Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Президент Ассаднинг шахсий ёзишмалари фош бўлди


14 март куни Британияда чиқадиган “The Guardian” газетаси Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг шахсий ёзишмаларини эълон қилди.

Суриядаги зўравонликлар бошланганининг бир йиллиги арафасида “The Guardian” газетаси эълон қилган мақолада Башар ал-Ассад ва унинг рафиқаси Асма Ассаднинг шахсий электрон почтасидаги 3000 дан зиёд ёзишмаларга оид маълумотлар ошкор қилинди.

“The Guardian” ушбу ёзишмалар мухолифатдаги Сурия Олий Инқилоб кенгаши томонидан тақдим қилинганини айтмоқда.

Мухолифатчилар Ассадга яқин бўлган кишилардан бири орқали Сурия раҳбарига дохил электрон почта паролини олишга муваффақ бўлинганини айтишган.

“The Guardian” газетаси ёзишмаларнинг ҳақиқатан ҳам Ассадга тегишли эканлигини аниқлаш борасида жиддий текширув ўтказганини ҳам қайд этди.

Ёзишмалар ўтган йилнинг июнидан жорий йилнинг февралигача бўлган вақтни қамраб олган.

Мақоладаги маълумотларга кўра, Ассад сиёсий ислоҳотлар борасидаги таклифларни жиддий қабул қилмайди. У ислоҳотларни “Партия, сайлов ва матбуот ҳақидаги сафсата қонунлар” сифатида баҳолайди.

Бир қанча ёзишмаларида Ассад Сурияда ҳукуматга қарши намойишлар бошлангач, Эрон ва Ливанлик расмийлар билан маслаҳатлашгани ҳақида гап боради.

Қатар амирининг қизи Ассаднинг рафиқаси Асмага йўллаган электрон мактубида Ассадни президентликдан истеъфога чиқишга чақиради ва Доҳадан паноҳ топишлари мумкинлиги ҳақида ёзади.

Хатларда Ассад шахсий ҳаётининг айрим томонлари ҳам акс этади.

“The Guardian” газетасининг Ассад ёзишмаларига асосланиб ёзишича, Сурия президенти бўш вақтларида iTunes тармоғида Америкада яшовчи шахс номидан расмийлаштирилган ҳисоб орқали iPad компьютерига мусиқалар юклаб олиш билан шуғулланади.

Асма Ассад эса интернет орқали Париждан буюртирган шамдон ва бошқа уй безаклари учун бир неча минг доллар сарфлагани акс этган.

Сўнгги бир йил давомида Суриядаги зўравонлик пайти 8000 одам ҳалок бўлган ва мамлакат бўҳронлар исканжасида қолган бир пайтда Ассад ва унинг оиласи дабдабали ҳаётдан лаззатланиб яшашни давом эттираётгани уларнинг ёзишмаларида акс этади.
XS
SM
MD
LG