Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:16

Тошкентда ош тузи чиқарувчи ширкатлар ëпилди


Сифатсиз маҳсулот тайёрлаш, туз таркибига етарли йод моддаси қўшмасликда айбланган Тошкентдаги 15 дан ошиқ корхона фаолияти тақиқланди.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат санитария эпидемиология хизмати, прокуратура ва санитария милицияси томонидан ўтказилган қатор қўшма рейдлар давомида 15 дан ортиқ ош тузи ишлаб чиқарувчи ширкат фаолияти тақиқланди.

Исми сир қолишини сўраган Тошкентдаги туз ишлаб чиқариш кичик корхоналаридан бири раҳбарининг Озодликка айтишича, бу кичик корхоналарга санитария ва савдо қоидаларига амал қилмаслик, маҳсулотни ишлаб чиқариш даврида белгиланган стандартларни бажармаслик, сифатсиз қадоқлаш айблари қўйилган:

- Тошкентдаги ош тузи ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи деярли ҳамма кичик корхоналар фаолияти тўхтатилди. Биз тузни қайта ишлаймиз, кейин қадоқлайдиган корхоналар биздан сотиб олади. 1 январдан бошлаб ишламаяпмиз. СЭСдан келиб ёпиб кетишди, ювиниш ва кийиниш хоналари талабга жавоб бермас экан. Ободончилик ишлари қилишимиз керак экан. Лекин туз таркиби бўйича ҳеч нарса дейишгани йўқ, дейди ош тузи ишлаб чиқарувчи кичик корхоналардан бирининг директори.

Тошкентдаги туз ишлаб чиқариш ва қадоқлаш кичик корхоналари фаолиятининг тўхтатилгани пойтахт дўконларида ош тузининг тортилиб қолишига сабаб бўлди.

Хусусан, ҳозирда аксарият дўконлардан туюлган олий сифатли экстра ош тузлари йўқолиб, улар ўрнини хусусий цех ва корхоналарда ишлаб чиқарилган йирик тузлар эгаллаган.

Тошкентлик истеъмолчи Абдураҳмон Содиқовнинг айтишича, айни кунларда сифатли ош тузи топиш қийин бўлиб қолган:

- Йигирма кун олдин дўкондан ош тузи олгандим. Бироқ сифатсиз экан. Сувга солсам лойқароқ бўлиб қоляпти. Кейин қидириб-қидириб сифатли туз топдик, дейди Абдураҳмон Содиқов.

Унга кўра, савдо ходимлари ҳозирги пайтда қолдиқ маҳсулотларни сотишаётганини, улгуржи савдода ош тузи йўқлигини таъкидлашяпти.

Ош тузи ишлаб чиқарадиган айрим корхона раҳбарларининг айтишларича, айбловларнинг асосий қисмини ош тузини йодлаш бўйича давлат дастурида белгиланган талабларнинг бажарилмаслиги ташкил этмоқда.

Исми сир қолишини сўраган Тошкентдаги ош тузи ишлаб чиқарадиган кичик корхоналардан бири раҳбарининг овозини эшиттирмаслик шарти билан айтишича, Тошкентдаги ош тузи савдосини ҳам кимдир ўз монополиясига айлантириб олмоқчига ўхшайди:

- Ўзбекистонда ҳар бир соҳани ўз "эга"си бор. Мана шакарни контрол қилишади, унни контрол қилишади. Энди гарчи кўзга кўринмас бўлса-да¸ катта фойда келтирадиган ош тузини ҳам кимдир ўз назоратига олмоқчи шекилли. Бўлмаса бирданига Тошкентда деярли барча кичик корхоналар ёпиб қўйилармиди, дейди фаолияти тўхтатилган кичик корхона директори.

Бироқ баъзи тошкентликлар бу фикрларга қўшилмайди. Истеъмолчи Абдураҳмон Содиқовнинг айтишича, сўнгги йилларда пойтахт дўконларида сифатсиз ош тузи кўпайиб кетди ва бу тизимни ҳукумат ўз назоратига олиши керак:

- Ҳозир жуда кўп ош тузлари оддий уйлардаги цехларда тайёрланяпти. Йодланган деб ёзиб қўйишади, лекин йоддан асар ҳам йўқ, дейди Абдураҳмон Содиқов.

Тошкент дўконларидаги чакана савдода шу кунда майдаланган олий навли экстра ош тузининг 1 килограмми 1100 сўм, йирик ош тузи эса 600 сўмдан сотилмоқда.

Ош тузи Ўзбекистоннинг асосан жанубий минтақаларидаги конлардан қазиб олинади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG