Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Тошкент ҳокимияти “Қабул куни”ни эълон қилди


Баланд темир панжара билан ўралган Тошкент ҳокимияти биноси.
Баланд темир панжара билан ўралган Тошкент ҳокимияти биноси.

Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахт аҳлини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун ҳар ой “қабул куни” ўтказилишини билдирди.

“Тошкент” телерадиоканали, “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу лойиҳа доирасида ҳар ойда бир кун шаҳар ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ҳокимлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

Тошкент ҳокимияти расмийларидан бири ушбу лойиҳа фуқаролар билан давлат идоралари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилаётганнини айтди.

- “Қабул куни” деб рамзий маънода айтаяпмиз-да. Фуқаролар билан ҳокимият ўртасида қандайдир муносабат бўлсин, битта-ярим одамларни саволларига жавоб берсин ҳокимият ёки идора-ташкилот раҳбарлари. Улар ҳам жойлардаги муаммоларни ўргансин, деган мазмунда ташкил қилинган нарса бу,- деди Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийларидан бири.

Ҳокимиятда дастлабки қабул куни 29 февралга белгиланган. Шу куни Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Тоҳир Матёқубов қабул кунини ўтказиб, таълим соҳаси, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларидаги таълим сифати, педагог кадрлар тайёрлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари, соҳа ходимлари ва фуқароларнинг шу мавзуга дахлдор бўлган ҳар қандай саволларига жавоб беради.

- Шу куни Халқ таълими бош бошқармасини бошлиғи саволларга жавоб беради. Ҳозир бошланиши халқ таълими бошқармаси билан бошланяпти. Кейинги мулоқот қурилиши мавзусида бўлиши мумкин. Бизда режа бор, шу режа асосида навбатма-навбат бериб борамиз,- деди Тошкент шаҳар ҳикимияти расмийси.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева фикрича, давлат идоралари фуқаролар билан бу каби мулоқотни йўлга қўйгани яхши.

- Агар бу чинакам мулоқот бўлса албатта. Мен, масалан таълим соҳаси расмийларига нимага ўқув мавсуми пайти ўқувчилар дала ишларига мажбурланиши, мактаблардаги порахўрлик иллатлари, мактаб таъмири учун нимага ўқувчилар пул йиғиши керак, каби саволларни берган бўлар эдим. Шу саволларни электрон почта орқали уларга жўнатяпман, агар мулоқот чиндан ҳам мулоқот бўлса жавоб беришсин қани,- дейди ҳуқуқ ҳимоячи.

Фуқаролар info@toshkent.uz электрон манзилига ёки Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг 239-05-48, 233-13-21 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларни қолдириш мумкинлиги айтилган.

- Ўзингизни қизиқтираётган ёки қийнаётган масала ва саволни ёзиб қолдиришингиз, шу куни 20:20 дан 21:00 гача “Тошкент” телерадиоканали студиясига ўрнатиладиган бевосита телефон рақамлари орқали ҳам мурожаат қилишингиз мумкин,- деди ҳокимлик расмийси.
XS
SM
MD
LG