Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:11

Владимир Норов Франкфуртда тинтув қилинди


Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири ўринбосари Владимир Норов.
Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири ўринбосари Владимир Норов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Норовнинг дипломатик дахлсизликка қарамай 15 март куни Франкфурт аэропортида тинтув қилинганини 3 апрел куни немис полицияси тасдиқлади.

Немис полицияси сукутни бузди

Германия Федерал полицияси қошидаги Жамоатчилик ва матбуот билан алоқалар бўлими 15 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норовнинг Франкфурт аэропортида тинтилганини расман тасдиқлади.

Мазкур бўлим бошлиғи Иво Приебе (Ivo Priebe) имзолаган мактубга кўра¸ Владимир Имомович Норов 15 март куни Франкфурт-Майн шаҳридаги аэропортда тинтилган.

Германия Федерал полицияси бу юзадан изоҳ бериб қуйидагиларни маълум қилди.

“Дипломатлар авиақатновлар хавфсизлиги борасидаги текширувлардан автоматик озод қилинмайди. Бундай текширувлардан озод қилиниши учун элчихона¸ вазирлик ëки консуллик идорасидан мактуб лозим"¸ дейилади Озодликка берилган расмий изоҳда.

Федерал полициянинг маълум қилишича¸ 15 март куни Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасидан Владимир Норовнинг хавфсизлик текширувларидан озод қилиниши сўралган расмий мактуб олинмаган.

"Франкфурт аэропортидаги хавфсизлик ходимлари Владимир Норовни текширувдан ўтказганда¸ мавжуд қоидани бузишмаган"¸ деб таъкидланади Озодликка етиб келган мактуб сўнгида.

Норовнинг Франкфуртда тинтув қилингани хабари Тошкентдан сиздирилди

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири ўринбосари Владимир Норовнинг 15 март куни Франкфурт аэропортида тинтув қилингани ҳақида норасмий манбалар орқали маълумот тарқатилган эди.

28 март куни Ўзбекистон махсус хизматларига яқинлиги айтиладиган Uzmetronom.com Интернет газетаси “ўта ишончли манбаларга” таяниб, дипломатик дахлсизлик соҳиби бўлган Норовнинг Германияда тинтув қилингани хабарини сиздирди.

Бир кун ўтиб "Бирлик" партиясига оид “Ҳаракат” нашрида шу пайтгача номаълум бўлган Бахтиëр Сулаймонов деган муаллиф, Владимир Норовнинг Франкфурт аэропортида тинтув қилиниши тафсилотларини рус тилида эълон қилди.

Бу мақолаларда ëзилишича, Владимир Норов 15 март куни Франкфурт аэропорти орқали Брюсселга учиши лозим бўлган.

Норов Брюсселга Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича стратегияси миллий кординаторлари йиғилишига таклиф қилинган.

Брюсселга учадиган учоқ тарафга юраëтган пайтда Норовнинг олдига тўрт нафар фуқаро кийимидаги киши келиб, юклари тинтилиши ҳақида огоҳлантиришган.

“Ҳаракат” нашридаги мақолага кўра, Норов ва унинг юкларини тинтув қилган тўрт киши ҳужжат кўрсатишмаган, исм-шарифларини айтишмаган.

Хавфсизлик ходимлари¸ деб ишонилган бу тинтувчилар Норов кўрсатган дипломатик паспортни эътиборсиз қолдиришган.

Владимир Норовнинг юклари тинтилаëтган пайтда Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги ходими ҳам ҳозир бўлгани мақолаларда айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жим


Бу маълумотни текшириш учун Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасига телефон қилдик. Элчихона бу саволимизни эътиборсиз қолдирди.

Элчихона ходимига кўра¸ 15 март куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Аҳадов Испанияда бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу воқеа борасида матбуотга расман муносабат билдирмади.


Дипломатик қоидалари бузилдими?

1961 йил қабул қилинган дипломатик муносабатлар ҳақидаги Вена конвенциясининг 40-моддасига кўра, бир давлат ҳудудидан учинчи давлатга транзит тарзда ўтаëтган дипломатнинг ўзи ва юклари дахлсизлиги таъминланади.

Вена конвенцияси ГФР тарафидан ҳам имзоланган. Владимир Норовга оид дипломатик паспортда “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу дипломатик паспорт соҳибини ҳар қандай чекловларсиз ўтказишини барча маъсул органлардан сўрайди”, деган ëзув бор.

Германия Бундесполицияси дипломатик паспорт соҳибини тинтувдан озод қилиниши учун қўшимча сўров мактуби лозимлигини айтди. Вена конвенциясида ҳам бундай мактублар зарурати кўзда тутилган.

Бундесполицияга кўра¸ хавфсизлик текширувлари пайтида давлат раҳбари ëки Ташқи ишлар вазири мақомидаги амалдорининг истисно сифатида махсус сўров мактуби бўлмаган ҳолда ҳам¸ тинтилмасликка ҳаққи бор.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири мавқеидаги дипломатнинг тинтув қилиниши сиëсий жанжалга сабаб бўлиши мумкин бўлган воқеалардан саналади.

Аммо Норов фақат ўринбосар мақомида бўлгани боис бу истисно унга қўлланилмаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:12 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG