринни эгаллаган.

Венесуэладан кейинги тўрт ўринни Папуа-Янги Гвинея, ЖАР, Афғонистан ва Гондурас эгаллади.

Рейтингга кўра, энг хавфсиз мамлакатлар Қатар, Тайвань ва Бирлашган араб Амирликларидир.

Ўзбекистондан кўчиб кетаётганлар сони ўтган йилга нисбатан 12,5 мингга кўпайди

Кўчиб келганларнинг 71 минг 800 нафари пойтахт Тошкентга ўрнашган.

Ўтган 2020 йилда Ўзбекистондан 203 минг 700 киши кўчиб кетди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 18 январда эълон қилинган ҳисоботида маълумот берилди.

Айни пайтда бир йил давомида 191 минг 200 киши бошқа давлатлардан Ўзбекистонга кўчиб келган. Кўчиб кетганлар сони кўчиб келганларга нисбатан 12,5 минг кишига кўп бўлган. Кўчиб келганларнинг 71 минг 800 нафари пойтахт Тошкентга ўрнашган.

Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг 37 фоизи Қозоғистондан, 22,3 фоизи Россиядан ва 20 фоизи Тожикистондан.

Ўзбекистондан кўчганларнинг 64,3 фоизи Қозоғистонга, 29,3 фоизи Россияга кетган.

2019 йилда Ўзбекистондан 169,5 минг киши кўчган ва 158,9 минг киши кўчиб келган эди.

Cуюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи баҳордан бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда жорий йил 1 мартидан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу тартиб мамлакат президентининг 2021 йил учун Давлат дастури тўғрисидаги фармони лойиҳасида акс этган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази сайтида муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 мартига қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантиришнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши лозимлиги айтилган.

“Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси президент фармони билан Энергетика вазирлигига юклатилган. Вазирликка биринчи босқичда, 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутиш топширилган.

Ҳужжатда мазкур тартиб “электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида” жорий қилинаётгани билдирилган.

Президент фармони лойиҳаси шу йил 25 январига қадар муҳокамада бўлади.

Ўзбекистонда табиий газ таъминотида монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари жорий этилиши хусусида президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ҳамда мамлакат халқига қилган мурожаатида қайд этганди.

МБ: 2020 йилда ўзбекистонликлар чет мамлакатларга 1,2 миллиард доллар йўллади

Ўтган 2020 йил мобайнида ўзбекистонликлар томонидан хорижий ўлкаларга юборилган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 1 миллиард 200 миллион долларга етган. Бу 2019 йилда чет элга йўлланган пулдан 157 миллион долларга ёки 15 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.

Айни пайтда ўтган йили Ўзбекистонга келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 6 миллиард 30 миллион долларни ташкил этган. Бу эса 2019 йилга нисбатан 17 миллион долларга ёки 0,3 фоизга кўп.

Марказий банк ўз хабарномасида Ўзбекистонга қайси мамлакатлардан кўпроқ пул келганию қайси мамлакатларга кўпроқ пул жўнатилганига аниқлик киритган эмас.

МБ хулоса сифатида халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 4 миллиард 830 миллион долларга етганини билдирган.

Булунғурда боғча тарбияланувчисининг калтакланишига оид ҳолатни прокуратура текширмоқда

Самарқанднинг Булунғур туманидаги 13-боғчада тарбияланувчини урган мудирага нисбатан туман прокуратураси текширув бошлаган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Булунғурдаги мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилардан бири боғча мудираси Роҳатой Аҳророва томонидан калтакланганига оид хабар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқаган эди.

“Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Содир бўлган ҳодисани “Севимли” телеканалининг “Замон” дастурига изоҳлаган мудира тарбияланувчининг оғзидан ҳақоратли сўзларни эшитганидан кейин ўзини тутолмай, болага қўл кўтарганини, аслида болаларни уришга ҳаққи йўқлигини эътироф этган. Шу билан бирга, Р. Аҳророва тарбияланувчиларнинг ҳақоратли сўзлар айтишига йўл қўйиб берилса, “бу болаларнинг келажаги нима бўлади?” дея савол ташлаган.

АҚШ долларининг расмий курси илк бор 10500 сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 19 январидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 27 сўм 61 тийинга юқорилаб, 10 минг 500 сўм 81 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 23 сўм 76 тийинга ошиб, 10 минг 473 сўм 20 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 113 сўм 28 тийинга пасайиб, 12 минг 682 сўм 88 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта 34 сўм 26 тийинга кўтарилиб, 12 минг 796 сўм 16 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Ўзбекистонга Pfizer/Biotech вакцинасидан 100 минг доза олиб келинади

Ўзбекистонга АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкати томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасидан 100 минг доза олиб келинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилган.

Мулозимга кўра, ССВ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан COVID-19 га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилган.

Ҳозирда GAVI ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда”, деган Б. Юсупалиев.

Pfizer/Biotech вакцинасини -70 даражада сақлаш лозимлиги ҳақида аввал билдирилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг айтишича, Ўзбекистонда -70 ℃ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд. Мулозим шу кунда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус xавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилганини қўшимча қилган.

Pfizer/Biotech вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирусга қарши эмлаш учун биринчилардан бўлиб рухсат этилган вакциналардан бири бўлиб ҳисобланади.

Қашқадарёдаги ҳокимлар Тошкентга даволанишга кетди. Уларнинг ўрнига ёшлар ишлаб туради

Тошкентга кетган ҳокимлар ўрнига 10 кун мобайнида ёшлар ишлаб туради.

Қашқадарё вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун 17 январь куни Тошкентга жўнаб кетди.

Ҳокимларни Қарши темир йўл вокзалидан кузатиб қўйган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев нутқ сўзлаб, ҳокимлар “тарихда биринчи бор даволаниш учун” бораётганларини таъкидлаган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, 10 кун давомида "Чинобод Плаза" санаториясида тиббий кўрикдан ўтиб, ўша ерда дам оладилар.

Расмий хабарда билдирилишича, Тошкентга кетган вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ўрнига 10 кун мобайнида ёшлар ишлаб туради.

Адлия вазирлиги тадбиркорни ҳомийликка мажбурлаган амалдорлар жазоланишини эслатди

Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлаган мансабдор 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Адлия вазирлиги давлат органи ёки давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этса Маъмурий кодекс асосида жавобгарликка тортилишини расман эслатди.

Эслатмада таъкидланишича, маъмурий жавобгарликка тортилган мансабдор тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳолатини яна такрорласа жиноий жавобгарликка тортилади.

Мансабдор БҲМнинг икки 200 бараваридан 400 бараваригача (44 млн 460 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Бундан ташқари бундай жиноятни содир этганларга нисбатан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари ҳам қўлланилади.

Вазирлик билдирувида мазкур эслатма қандай сабаб билан эълон қилингани айтилмаган. Бироқ Озодлик радиоси Ўзбекистонда тадбиркорлар ва фермерлар ҳокимликлар томонидан турли тадбиркларга ҳомийлик қилишга мажбурланиб келаётгани тўғрисида қатор мақолаларни эълон қилган.

Айни пайтда Озодлик радиоси тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурлаган мансабдорлар жиноий жавобгарликка тортилгани тўғрисида бирорта маълумотга эга эмас.

Коронавирусга чалинганлар сони 78 минг кишидан ошди

Касалликдан соғайганлар жами 76538 нафарга етди.

Ўзбекистонда 17 январь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 78 036 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида беморлар сони 68 кишига кўпайган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатлари бўйича республикада Тошкент шаҳри ҳамон олдинда бормоқда. Бу ерда бир кун ичида коронавирусга чалинган 38 киши аниқланди.

Касалликдан соғайганлар жами 76538 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 879 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги марта коронавирусдан ўлим ҳолати 9 январда қайд этилганини билдирган. Ўшандан бери то шу кунгача ўтган 10 кун ичида вазирлик раман коронавирусдан ўлим ҳолати бўлгани ҳақида маълум қилмади. 9 январдаги ҳолатга кўра, коронавирусдан камида 617 киши ўлган.

Ўтган йили мансабдорлар давлатга 500 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказди

Зарарнинг 355,7 миллиард сўми тергов жараёнида ундирилган.

Ўтган йили 1 723 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Расман билдирилишича, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 132 нафари коррупцияда айбланган. Шунингдек, 58 амалдор мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани ва 227 нафари фирибгарлик учун жазоланган. 835 мансабдор эса ўзганинг мулкини ўзлаштирган ва талон-торожга йўл қўйган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1 669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари ортидан давлатга 500,1 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Бу зарарнинг 355,7 миллиард сўми тергов жараёнида ундирилган.

Таниқли хофиз Раҳматжон Қурбонов 62 ёшида вафот этди

Хоразмлик хофиз Раҳматжон Қурбонов.

Таниқли хоразмлик хофиз Раҳматжон Қурбонов 17 январ куни 62 ёшида Урганч шахрида вафот этди.

Бу ҳақда хофизнинг яқинлари Озодликка маълум қилди.

Раҳматжон Қурбонов Хоразм мумтоз куйлари, нодир бахшичилик дурдоналарию шўх куй-қўшиқларгача ижро этиб танилган.

Хофизнинг дафн маросими 18 январ кунига белгиланган.

Раҳматжон Қурбонов 1959 йилда Хива шаҳрида санъаткор оиласида таваллуд топган.

У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвонлари хамда “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлган.

Узоқ йиллар Тошкент шаҳрида самарали фаолият юритди.

У “Лазги” ансамблига раҳбарлик қилди.

Раҳматжон Қурбонов ҳаётининг сўнгги йиллари Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлинмаси директори вазифасида фаолият юритиб келган.

Бухоро туманида автобус ёниб кетди (ВИДЕО)

Ҳодисада одамларга зиён етмагани айтилмоқда.

Бухоро туманидаги “Жондор” автотураргоҳида автобус ёниб кетгани тўғрисида ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 17 январь куни соат 09:30 ларда автотураргоҳининг охирги бекатида юз берган. 76-йўналишда ҳаракатланувчи Isuzu автобуси ёниб кетган.

Мазкур ёнғин видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ҳозирча ёнғинга нима сабаб бўлгани номаълум. ЙҲХББ матбуот хизматининг билдиришича, ёнғин натижасида ҳеч ким жабрланмаган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

“Мазкур ҳодиса юзасидан Бухоро тумани ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ёнғин содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда”,-дейилади хабарда.

Бундан аввал маҳаллий матбуотда Тошкентда 8, 47 ва 116-сонли йўналишда ҳаракатланувчи автобуслар ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Пенсия ва нафақаларнинг 1 февралдан ошириладиган миқдори эълон қилинди

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 747 300 сўм қилиб белгиланди.

Жорий йилнинг 1 февралидан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади.

Пенсия жамғармасининг билдиришича, мазкур қарорга асосан, эндиликда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 747 300 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори эса 245 000 сўм қилиб белгиланди.

1 февралдан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа 434 000 сўм, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача бўлган миқдорда белгиланди.

14 ёшгача бўлган бир болали оилаларга 144 100 сўм, икки болали оилаларга 238 700 сўм, уч ва ундан ортиқ болали оилаларга 334 400 сўм нафақа берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам 434 минг сўмдан 1 миллион 85 минг сўмгача оширилади.

Бундан ташқари фахрий унвонга эга пенсионерлар учун тўлов миқдори 1,1 баробарга оширилади.

Ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахслар 8 йилгача қамалиши мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига ер тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилди.

Бундан буён ер участкаларини ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига асосан жазоланади. Адлия вазирлигининг билдиришича, мазкур кодексларга бу борадаги ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) жарима солинади.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бинолар бузиб ташланса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) жарима солиниши мумкин.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар Жиноят кодекси асосида жазоланади.

Жиноят кодексига асосан мансабдорлар БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) жаримага тортилиши, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бинолар бузилган ҳолда мансабдор 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистонда яна ер қимирлади

Бу 2021 йил бошидан бери Ўзбекистонда юз берган учинчи ер қимирлаши бўлди.

Афғонистонда юз берган зилзиланинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълум қилди.

Билдирилишича, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 01:02 да Афғонистонда 5,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентридан Тошкентгача масофа жанубий-шарқий йўналиш бўйича 552 километр бўлган.

Зилзила Тошкент ва Самарқандда 2-3 балл, Термизда 3 балл, Наманган, Aндижон, Фарғона, Гулистон, Жиззах,, Бухоро, Қарши ва Навоийда 2 балл куч билан сезилган.

Бу 2021 йил бошидан бери Ўзбекистонда юз берган учинчи ер қимирлаши бўлди. 11 январь куни Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 2 баллик, 1 январь куни Тошкентда 3 балллик зилзила қайд этилган.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолиси сони 34,5 миллиондан ошганини эълон қилди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, аҳоли сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 653,7 минг кишига кўпайган. Аҳолининг ўсиш суръати 101,9 фоизга тенг бўлди.

Қўмита маълумотида мамлакат аҳолиси ҳар ойда ўртача 54,5 минг кишига кўпайгани айтилади.

2020 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,8 минг кишига ошган.

ИИВ расмийси: Ўзбекистонда қўшфуқароликка руҳсат йўқ

Агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олган бўлса у икки фуқароликдан бирини танлаши керак бўлади.

Чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси мамлакат фуқаролигидан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбеков Тошкентда ўтказилган брифингда таъкидлади.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунга биноан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотади.

Берилган муддат давомида шахс чет эл фуқаролигидан воз кечмаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармони билан тугатилади. Ушбу ҳолатда шахс ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди", - деди Муродбеков.

Ҳозирда ўз ватанига айнан фуқаролик, ОВИР ва янги биометрик паспорт масалалари билан ватанига қайтолмаган миллионлаб ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинади.

Улар орасида чет эл ватандошлигини олганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Мирзиёев: Жиззахда қулаган уйни қурганлар қонун олдида жавоб беради!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январ куни Тошкентда фаоллар билан учрашувда Жиззахда қулаб тушган уй масаласига тўхталиб, уни қурганлар қонун олдида жавоб бериши кераклигини айтди.

Президент, шунингдек, ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига чора кўришни талаб қилди.

Аввалроқ бу амалдорнинг қариндошлари қурилишлар бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақда маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

"Давлат идораларига талаб бундан ҳам қаттиқ бўлади. Мана, мен яқинда икки вазирни ишдан олдим. Яна қатор вазирлар, вазир ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантириш олди. Нимага десангиз, аравани тортиш керак, бўлмаса кетиш керак.

Жиззахдаги уй қурилишига йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак. Бу масала албатта назоратда бўлиши керак", – деди Мирзиёев.

Президент ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарини ўз сиёсатига хиёнат қилганликда ҳам айблади.

"Унинг бутун тўдасига қонуний жазо белгиланиши керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди", – деди Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани, унинг қариндошлари ютган тендерларда комиссия раҳбари сифатида қатнашгани маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

10 январь куни Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янги қурилаётган, 6 қаватдан иборат кўп қаватли уй қулаб тушганди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Қурилиш вазири: “Жиззахдаги бинони ўғрилик қулатди”

10 январь куни Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли бино

15 январь куни оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳрида қулаган бино пудратчиларининг "хаёли ўғриликда бўлгани"ни таъкидлади.

“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деди вазир.

Матбуот анжуманида қурилиш бўйича талаб-меъёрларнинг бузилиши, ҳатто бино қулаганидан сўнг ашёларнинг майдаланиб кетгани ҳолатидан ҳайратини яширмаган вазир пудратчи ва буюртмачи келтирилган зарарни тўлиқ ўз ҳисобидан қоплашини таъкидлади.

Вазирнинг таъкидича, буюртмачи ва пудратчига бинонинг орт томонига 10 минг куб тупроқ тўкиб, бинога тираш ва уни демонтаж қилиш мажбурияти юкланган.

Келтирилган каттагина зарар суммасини тадбиркорнинг ўзи қоплайди.

Шу йил 10 январида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.

Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилган. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.

Расмийлар бино қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.

15 январь куни Бош прокуратура бинонинг қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Россия ҳукумати вакили Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлишига ишонмоқда

ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот Олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция тарзида ўтган саммитида

Россия Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб киришига ишонади.

Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук 15 январда Москвада бошланган анъанавий "Гайдар Форуми"да баёнот берди.

.«Биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», — деди Россия бош вазири ўринбосари.

Унинг сўзларидан иқтибос сифатида келтирган “Интерфакс”га кўра, Оверчук ўтган йили Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон яқин истиқболда иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлишига умид қилмоқда.

2020 йил майида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этишини маъқуллаганди.

Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ)нинг 2020 йил 11 декабрда ўтган саммитида Ўзбекистон ва Кубага кузатувчилик мақоми берилди.

Ўтган йил 29 декабрида парламентга мурожаатида президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг "ЕОИИ бозоридаги тўлақонли иштироки" ҳақида гапирган. Ўтган йил бошида у ташкилотда фақат кузатувчи мақомида иштирок этиш ҳақида сўз бораётганини айтиб, Ўзбекистон "мустақиллигини қўлдан бой бериши" ҳақидаги хавотирларни аритишга уринганди.

"Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”, деган президент парламентга сўнгги мурожаатида.

Ўзбекистонда “самосуд” учун жавобгарлик кучайтирилади

Хоразмнинг Қўшкўпир туманида 2020 йил 9 июнь кечаси содир этилган "самосуд" видесидан скриншот

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида “самосуд” учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда 15 январь куни ўтказилган Ахборот ва оммавий коммуникациялара агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.


Хусусан, Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси масъул ходими Шокир Назировга кўра, “самосуд” натижасида кимгадир тан жароҳати етказилса, бу ҳолат Жиноят Кодексининг 104-, 105- ва 109-моддалари бўйича чора кўрилишига олиб келади.


ИИВ вакилига кўра, бу жараён видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилса, Жиноят Кодексининг 130-моддаси, яъни зўравонлик ва ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, уни тарқатиш ёки жойлаштирганлик учун жавобгар бўлади, яъни 22 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилади. Башарти, киши бундан аввал шундай қилмиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса.


“Самосуд" пайдо бўлишининг асосий сабаби нима? У шахсларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлиги эмас, қонунларни билмаслиги ёки била туриб менсимаслигидан келиб чиқмоқда.
Тергов жараёнларида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, одамлар жаҳл устида ёки ўз хатти-ҳаракатлари қонуний жавобгарликни келтириб чиқаришини билмаган ҳолда самосудга йўл қўяди”, - деди матбуот анжуманида Бош прокуратура вакили.


Тошкентлик ҳуқуқшунос Азамат Олимовга кўра, Бош прокуратура вакилининг бу гапи ҳақиқатага тўғри келмайди. “Самосуд”ларнинг кўпайиши давлат ҳокимияти бўғинларининг заифлиги ва тузумнинг ўзгариши билан боғлиқдир.
“Эслаб кўринг, мустақилликнинг дастлабки йилларида самосуд ва рэкетлар авж олганди. Ҳатто 1994 йилгача амал қилган Жиноят кодексида рэкет ва самосуд учун 165-модда бор эди. Ҳукумат бу жиноятларни жиловлаб олгач, моддаси “Товламачилик” деб ўзгартирди. Ҳозир ҳам ҳукумат самосудларга чек қўя олишга қодир бўлиши лозим”, - дейди ҳуқуқшунос.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг декабрдаги қўшма сессиясида Сенатнинг мудофаа ишлари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси мамлакатда "самосуд"ларнинг ортиб бораётгани хавфли тенденция эканини таъкидлаган. Исми сир қолишини истаган ИИВ мулозимига кўра, тизимда жиноятларни қайд қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Муаммонинг илдизи — "самосуд"ларнинг ошиб бораётгани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратининг сусайгани ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ёппасига эътибор қаратилаётгани нишонасидир.


“Масалан, бирор жиноятни қайд қилиб, уни оча олмасангиз, прокуратура дарҳол “укритые дело” деб ишдан олади. Ҳамма жиноятларни очиш имконияти ҳам чегараланган. Моддий техник база қашшоқ. Милициянинг қўли боғлиқ бўлгач, албатта самосуд кўпаяди-да”, - дейди мулозим.


Сирдарёлик социолог Ашраф Алиевга кўра, самосудларнинг каттагина қисмини маиший жанжаллар ва хулқий оғишиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилмоқда.


“Жинсий ориентацияси бошқача бўлган шахсларга нисбатан жамиятнинг чидамсизлиги ёки милиция кириб бора олмайдиган оддий маиший қўйди-чиқдилар ҳам "самосуд"ларнинг субъектидир. Бунинг устига, технология ва ижтимоий тармоқлар ривожланиб кетди”, - дейди социолог.


Озодлик "самосуд"лар билан боғлиқ бир қанча материаллар эълон қилган. Уларда жумладан, жинсий ориентацияси ўзгача бўлган шахсларга тажовуз ва ўзаро муносабатларни мустақил равишда ҳал қилишга уриниш жиноятлари акс этган эди.

Энди суд тизими харажатлари фақат бюджетдан қопланади

Ўзгаришдан кўзланган мақсад суд ҳокимиятининг "тўла мустақиллигини таъминлаш" экани айтилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 январдаги Фармони талабига асосан, яқин келажакда Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиғича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Шу йилнинг октябрига қадар тизим таъминоти учун Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳам йўналтирилади, аммо октябрдан бошлаб тўлиқ давлат бюджети таъминотига ўтилади.

“Мазкур амалиётдан кўзланган мақсад суд ҳокимятининг тўла мустақиллигини таъминлаш ва тизимнинг қайсидир молия манбаларига қарамлигини бартараф қилишдан иборатдир”, - деди Судьялар Олий кенгаши вакили Озодликка.

Шу пайтга қадар судлов тизимининг айрим институтлари, судларнинг моддий техник базаси ва тизим вакилларини рағбатлантириш айрим молиявий жамғармалар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда омбудсман алмашди, Муҳаммадиев ўрнини Эшматова эгаллади

Феруза Эшматова

Қонунчилик палатасининг 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига Феруза Эшматова номзоди маъқулланган. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

41 ёшли сенатор Ф. Эшматова 2000 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, юридик фанлар доктори илмий даражасига эга.

У омбудсман лавозимига маъқуллангунига қадар Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Ф. Эшматова 2015-2020 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 2002 йилдан 2015 йилгача эса у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ишлаган.

Феруза Эшматова 2015 йилдан бери Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўлароқ фаолият юритиб келган Улуғбек Муҳаммадиев ўрнини эгаллади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG