Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

Бу пайтгача 140 миллион бўларди


Совет даврида "пулингизни омонат кассасида сақланг" деган тавсиялар бўлар эди.
Совет даврида "пулингизни омонат кассасида сақланг" деган тавсиялар бўлар эди.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири бир пайтлар омонат кассасига қўйган 27 минг сўм пулим бугун миллионларни туққан бўларди, дейди.

Кўчада одамдан кўра милиция кўпроқ

51 яшар тошкентлик полиграфия муҳандиси Миролим ака Наврўз тантаналарида уйдан чиқмаганлигини айтади.

- Мен Тошкентданман. Гапнинг очиғини айтсам, мен на мустақиллик, на Наврўз байрамида кўчага чиқмайман. Тўғрисини айтаман мен. Чунки ўзи бизда мана шу байрамларда кўпинча доброволно принудително деган гап, яъни мажбурий-ихтиëрий деган гап борда. Яъни ҳар битта ташкилотдан, ҳар бир туман ҳокимлигидан махсус рўйхат берилади. Рўйхат бўйича байрамга борилади. Халқ бориб, байрам қилиб, сайил қилиб юрганини тўғрисини айтсам кузатганим йўқ.

Озодлик: 20 йиллар олдин қанақа эди?

- 1992 йил 31 август-1 сентябрда ўзим чиқдим мустақиллик байрамига. Кўчада одам гавжум эди. Ҳақиқатан одамлар шод, хурсанд. Ҳамма ëқ яхши, аҳиллик, тинчлик, тотувлик эди. Ҳозир бу нарсани мен кузатмайман. Чунки кўчада одамдан кўра милиция кўп.

Озодлик: Милициянинг кўплиги хавфсизлик нуқтаи назаридан яхши эмасми?

- Бир томондан яхши, лекин ҳар бир нарсанинг ҳам ўзининг иккинчи томони бўладию. Оддий медалнинг ҳам иккинчи томони бўладию. Бир томондан ҳақиқатан милициянинг борлиги яхши, лекин иккинчи томондан ҳақиқатан кўплиги, биринчидан, давлат бюджетига ҳам катта зиëн, иккинчидан, ички ишлар ходимларига ишонч анча йўқ деса бўлади, дейди тошкентлик Миролим ака.

Аввалгиларга ўхшамас

Бу йилги Наврўз аввалгиларидан кўра тушкун руҳда ўтди, дейди тошкентлик Чамангул опа.

- Бу йилги Наврўз ҳар йилги бўлаëтган Наврўзларга ўхшамади. Одамларнинг кайфияти ҳа йилгидай эмас. Борган сари кайфият, қизиқиш сўнаëтганга ўхшайди. Шунақа туюлди.

Озодлик: Нимага? Шуни деталларда тушунтириб беринг. Қимматчилик бўлдими, об-ҳаво ëмон келдими ëки бошқа муаммолар бўлдими? Сиздан олдин битта одам билан гаплашсам, “Кўчада милициялар кўп бўлди” деди.

- Бу тўғрида бекитадиган йўқ. Осон эмас яшаш. Қимматчилик. Ишсизлик, қимматчилик, шароитларнинг яхшимаслиги, оддий халқнинг ҳаëти мураккаблашган, олдингилардан ëмонлашиб кетаяпти. Бошқарув даврасидагиларнинг ҳаëтлари яхши...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00
Бевосита линк

Омонатимдан айрилдим

Абдулла Қаҳҳор ҳикояси қаҳрамони дафн қилинаëтган бошлиқ жасадига ўз костюмини ҳурмат юзасидан кийдириб қўяди. Тобут устига тупроқ тортилганидан кейин бу қаҳрамон “омонатимдан айрилдим” деб ўзини қабр устига отади. Марҳумга кийдирилган костюм чўнтагида омонат касса дафтарчаси бўлганини ҳикоя қаҳрамони тобут ерга кўмилганидан кейингина билиб қолади. Аммо атрофдагилар буни тушунмайди.

Ўтган асрнинг 90 йилларида банкка пул қўйганлар Совет Иттифоқи билан бирга банк тизими ҳам гўрга кираëтганидан бехабар бўлишган.

Сирдарëлик Валижон ака мол-ҳолини сотиб 1992 йилда 27 минг сўмни тўққиз фоиз фойдаси учун Халқ банкига қўяди. Орадан 20 йил ўтса ҳам пулимни индексация қилинган ҳолда қайтариб ола олмаяпман, дейди Валижон ака.

- Банкдаги пулларни ололмасдан охири сизларга телефон қилган эдимда. Ўзим Сирдарë вилояти, Оқ Олтин туманидан Абдуллаев Валижон бўламан. Банкка қўйган пулларни ололмасдан охири сизларга чиққанман.

Озодлик: Нима бўлди ўша пуллар?

- Омонатга қўйилган пуллар ҳеч натижаси йўқда.

Озодлик: Қайси банк?

- Халқ банки.

Озодлик: Қанча миқдордаги пул?

- Омонатга пул қўйганмиз 1992 йилда. Ватанимиз мустақил бўлгандан кейин машиналаримни, молларимни сотиб бор пулимни 1992 йил январ, феврал, март ойида қўйганман. 1993 йил купон вақтида ҳам 150 минг қўйганман. 1974 йилдан бери пул қўйиб олаëтган еримга пул қўйиб оламанда. Ортиқча пулимни шундай қўяман. Керак вақтида оламан. 1992га ўтгандан кейин омонатга қўйган пулларни бермаяпти.

Озодлик: Сизга қанча пул беришлари керак?

- Менинг мўлжалимда, у пайтда 27 мингга тўртта Москвич берарди, ким олади 6000дан деса, ҳеч ким олмаган. Биз банкка қўйганмиз ҳамма ëқ ўзимизники деб.

Озодлик: Тахминан қанча сумма?

- Тахминан 140 миллион деяпти, бу 27 мингнинг ўзига ҳисоблаяпти. Жуда катта сумма бор. Ўша вақтда гугурт бир тийин эди. Ўйлаб кўрсангиз, жуда нотўғри қарор чиқариб олди. Дардимизни кимга айтамиз? Шу битта қарор чиқариб томоша қилиб турса, биз ишонганимиз шуку. Халқ банкига ишониб пул қўяяпмизку. Халқнинг банкию бу, дейди сирдарëлик Валижон ака.

Мустақилликка душман бўлганлар Ўзбекистонни бошқармоқда

Шаҳрисабзлик 54 яшар Абдулла ака Ўзбекистонни бошқараëтганларнинг ҳаммаси 1991 йилдан олдин мустақиллик ғоясига қарши бўлишганини яхши эслайди.

- Қашқадарë вилояти, Шаҳрисабзданман. Умуман ўлик сиëсатда бизларда. Эркинлик йўқда. Эркинлик битта бўладику. Сўз эркинлиги дейди, намойиш эркинлиги, бошқа эркинлик дейди. Бизларда ўша нарса йўқда. Оддий қишлоқдан тортиб юқоригача йўқда.

Озодлик: Қашқадарëдаги оддий ўзбекка сиз айтган сўз эркинлиги, намойиш эркинлиги қанчалик зарур?

- Мен ўзимнинг қишлоғим миқëсида айтаëтганим йўқ. Эркинлик бўлгандан кейин, мисол учун ҳозир оч яшаяпман-а мустақилликнинг янги даврида. Эркинлик бўлгандан кейин муаммоларни кўтариб чиқади, бошқа нарсаларни кўтариб чиқади. Ўсиш бўладида қишлоқ хўжалигига ҳам, саноатга ҳам. Шундай тушунаманда. Ривожланиш йўқ демоқчиманда. Мустақилликнинг бошланишида мухолифат бор эди. Мустақиллик деган мухолифат эди. “Мустақиллик керак эмас, Россиясиз қандай яшаймиз” деган инсонлар ҳозир Ўзбекистонга ҳукмрон бўлиб қолди. Шундан хафаман. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Қўрқиб бўлганман, йўқотадиган нарсамни йўқотиб бўлганман. Йўқотадиган нарсанинг ўзи қолмаган. Мисол учун конституциядан ташқари гапираëтганим йўқ. Мен ваҳҳобийларга қаршиман, терроризмга қаршиман. Демократия тарафдориман.

Озодлик: Сизнинг назарингизда демократия Ўзбекистонда йўқ шунақами?

- Демократия Амир Темурдан олдин ҳам бўлмаган, кейин ҳам бўлмаган. Фақат Амир Темур даврида демократия бўлган. Демократияни бизлардан ўрганиши керак эди ҳозирги тараққий этган Европа давлатлари, Америка. Минг афсуски улардан ўрганиладиган демократияга ҳозир бизнинг сиëсатимиз қарши турибди. Миллийлик деймиз, бошқа деймиз, фақат ура-ура. Лекин амалда йўқ. Қоғозда бор, сўзда бор, амалда йўқ, дейди қашқадарëлик суҳбатдош Абдулла ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG