Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:25

“Ашт тўлқини” ўз аудиториясини қозонмоқчи


Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ҳам Ўзбекистон телевидениелари томонидан намойиш этилаётган сериалларнинг мухлислари бисёр.
Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ҳам Ўзбекистон телевидениелари томонидан намойиш этилаётган сериалларнинг мухлислари бисёр.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Ашт туманида хусусий маҳаллий телевидение ташкил этилди.

Ашт маҳаллий телевидениесининг муассиси ва директори Дилбар Олимова чегара ҳудудида яшаётган аҳолининг аксарияти Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилаётгани ҳамда мамлакат ичкарисида бўлаётган янгилик ва воқеалардан тамомила хабарсиз қолаётганини ҳазм қила олмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, янги телевидениени таъсис этишдан асосий мақсад ҳудуддаги ахборот бўшлиғини тўлдиришдир.

Туманда илк бор ташкил этилган “Ашт тўлқини” телевидениеси хусусий бўлиб, у Дилбар Олимова ва яқинларидан бирининг шахсий жамғармаси ҳисобидан фаолият юрита бошлаган экан.

Хусусий телевидение барча зарур техник ускуналар билан жиҳозланганини билдирган Олимова хоним ҳозирда эфир частотаси учун лицензия олиш масаласи ҳал бўлмай турганини айтди.

- “Тожиктелерадиоком” идорасига бунинг учун зарур ҳужжатлар топширилган. Навруз байрамигача ҳал қилиб беришни ваъда қилишган эди. Лекин бу маҳаллий телевидение Ўзбекистон билан чегарадош туманда очилганини назарга олган ҳолда лицензия масаласи айтилган муддатидан олдинроқ ҳам ҳал бўлиши мумкин, - деди Дилбар Олимова.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош туман ва шаҳарлари аҳолисининг қарийб 90 фоизи Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳри телевидениеси дастурларини томоша қилади.

- Шаҳар марказида яшовчи тожикларнинг ҳам 90 фоизи Ўзбекистон телеканалларини кўради. Сабаби, фикримча, Ўзбекистон телевидениесида тарбиявий аҳамиятга молик ва миллий руҳдаги фильмлар намойиш қилинади. Халқ шуни жуда қизиқиб кўради, - дейди маҳаллий таҳлилчилардан бири Мақсуджон Жўраев.

Аштлик Одинамоҳ ая миллати тожик бўлишига қарамай, ўзбек тилини жуда яхши тушунади ва бу унга Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинаётган ҳаётий сериалларни бемалол томоша қилишга имкон яратади.

Тожикистонда тўртта давлат ва яна бир нечта хусусий телевидение фаолият кўрсатади. Бироқ Одинамоҳ аянинг оиласи бу телеканаллар дастурларини камдан-кам кузатиб боради. Аштлик аёл буни техник носозликлар билан боғлайди.

- “Хиш-хиш” қилиб зўрға кўрамиз-да. Мен кўпроқ Ўзбекистонни кўраман. Туркиянинг киносини кўрар эдим, ҳозир кўрсатмай қўйди, - дейди 50 ёшли Одинамоҳ ая.

Аёл билан суҳбатдан унинг Аштда янги телевидение очилганидан хабарсизлиги маълум бўлди.

- Яна шундай ўнта телевидение очилса ҳам, барибир халқ Ўзбекистон телевидениесини кўради. Чунки дастурлар сифати талабга мос, - деди аштлик онахон.

“Ашт тўлқини” телевидениесининг директори Дилбар Олимова маҳаллий телевидение дастурларини янгиликлар, хориж сериаллари, мусиқий дастурлар ҳамда мультфильмлар билан бойитиш орқали чегара ҳудудида каттагина аудиторияни ишғол қилмоқчи бўлиб турибди.

Мустақил таҳлилчилар эса янги ташкил қилинган телевидение ҳам республикада фаолият қилаётган бошқа телевидениелари сингари халқ кўнглини ололмайди, деган ишончда. Чунки, таҳлилчилар мулоҳазасича, бу мамлакатда иш бошлаётган давлат ва нодавлат телевидениеларининг ҳаммасида ҳукумат фаолияти ва давлат амалдорларига таҳсин айтиш анъана тусига кирган.

“Бошқа томондан мустақил телеканалларнинг ҳукумат томонидан цензура остига олиниши бу телеканалларнинг яхши сифат билан халққа хизмат қилишига имкон бермайди”, дея мулоҳаза билдиради таҳлилчилар.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров ва Конибодом туманларида ҳам хусусий телевидениелар фаолият кўрсатади. Шундай бўлса-да, кузатувчиларга кўра, бу туманлар аҳолисининг аксарияти Ўзбекистон телеканалларини томоша қилади.
XS
SM
MD
LG