Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:23

Афғонистонда ЎИҲ етакчиси ўлдирилди


НАТО тарқатган хабарга кўра, Афғонистонда ўтказилган амалиёт натижасида кейинги ойлар давомида бу мамлакатда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолиятини бошқариб келган Маҳмуд Нусрат ўлдирилган.

Душанба куни ўтказилган амалиёт тафсилотлари ҳақида Озодлик радиосига НАТО етакчилигидаги Халқаро хзавфсизлик ёрдами кучларининг матбуот вакили капитан Жастин Брокофф гапириб берди.

- Афғонистон махсус хизматлари халқаро коалиция қўшинлари билан биргаликда душанба куни Фарёб вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчиси Маҳмуд Нусратни қўлга олиш бўйича амалиёт уюштирди. Операция пайтида жанггарилар афғон ва коалиция аскарларига қарата ўт очди, ўртада чиққан отишма натижасида Маҳмуд Нусрат ва яна бир неча ЎИҲ аъзоси ўлдирилди. Яна икки жанггари қўлга олиниб, қурол аслахалар, жумладан гранатамётлар, ракеталар, АК-47 автоматлари ва гранаталар ҳам мусодара қилинди, дея маълум қилди НАТО вакили.

Унинг айтишича, Маҳмуд Нусрат ЎИҲнинг Афғонистондаги энг нуфузли етакчиси бўлган. У кейинги саккиз ой давомида Афғонистоннинг шимолий минтақаларида ҳукумат ва коалиция қўшинларига қарши ҳужумлар уюштиришни бошқариб келган. Маҳмуд Нусрат шунингдек, Кобулда Афғонистон парламенти аъзосига суиқасд уюштиришни режалаштирган, деди яна капитан Брокофф.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг кўп йиллик ва нуфузли етакчиси Тоҳир Йўлдош 2009 йил августида АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган эди. Шунга қарамай, жанггари гуруҳининг, айниқса, кейинги икки-уч йил ичида Афғонистон шимолида фаол ҳаракат қилаётгани кузатилмоқда.

ЎИҲ сафларида қанча жанггариси борлиги аниқ бўлмаса-да, унда Ўзбекистондан ташқари, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳамда Россия, Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакат фуқаролари борлиги айтилади.

НАТО вакили капитан Боркоффнинг айтишича, Маҳмуд Нусратнинг йўқ қилиниши Афғонистондаги жанггари гуруҳлар салоҳиятига жиддий путур етказди, дейишга асос бўлади олади.

- Жанггари гуруҳларнинг бугунги салоҳияти қанчалик эканига оид аниқ маълумотларни хавфсизлик нуқтаи назаридан очиқлай олмаймиз. Лекин бу воқеа Афғонистонда жанггариларга қарши олиб борилаётган курашда муҳим аҳамият касб этади, дейди НАТО расмийси.

Ана шу маънода Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчисининг йўқ қилиниши, бундан ташқари, душанба кунги операция натижасида икки жанггарининг қўлга олиниши Афғонистон шимолидаги хавфсизлик вазиятини яхшилашга ҳисса қўшади, дея қўшимча қилади капитан Жастин Боркофф.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1990 йиллар охирларида Афғонистонга кўчиб ўтиб, Ал-Қойда билан яқин алоқалар ўрнатган. Бу гуруҳ Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё мамлакатларида жанггарилик фаолиятини олиб боради.
XS
SM
MD
LG