Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

Ўзбекистонда пенсияни компьютер “тўлайди”


1 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш “Пенсия” электрон дастури орқали амалга оширилиши айтилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг 30 март куни маҳаллий матбуотга маълум қилишича, мазкур дастур сўнгги олти ой ичида Тошкент шаҳри ва вилоятида синовдан ўтказилган.

Тошкентдаги пенсия жамғармаси бўлими ходимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, ушбу дастур пенсия ҳисоб-китобида хатоларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилаётганини маълум қилди.

– Республика бўйича пенсия ва ижтимоий нафақа оладиган 3 миллионга яқин аҳоли бор. Шунча одамга берилаётган нафақа ҳисоб-китобини қоғоз орқали юритиш жуда кўп меҳнат талаб қилади-да. Шунинг учун ҳам Интернет орқали ишлайдиган дастур яратилди. Энди ҳисоб-китоб анча-мунча осонлашади,– дейди пенсия бўлими мутахассиси.

Исмини ошкор қилишни истамаган иқтисодчи олим эса “Пенсия” электрон дастурини жорий этиш орқали пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлашда алдов ва қаллобликларни камайтириш кўзланаётганини тахмин қилади.

– Молия вазирлиги яқинда жуда катта миқдорда ортиқча тўланган маблағни аниқлади. Текширувларда кўплаб фуқаролар пенсия олишда ёлғон ҳужжатлар тақдим қилгани маълум бўлди. Ҳозир ортиқча тўланган пенсиялар одамлардан қайта ундириляпти. Менимча, янги дастур орқали шунга ўхшаш алдовларни камайтиришмоқчи,– дейди иқтисодчи олим.

Республика пенсия жамғармаси расмийси Маҳмуджон Зиёдуллаевга кўра, “Пенсия” дастури мамлакат бўйича пенсия ва нафақа олувчиларнинг ягона ахборот базасини яратишга хизмат қилади.

Озодлик билан суҳбатлашган иқтисодчи мазкур дастур тўловлар устидан яхшироқ назорат ўрнаитшга ёрдам беради, дейди.

– Пенсия ёшига етган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона ва яхлит ахборот базасига жамланганидан кейин, табиийки, назорат кучаяди. Жойлардаги пенсия бўлимлари фаолиятини кузатиш ҳам енгил кўчади,– дейди иқтисодчи.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси 2012 йил 1 январгача олиб борган суриштирувларга таяниб, республика пенсия жамғармаси ҳисобидан фуқароларга 150 миллиард 500 миллион сўм (қарийб 106 миллион АҚШ доллари) ортиқча тўланган, деган хулосага келган.

Жойлардан олинаётган хабарларга кўра, Назорат-тафтиш бош бошқармаси ортиқча тўланган пенсия бўйича текширувларни давом эттирмоқда.

2010 йилга қадар аҳолига пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинлаш ва бериш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан амалга ошириб келинган.

2010 йилдан ушбу ваколат Ўзбекистон Молия вазирлигига ўтказилди. Мамлакатда уч турдаги давлат пенсиялари (ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси) мавжуд.

Расмий маълумотларга кўра, республика бўйича 2,1 миллион нафардан ортиқ киши ёшга доир, 441,5 минг нафардан ортиқ киши ногиронлик пенсиясини олади. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар 183,7 минг, ижтимоий нафақа олувчилар 219,4 минг кишини ташкил этади.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, эркаклар ёши 60 ва иш стажи 25 йил бўлганда, аёллар эса ёши 55 ва иш стажи 20 йил бўлганда, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG