Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Исроил ва эронликлар Facebookда дўстлашмоқда


Эрон ва Исроил ҳукуматларининг бир-бириларини кўришга кўзи йўқлигини ҳамма билади. Аммо ижтимоий тармоқлардаги фаол эронлик ва исроилликлар бугун қолган дунëга¸ ўз сиëсатчиларидан фарқли¸ бир-бирлари билан яхшигина тил топишишлари мумкинлигини кўрсатмоқдалар.

Исроил ва Эрон ҳукуматлари уруш ноғораларини чалиб¸ кундан-кунга душманона баëнотлар ҳовурини ошириб бораëтган айни кунларда исроиллик жуфтлик Интернетда эронликлар билан тинчлик кампанияси бошлади. Кун сайин бу ташаббусни қўллаëтган эронликлар сони ошмоқда.

41 яшар график дизайнер Ронни Эдри ва унинг 36 яшар жуфти Михал Тамир ўтган ҳафта болалари билан тушган суратларини Facebook саҳифасига қўйдилар ва унинг остига “Эронликлар¸ биз сизни севамиз ва сизнинг ватанингизни бомбалашни истамаймиз”¸ деб ëзиб қўйишди.

“Бутун Эрон халқига¸ барча оталар¸ оналар¸ болалар¸ акалар ва опаларга! Орамизда уруш бўлиши учун¸ биринчи навбатда¸ биз бир-биримиздан қўрқишимиз¸ бир-биримиздан нафрат қилишимиз шарт. Мен сизлардан қўрқмайман. Мен сизлардан нафрат қилмайман. Мен сизларни ҳатто билмайман ҳам. Шу пайтгача менга бирор эронлик озор бергани йўқ"¸ деб ëзди Эдри ўз Facebook саҳифасида.

“Телевизор экранида қандайдир эронлик чиқиб уруш ҳақида гапирганини кўрсам¸ мен унинг бутун Эрон халқи номидан гапирмаëтганига ишонаман. Агар сиз ҳам телевизорингизда чиқиб Эронни бомбалаш ҳақида гапираëтган исроилликни кўрсангиз¸ бу одамнинг бутун Исроил халқи номидан гапирмаëтганига ишонинг. Агар кимдир бу аҳволдан уялаëтган бўлса¸ марҳамат қилиб¸ менинг муждамни бошқаларга¸ хусусан Эрон халқига етказсин”¸ деб ëзди Эдри.

Озодлик билан суҳбатда исроиллик жуфтлик ўз ниятлари Интернетда ўзига хос бокс майдончаси ташкил қилиш¸ фақат бу рингда исроиллик ва эронликларни бир-бири билан уриштириш ўрнига¸ уларни иккала қўлларини ўзаро саломлашиш¸ дўстлашишга чўзишга рағбатлантириш эканини айтадилар.

Саноқли соатлар ичида эронликлар ичидан бундай ниятга қўшилувчилар топилди ва улар муждаларини ўқиб йиғлаб юбордим¸ дейди Тамир.

- Кейинги 24 соат ичида Эрон ичкарисидаги эронликлар Facebookдаги саҳифаларига баъзилари ўз суратлари¸ баъзилари ойнадаги акслари билан чиқиб¸ “Исроилликлар¸ биз сизнинг ватанингизни ҳеч қачон бомбаламаймиз¸ биз сизни севамиз”¸ деб ëздилар¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тамир.

Эрон ичкарисидаги Facebook фойдаланувчилари ўз шахсларини очиқлаб¸ исроилликларга муҳаббатларини очиқ изҳор қилсалар¸ махсус хизматлар уларни осонгина Исроил жосуслигида айблаб¸ қамоққа тиқиши мумкин. Эрон Исроил давлатини ҳозирга қадар расман тан олган эмас ва эронликларнинг Исроилга саëҳат қилиши расман тақиқланган.

Исроиллик жуфлик эронликларнинг ижобий муносабатидан руҳланиб¸ Facebookда “Исроил Эронни севади” деган махсус саҳифа очишди¸ махсус блогни йўлга қўйишди ва ўз хавфсизлигидан чўчиб шахсиятини ошкор қилмаëтган оддий эронликлар билан электрон мактуб ëзишишни бошлаб юборишди.

Сиëсатчилар ва улар ўрнатган тўсиқларни четлаб қилинаëтган бу ëзишмалар оддий эронлик ва исроилликлар ўртасига ҳукуматлар қўйган деворни ўртадан кўтармоқда¸ дейди Михал Тамир.

Эндиликда исроиллик жуфтлик маблағ йиғиб бу кампанияни ижтимоий тармоқлардан кенгроқ жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш учун кўча-кўйлардаги панно ва шиорларга кўчириш ниятида.

Эдри секин-аста оддий халқ истаги қарор берувчи сиëсатчилар зеҳниятига ҳам таъсир кўрсатишига умид қилмоқда.

- Сиëсатчиларимиз тафаккурини ўзгартириш халқ сифатида бизнинг зиммамизда. Шу боис биз ўз талабимизни баралла айтишимиз лозим. Йиллар давомида биз очиқ гапиришдан қўрқиб келдик. Сиëсатчиларимиз эронликлар бизни бомбаламоқчи¸ уруш қилмасак бўлмайди¸ деса биз қўрққанимиздан сасимизни чиқармай¸ қараб туравердик. Бугун биз уруш истамаймиз¸ эронлик ва исроилликларнинг бир-бирига кин ва ғанимлиги йўқ¸ деб баралла айтишимиз керак¸ дейди Эдри.
XS
SM
MD
LG