Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:04

Мавлуд


Яқинда бир маросимга гувоҳ бўлиб қолдим. Мавлуд тадбири деб аталувчи бу маросим Муҳаммад Пайғамбарнинг туғилган куни муносабати билан уюштирилган аёллар машваратидир.

Элликка яқин аёл тўпланиб, байрамона безатилган дастурхонга ширгуруч тортилди. Қуръони Карим оятлари ўқилиб, саловот айтилди. Бу маросимни икки отинойи олиб борди. Отинойилар олдига бир нечта шам ёқиб қўйилди.

Уларнинг айтишларича, баъзан мезбон хоҳишига кўра уч отинойи ҳам чақирилар экан.

- Мусулмон аёллар мавлуд ойини ўтказиши керак. Бу ахир Муҳаммад Пайғамбаримизнинг ҳурмати учун қилинади. Кейин хонадон эгаларини балолардан сақлайди. Ўқилган оятлар эса хонадонга барака олиб келади,- дейди ёши 60дан ошган, илгари она тили ва адабиётдан дарс берган отинойи.

Мавлуд дастурхонига пишириқлар, ширинликлардан ташқари Хитойда ишланган хушбўй ҳид таратувчи чўпчалар, пўсти арчилмаган мандаринга тиқилиб ёқиб қўйилди. Бир чинни ширин сувга ўқилган Қуръон оятларидан сўнг отинойилар куф-суф қилдилар. Чинни идишдаги гулоб сувини хонадонга йиғилган элликка яқин аёл қўлма-қўл ўтказиб, ҳар бир меҳмон бир-бир хўплаб қўйди.

Кейин эса, гулоб баклашкага қуйилиб, аёлларнинг кийимига сепилди. Гулоб суви меҳмон аёлларни ёмон кунлардан сақлаши айтилди.

Сўнгра отинойилар меҳмон аёлларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида гаплашди. Мурид аёлларнинг ҳар бири отинойиларнинг ҳар бирига минг сўмдан бериб, ўзларининг ўтиб кетган яқинларига дуо олишди.

- Дуо учун эмас, кўнгилдан чиқариб пул берасиз отинойига. Масалан, зиёратга борганда ҳам мулланинг олдига пул ташлаб кейин дуо ўқитасиз. Бу ҳам кўнгилдан чиқарилган садақа каби,- дейди ёши 40 лар атрофидаги меҳмон.

Бир соатдан ортиқ давом этган маросимдан сўнг отинойиларга ширинлик, нон ва замонавий, сифатли матоҳдан бир кийимлик қўйиб кузатилди.

Отинойилардан бирининг айтишича, мавлудга тараддуд ярим йил давом этади. Яъни, олти ой давомида кўнглига эҳсон қилишни тугиб қўйган ўзбекистонлик мавлуд ўтказиши мумкин.

Ҳа, айтганча, Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси отинойиларга диний маросимларни ўтказиш учун рухсат бериши лозим.
XS
SM
MD
LG