Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

"Асака" банки расмийси иқтисодий жиноятларда айбланмоқда


Озодлик манбаларига кўра¸ 20 феврал куни “Асака" банкнинг Сирғали тумани бўлими бошқарувчиси ўринбосари Баҳриддин Қиёмов ҳибсга олинган.


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбага кўра, Баҳриддин Қиёмов Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаменти томонидан ҳибсга олинган.

Қиёмов билан биргаликда айбланаётган қаршилик тадбиркор аёл - маълум сабабларга кўра исмини ошкор қиламаётганимиз суҳбатдошга кўра, Қиёмов 2005-2010 йилларда “Асака" банкнинг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари лавозимида ишлаб, қатор қонунбузарликларни содир этганликда айбланаяпти.

- Баҳриддин Қиëмовни айблашга бир сабаб бор. Қиëмов Қашқадарë вилояти "Асака" банкнинг бошлиғи бўлган. Ипотека кредитлар чиқарган. Шу ипотека кредитларига эр-хотин Рўзиева Гулноза ва Темиров Панжи деган ҳозир қамоқда ëтганлар сохта ҳужжатлар тўплаб, у одамни ҳам чалғитиб кредит олишга муваффақ бўлган. Ана шу бўйича айблаяпти. Ипотека кредитларини нотўғри ҳужжатлар билан берган деб айблашаяптида, дейди қаршилик тадбиркор.

Ҳозирда Қиёмовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (Пора олиш) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) айблари қўйилгани айтилаяпти.

Қиёмов билан биргаликда айбланаётган қаршилик тадбиркор аёлга кўра, унинг ўзи Жиноят кодексининг жами 15 та моддаси бўйича айбланмоқда. Бироқ бу манба нима сабабдан банкир Қиёмов билан ўз ишининг биргаликда олиб борилаëтганига ҳайрон эканлигини айтади.

- Нега мени Қиëмовга аралаштиришади¸ мен шуни билмайман. Менга 164-165 моддалар қўйилган. Умуман менга Жиноят кодексининг 15 та моддаси қўйилган. Легаллаштириш, одам савдоси, рэкет, талончилик, ўзбошимчалик – 15 тада ишқилиб, дейди қаршилик тадбиркор аёл.

Тошкент шаҳри Сирғали тумани “Асака" банкининг ўзини таништиришни истамаган ходимаси Баҳриддин Қиёмовнинг ҳибсга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини рад қилди.

- Қиёмов ҳозир касаллик таътилида. Қачон ишга чиқиши номаълум, деди “Асака" банки ходимаси.

Ҳозирда Қиёмов билан боғлиқ тергов ҳаракатларининг Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Дониёр Отажонов томонидан олиб борилаётгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан бу борада бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Баҳриддин Қиёмовни яқиндан таниган ва у билан биргаликда айбланаётган қаршилик тадбиркор аёлга кўра, Баҳриддин Қиёмов яқинда истеъфога чиққан Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Муҳиддин Қиёмовнинг укаси бўлади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда давлат амалдорларининг айнан коррупцияда айбланиш ҳолатлари тез-тез учраётгани кузатилмоқда.

Жорий ой давомида Ўзбекистон президентининг кучишлатар салоҳиятига эга тизимлар фаолияти бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов ўз қариндошлари номига расмийлаштирилган йирик бизнеси билан боғлиқ айблар билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Январ ойида Бухоро вилоятининг қарийб 20 йиллик ҳокими Самойдин Ҳусенов ишдан олинди ва бунга унинг ўғиллари йўл қўйган иқтисодий жиноятлар асос бўлгани давлат матбуотида хабар қилинди.

Ўтган йил кузида Жиззах вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг раиси М. Шукуруллаев, Зарбдор туман Жиноят ишлари бўйича суди раиси Ўткир Абдуллаев пора билан қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Қ. Амиров ва бош мутахассис А. Холжигитов ҳам пора талаб қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Ўтган йилнинг ёзида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, яширингани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG