Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:02

Озарбайжонда ҳоким сўзлари халқ исёнига олиб келди


Озарбайжоннинг Губа туманида халқ норозилиги тартибсизликка айланиб кетди. Туман ҳокимининг маҳаллий аҳоли шаънига билдирган таҳқирли сўзлари ҳокимият биноси олдига бир неча минг одам тўпланишига сабаб бўлди.

Губа туман ҳокими Рауф Ҳабибов истеъфосини талаб қилган намойишчиларга қарши хавфсизлик кучлари кўз ёшини оқизувчи газ қўллади.

Намойишлардан бир неча кун аввал бўлиб ўтган мажлисда чиқиш қилган ҳоким Рауф Ҳабибовнинг Губа аҳлини “сотқинлик ва хоинлик”да айблаб, “ўз ерларини 30-40 манатга пулламоқда”, деган сўзлари губаликларга қаттиқ тегиб кетди.



Ҳабибовнинг бу гаплари туширилган видео Интернетда пайдо бўлгач, пайшанба куни туман ҳокимлиги олдига бир неча минг губалик тўпланиб, Ҳабибовнинг истеъфосини талаб қилди.



Воқеага оид расмий хабарномада айтилишича, норозилик намойиши “тинч бошланганига қарамасдан, баъзи бузғунчи элементлар гиж-гижлаши оқибатида, акция тартибсизликка айланиб кетган”.

Оқибатда, Рауф Ҳабибовнинг уйига ўт қўйилди. Шунингдек ҳокимлик биноси ойналари синдирилиб, унга туташ бир неча бинога ҳам ўт қўйилди.



Рауф Ҳабибов Губа туман ҳокими лавозимидан олинди.

Расмий хабарномада айтилишича, намойишчилар полиция ходимларининг уч нафарини жароҳатлаган.

Губадаги вазиятни назоратга олиш учун туманга ички қўшинлар киритилди.

Губа туман прокуратураси жиноий иш қўзғади.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда 2 март куни Озарбайжоннинг бошқа туманларида ҳам норозилик намойишлари режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ расмий матбуот Губадаги воқеалар ҳақида ҳозирча лом-мим дегани йўқ.
XS
SM
MD
LG