Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:24

Германия мудофаа вазири Ўзбекистонга сафар қилмоқда


ГФР мудофаа вазири Т.Майзер (ч) ва Ўзбекистон мудофаа вазири Қ.Бердиев, Тошкент, 2012 йил 12 март.
ГФР мудофаа вазири Т.Майзер (ч) ва Ўзбекистон мудофаа вазири Қ.Бердиев, Тошкент, 2012 йил 12 март.

Германия Федератив Республикаси мудофаа вазири Томас де Майзер бошчилигидаги делегация 12 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки томонлама алоқалар ривожининг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Томонлар халқаро ва минтақавий муаммолар борасида ҳам фикр алмашган.

13 март куни Германия мудофаа вазирини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилиши кутилмоқда.

Германия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Томас де Майзер 12 март куни Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев билан учрашган.

2011 йил март ойида Германия мудофаа вазири лавозимини эгаллаганидан бери бу Томас де Майзернинг Ўзбекистонга биринчи ташрифидир.

Германия мудофаа вазири сешанба куни Ўзбекистондан Покистонга жўнаб кетади. Томас де Майзер Исломободда Покистон мудофаа вазири Чаудри Аҳмад Мухтор билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши режаланган.

Томас де Майзердан олдин 20 феврал куни Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс беш кунлик сафар билан Тошкентга келган.

Латвия мудофаа вазири ўша куниёқ ўзбекистонлик ҳамкасби Қобил Бердиев билан учрашди.

21 феврал куни Латвия расмийси Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниевлар билан учрашди.

Пабрикснинг Тошкентга ташрифи НАТО Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланиш масаласи хусусида расмий Тошкент билан келишиб олишга уринаётган пайтга тўғри келди.

Латвия мудофаа вазиридан кейин 28 феврал куни Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ҳаммонд ўзбекистонлик ҳамкасби Қобил Бердиев билан учрашган. Мулоқот чоғида 2012 йилга мўлжалланган ҳарбий-техникавий ҳамкорликка оид режа имзоланган.

Хориж матбуоти хабарига кўра, Ҳаммонднинг Ўзбекистонга ва ундан аввал Қозоғистонга қилган сафари чоғида Буюк Британиянинг Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатлари орқали олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинган.
XS
SM
MD
LG