Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Ризо Паҳлавий энг нуфузли эронлик деб баҳоланди


Ризо Паҳлавий қизи Имон ва рафиқаси билан.
Ризо Паҳлавий қизи Имон ва рафиқаси билан.

Озодлик радиосининг Эрон хизмати – Фарда муштарийлари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровга кўра¸ 1979 йилда исломий инқилобчилар томонидан ҳокимиятдан ағдарилган Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тўнғич ўғли Ризо Паҳлавий энг муҳим ва энг нуфузли эронлик дея топилди.

Бу йилги Наврўз – Эрон қадимий янги йили арафасида ўтказилган Фарда сўровида асосан¸ мамлакат ташқарисида яшайдиган минглаб эронликлар иштирок этди.

Сўровда қатнашганларнинг 33 фоизи¸ ëки 4028 нафари Эрон тахтининг сўнгги вориси¸ 51 яшар Ризо Паҳлавийни дунëдаги энг нуфузли эронлик деб баҳолади.

1979 йилги Эрон ислом инқилобидан бери АҚШ да яшаб келаëтган Ризо Паҳлавий мамлакатнинг ҳозирги руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Али Ҳаманеийни инсониятга қарши жиноят қилганликда айблаб¸ судга тортиш талабини илгари сурмоқда.

Асқар Фарҳодий.
Асқар Фарҳодий.
Фарда сўровида¸ ўтган ой энг яхши хориж филми категориясида АҚШ Киноакадемиясининг Оскар мукофотига лойиқ топилган “Нодирнинг Симиндан жудолиги” ("Жудоии Нодир аз Симин") филми режиссëри Асқар Фарҳодий нуфуз ва эътибор бўйича иккинчи муҳим эронлик деб топилди – сўровда қатнашганларнинг 31 фоизи ëхуд 3 717 нафари Фарҳодийга овоз берди.

Нафақат Эрон¸ балки мусулмон киноижодкорлари орасида илк бор дунëнинг энг нуфузли кинотанловида ғолиб деб топилган филм муаллифи Фарҳодий ўз мукофотини тинчликсевар эронликларга бағишлашини айтган эди.

Гарчи Фарҳодий филмининг бундай ютуғи аксар эронликлар томонидан катта хурсандлик билан қарши олинган бўлса-да¸ Теҳрон ҳукумати режиссëр шарафига Теҳронда ўтказилиши режаланган маросимни ҳеч бир изоҳсиз бекор қилди.

Фарда сўровида қатнашганлар¸ бугун Эрон қамоқхоналарида ëтган юзлаб сиëсий маҳбусларни энг эътиборли эронликларнинг рўйхатининг учинчи поғонасига қўйдилар. Сўровда қатнашганларнинг 10 фоизи ¸ëки 1198 нафари Эронда кўтарилган янги сиëсий фаоллик ташаббусчилари сифатида қамоқларга ташланганларни энг нуфузли эронликлар дея баҳоладилар.

Мазкур сўров Фарда Интернет саҳифаси ҳамда радионинг Facebookдаги саҳифасида параллел ўтказилди ва унда мамлакат ичкариси ва ташқарисида яшовчи 12 024 нафар муштарий иштирок этди.

Бу сўров натижалари Эрон жамияти қарашларини акс эттиришни иддао қилмайди.
XS
SM
MD
LG